Дунё янгиликлари

Имом Термизий маркази ва Малайзия ислом цивилизацияси институти ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Жорий йилнинг 25-30 сентябрь кунлари Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Малайзия Ислом цивилизацияси институти директори Фариза Шам бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга амалий сафари ташкил қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Малайзия Ислом цивилизацияси институти (Ислам Ҳадҳари Институте) мамлакат Миллий университети қошида илмий-тадқиқот муассасаси сифатида 2007 йилда ташкил этилган. Муассаса ислом цивилизациясига оид Малайзиянинг етакчи илмий муассасаси ва ахборот-таҳлилий маркази ҳисобланади.

Республика Маънавият ва маърифат маркази таклифига биноан Малайзия делегацияси 28 сентябрь куни Абу Райҳон Берунийнинг 1050 йиллиги муносабати билан ўтказилган «Абу Райҳон Беруний илмий меросининг жаҳон фани ривожидаги ўрни»мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманда иштирок этди.

Фариза Шам ўзининг нутқида Беруний шахсияти ва фазилатлари, унинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси ҳақида сўзлар экан, «ҳар бир ёш авлод Берунийни ўзи учун ибрат деб билса, унинг инсоний хусусиятларига эргашса, унга ўхшашга интилса, ҳаётига янада мазмун киради ва катта ишларга қодир бўлади», дея таъкидлади.

Ташриф давомида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори вазифасини вақтинча бажарувчи Музаффархон Жониев билан учрашув ўтказилди.

Томонлар ўртасида Ҳамкорлик меморандум имзоланди. Тегишли келишувга жорий йил 16 июнь куни ўтказилган онлайн учрашув натижасида эришилган эди. Мазкур меморандум икки муассаса ўртасида Ўзбекистон заминида етишиб чиққан алломалар меросини ўрганиш, нодир манбаларни тадқиқ этиш, илмий ходимлар малакасини ошириш, конференция ва семинарлар ўтказиш каби йўналишларда амалий ҳамкорликни назарда тутади.

Шунингдек, сафар давомида Фариза Шамнинг Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва Тошкент давлат шарқшунослик университетида ташриф буюрувчи профессор сифатида очиқ дарс ва маърузалари ташкил қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази билан музокаралар ўтказилиб, келгуси режалар ва 2024 йилда Тошкент шаҳрида «Ислом цивилизациясининг буюк алломалари» мавзусидаги тўртинчи халқаро илмий-амалий семинарни уюштириш истиқболлари хусусида фикр алмашилди.

Read 864 times

Янгиликлар

Top