Дунё янгиликлари

Марказий Осиё давлатларида чақалоқларга қўйилаётган энг машҳур исмлар

Фарзанд таваллуди — жуда қувончли воқеа. Шу билан бирга ўта масъулиятли ҳам. Дастлабки мураккаб палла чақалоққа исм танлашда юзага келади. Айрим ҳолларда ёш ота-она фарзандига исм қўйишни оиласидаги энг ҳурматли кексаларга (одатда, ота томондан бобосига) ишониб топширишади, айримлар эса қандайдир ёзилмаган қоидалар ва ирим-сиримларга мурожаат қилишади. Энг сўнгги модадаги исмлар ҳам борлигига нима дейсиз? «Очиқ Осиё онлайн» 2017 йилда Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда қайси исмлар кўпроқ қўйилганини аниқлашга ҳаракат қилиб кўрди.

Қирғизистон. Соф мусулмонча исмлар

«Очиқ Осиё онлайн» ҳамкори — kaktus.media’га бундай маълумотларни давлат қайд этиш хизмати берган. Уларнинг берган маълумотига кўра, ўғил болаларга қўйилган исмлар ичра энг машҳури Умар бўлган. Қирғизистонда 2017 йилда 2886 та чақалоққа шу исм қўйилган.

Ўғил болаларга қўйилувчи Умар исми араб тилидан таржима қилинса «ҳаёт» маъносини беради. Ислом оламидаги иккинчи халифанинг исми шундай бўлган.

Қиз болалар исми ичра энг машҳури Раяна бўлгани қайд этилган. 2017 йилда 1860 қизалоққа шу исм қўйилган.

Раяна исми ҳам арабча. Талқинларнинг бирига кўра у «тўлатилган, тўйинтириб суғорилган» маъносини беради.

2017 йилда жами 155 минг 36 чақалоқ туғилган. 2016 йилда уларнинг сони 159 минг 584 нафар бўлган. 2015 йилда энг машҳур исмлар Умар ва Ойбека (Айбийке) бўлган. Сўнгги ўн йил ичида энг машҳур исмлар Азамат, Александр, Нурбек, Нурлан ва Ойбек сингарилари бўлган. Қиз болалар исми ичра Ойнура (Айнура), Наргиза, Татьяна, Динара ва Аида кўпроқ учраган.

Қозоғистон. Урф ўзгармаяпти

Алихон ва Айзере (Ойзара) Остонадаги энг кўп қўйилган исмлар бўлган, деб хабар беради шаҳар ҳокимиятининг расмий сайти. 2017 йилда Айзере исми Қозоғистон пойтахтида 405 та чақалоққа қўйилган. Иккинчи ўринда Айлин — 354 марта. Учинчи ўринда Амина исми бормоқда — 353 марта. Ўтган йили Айару, Ойша, Раяна, Аяла, Каусар, Мадина, Дария каби исмлар ҳам кўп қўйилган. Дастлабки ўнликдан ташқарида Адия, Айсана, Инжу, Айим ва Тўмарис каби исмлар бор.

Ўғил болалар ичра энг машҳур исмлар учлигига Алихон, Амир ва Али кирган. Ўтган 12 ой ичида бу исмлар билан мос равишда 328, 255 ва 222 чақалоқ номланган. Булардан ташқари ўғилчаларга Ойсултон, Санжар, Олдиёр, Эрасил, Арлан, Арсен, Нурислом, Алан, Мансур, Рамазон, Мерос ва Алинур каби исмлар қўйилган.

Пойтахтда йил бўйи жами 34.087 та чақалоқ туғилган. Бу эса 2016 йилга нисбатан 2031 тага кўпдир.

Қозоғистон бўйича тўлиқ маълумотлар йўқ. Лекин ярим йиллик маълумотларга таянилса, бутун мамлакат бўйлаб аҳвол пойтахтдагига жуда ўхшаш: Айзере ва Алихон етакчилик қилмоқда. Айзере туғилган қизалоқларга қўйилаётган исмлар ичра етакчиликни қаторасига учинчи йилдирки бермаяпти.

Айзере — туркийча-форсча исм. «Ай» туркий тилларда «ой» дегани, «зер» эса форсча «зар» (олтин) маъносини беради. Кўчма маънода бу исмга «вафодор», «гўзал», «зийрак» маъносини юклашади.

