Дунё янгиликлари

Миллиард рубллик мадраса қурилади

Россия Федерациясининг Новосибир шаҳри Киров туманидаги “Мир” кўчасидаги масжид яқинида мадраса қуриш ишларига рухсат берилди. Ушбу таълим муассасаси Урал тоғлари ортидаги биринчи мусулмон таълим даргоҳи экани айтилмоқда.

Мадраса қурилиши учун 20 октябрда рухсат олинган ва бу рухсатнома 15 йил давомида кутилган воқе бўлгани қайд этилди. Таълим масканининг қурилиши исломий илм олишни мақсад қилган ёшларнинг бошқа юртларга кетишининг олдини олади.

Новосибир жомъе масжиди имом хатиби Салим Шокирниёзовнинг айтишича, Новосибирда мадраса қуриш орзуси 2000 йилларда юзага келган бўлиб, мақсадга эришиш учун қарийб 15 йил муддат кетди. Хабаров ҳамда Владивосток вилоятларининг ёшлари диний таълим олиш учун Қозонга узоқ масофани босиб боришларига тўғри келган.

Айтилишича, мадраса қурилишига қанча муддат кетиши аниқ эмас. Лойиҳа ҳаражатлари 1 миллиард Россия рубли миқдори экани айтилди.

Бундан ташқари, мадраса атрофида маърифий мажмуа ташкил этилади. Унда йирик конференц-зал, ресторан, ўқув хоналари ва ётоқхона қурилиши режалаштирилган.

Маълумот учун, 2015 йилда Россия ҳудудида 8 мингдан ортиқ масжидлар фаолият юритган бўлса, 80 дан ортиқ диний таълим муассасалари рўйхатга олинган. Россия Федерацияси аҳолисининг 8-12 фоизини (12-20 миллион атрофида) ислом динига эътиқод қилувчилар ташкил этади.

Read 5960 times

Янгиликлар

Top