Дунё янгиликлари

Александр ЛУКАШЕНКО: “Шавкат Мирзиёев жуда тажрибали, истеъдодли, ақлли ва узоқни кўра оладиган раҳбардир”

Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко мамлакатнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига Леонид Маринични тайинлаш вақтида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида ўз муносабатини билдириб ўтди.
Бу ҳақда "Халқ сўзи" “Белта” ахборот агентлигига таянган ҳолда хабар тарқатди.
“Биз Ўзбекистонга нисбатан, ҳақиқатан ҳам, тўғри ва самимий бўлишимиз керак, чунки у ерда Беларусни жуда ҳурмат қилишади. Доим ҳамкорликка тайёрмиз. Ўзбекистон биз учун устувор давлатдир”, дея алоҳида таъкидлаган Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко.
Беларусь етакчиси икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар Шавкат Мирзиёев Президентликка сайланганидан кейин фаол ривожланиб бораётганини қайд этди. Шу билан бирга, “Шавкат Мирзиёев жуда тажрибали, истеъдодли, ақлли ва узоқни кўра оладиган раҳбардир”, дея айтиб ўтган.
Ўз навбатида, Александр Лукашенко Шавкат Мирзиёев билан бир неча бор учрашганини билдириб, “У ўз мамлакатига қанчалик эзгуликлар истаётганини кўриб турибман. Шавкат Мирзиёев Беларусни яхши шерик деб билганлиги биз учун ҳам яхшилик белгисидир. Биз қисқа вақт ичида жуда кўп ишларни амалга оширдик. Шу боис менинг яқин истиқболда Ўзбекистонга қиладиган сафарим давомида муайян вақт ичида бажарилган ишлар сарҳисоби ва муносабатларимиздаги янги босқич хусусида фикр алмашамиз”, дея қайд этган.
Ўзбекистонда Беларусда ишлаб чиқарилаётган техникаларга эҳтиёж юқорилигини инобатга олиб, Лукашенко янги тайинланган элчига мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш вазифасини юклаган.
Маълумки, жорий йилда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлди. Шу муносабат билан январь ойида Ўзбекистон ва Беларусь Президентлари бир-бирларини қутлаб, мактуб йўллагандилар.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Read 2609 times

Янгиликлар

Top