Умуман олганда, учликда қизлар исми ичра Айзере, Айару ва Раяна, ўғил болаларнинг исмлари орасида Алихон, Ойсултон ва Нурислом етакчилик қилмоқда.

Алихон исми араб-турк тилларидан келиб чиққан бир бир неча таржимага эга. Талқинлардан бирига кўра, Алихон — «Худонинг шери» маъносини беради. Иккинчи талқинга кўра Али сўзига кўра ва турк ёки мўғулларнинг хон, подшоҳ, ҳукмдор титулларига биноан «буюк хон» ёки «илоҳий ҳукмдор» маъносини беради.

Ўзбекистон. Барчаси анъаналар доирасида

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги ўзининг Телеграм каналида мамлакатнинг 2017 йилдаги туғилишга оид фуқаролик ҳолатини қайд этиш бўйича маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, республикада 722.094 нафар чақалоқ туғилган. Бу бир йил аввалгига нисбатан 10.490 болага кам. Ўғил болалар қизалоқларга нисбатан кўпроқ туғилган.

2017 йилда қизалоқларга қўйилган исмлар ичра Мадина исми етакчилик қилган. Мамлакатда 5678 та қизалоққа шу исм қўйилган. Ўғил болалар ичра энг машҳур исм Азизбек бўлган — 5674 марта. Умуман, www.factorname.ru сайти маълумотларига кўра, Азиз исми (унинг Азизбек, Азизжон вариантлари) 17 ёшдан 25 ёшгача бўлган йигитларнинг машҳур исмлари йигирматалигига киради. Бироқ 25 ёшгача бўлган ўзбекистонлик ўғил болалар исми ичра энг машҳури Сардор исмидир. Россияликлар негадир ўзбекларда энг кўп тарқалган исм Рустам ёки Анвар деб ҳисоблашар экан.

Адлия вазирлиги туғилган чақалоқлар бўйича яна бир қизиқ маълумотни баён қилган. Ўтган йили Ўзбекистонда оғирлиги қарийб 10 килограм, аниқроғи 9870 грамм бўлган қизалоқ дунёга келган. Энг дароз чақалоқнинг бўйи 70 сантиметрни ташкил этган. Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида эса она ўзининг 9-фарзандини дунёга келтирган.

Тожикистон. Ҳеч қандай ўзбошимчаликсиз

Тожикистондаги машҳур исмлар ҳақидаги маълумот ошкор этилмайди. Лекин у ерда янги туғилаётган чақалоқларга қўйилиши лозим бўлган исмлардан иборат, қатъият билан тавсия этилаётган каталог бор. Унинг тузилиши ҳақида гап-сўзлар 2015 йилдан бошланган бўлса-да, у фақат ўтган йилга келиб чоп этилди. Илгарироқ, чақалоқларни миллий маданиятга хос бўлмаган исмлар билан аташни тақиқловчи қонун қабул қилинган. Тўпламга 3 мингдан зиёд исмлар киритилиб, уларнинг тожикча, русча ва инглизча ёзилиш вариантлари кўрсатиб ўтилган. Нашрнинг умумий тиражи 10 минг нусхани ташкил этган.

Лекин ота-оналар фарзандига тасдиқланган «Миллий исмлар реестри»дан танлашга мажбур эмас. Нима бўлганда ҳам, Тожикистон Республикаси президенти ҳузуридаги Миллий қонунчилик маркази директори Маҳмад Раҳимзода шундай деган, — деб ёзади Sputnik Тожикистон. Амалдор нафақат бундай ҳуқуқ мавжудлигини таъкидлаган, ўзи ҳам реесторига қарши борган. У неварасига Ашкиноз деб исм қўйган, бу исм «Миллий исмлар реестри»да йўқ. «Барча ота-оналар ўз фарзанди учун ўзлари чиройли ном танлашга ҳақли. Масалан, мен неварамга Ашкиноз деб исм қўйдим. Бу исм каталогда йўқ. Лекин мен махсус комиссияга хат билан мурожаат қилдим, улар менинг танловимни маъқуллашди», — деган Раҳимзода.

Мулозим ўз фарзандига ноодатий исмлар қўймоқчи бўлган янги туғилган чақалоқларнинг ота-оналарига ўз таклифлари билан махсус комиссияга мурожаат қилишни маслаҳат берган.

Манба: http://kun.uz

 

 

Read 5076 times

Янгиликлар

Top