Дунё янгиликлари

“Масжидул Жин” (Жин масжиди) ҳақида биласизми?

Ушбу масжид Макка шаҳридаги “Жаннат ал-Муалла” қабристони ёнида жойлашган бўлиб, “Масжидул Ҳарс” (Ҳимоячилар масжиди) ва “Масжидул Байет” (Садоқат масжиди) номлари билан ҳам аталади. Бу жойда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир гуруҳ жинларга Қуъонни тиловат қилиб берган эдилар. 

Ул зот бу ерга етганларида ўзларига ҳамроҳ бўлган Абдуллоҳ Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) олдиларига айлана чизиб, шу айланадан четга чиқмай туришни буюрадилар ва ўзлари эса жинларга Қуръон ўқиб, уларни исломга даъват этадилар. 1700 йилга келиб айнан ўша ерда масжид барпо этилади ва унга “Жинлар масжиди” дея ном берилади. Масжид 1943 йилда қайта тикланади ва 2000 йилда замонавий масжид барпо этилади. 

Жинлар инсон кўзига кўринмайдиган ғайбий нарса бўлиб, у ҳақиқатан мавжуд махлуқдир. Аллоҳ таоло ва Унинг пайғамбари хабар берган, аммо бизга кўринмайдиган нарсалар ғайбий саналиб, уларга имон келтириш исломий ақиданинг асоси ҳисобланади ва ҳар бир мусулмон бунга имон келтириши лозим. 

Жинларнинг мавжудлигига Қуръони каримда далиллар кўп: “Эй Муҳаммад, эсланг, Биз сизнинг олдингизга бир гуруҳ жинларни Қуръон тингласинлар, деб юборган эдик” (Аҳкоф сураси, 29-оят); 

“Эй жин ва инс жамоаси! Агар сизлар (Аллоҳнинг жазосидан қочиб) осмонлар ва ер чегарасидан ўтиб кетишга қодир бўлсангизлар, у ҳолда ўтиб кетаверинглар” (Ар-Раҳмон сураси, 33-оят); “Албатта инсдан бўлган (айрим) кишилар жиндан бўлган кимсалардан паноҳ тилашиб, уларга янада ҳаддан ошишини - муттаҳамликни зиёда қилур эдилар” (Жин сураси, 6-оят). 

Жинларнинг мавжудлиги ва уларнинг табиати ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммаддан (а.с.) ҳам бир неча ҳадислар ривоят қилинган. Имом Муслим ибн Масъуддан (р.а.) ушбу ҳадисни ривоят қиладилар: “Биз бир тун Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга эдик, у кишини йўқотиб қўйдик... Тонг отганда эса у зот Хиро томондан келдилар. Биз: “эй Расулуллоҳ, биз сизни йўқотиб қўйиб изладик, лекин топа олмадик ва энг ёмон тунимизни ўтказдик”, дедик. Шунда Расулуллоҳ: “Менга жинларнинг даъватчиси келди, у билан жинларнинг олдига бордик. Мен уларга Қуръон ўқидим”, дедилар”.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 8016 times

Янгиликлар

Top