Дунё янгиликлари

Ҳиротдаги Алишер Навоий зиёратгоҳи атрофида боғ барпо қилинди

Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси матбуот марказида бўлиб ўтган тадбирда Бобур номидаги халқаро фонд раиси Зокиржон Машрабов қўшни мамлакатда тинчлик ўрнатишнинг халқларимиз маданий яқинлигини таъминлашдаги аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди.

– Мамлакатимиз буюк аждодларимиз юрган йўллар бўйлаб ташкил этган илмий экспедициялар самарасида сўнгги йигирма йил давомида Афғонистон заминида йигирма маротаба бўлдим. Мустақилликнинг дастлабки йилларида Заҳириддин Муҳаммад Бубур номидаги халқаро фонд ташкил этилган эди. Ўтган давр мобайнида фонд экспедицияси Ўзбекистон заминида туғилиб, тақдир тақозосига кўра бошқа юртларда умргузаронлик қилган кўплаб буюк аждодларимизнинг қабр-мақбараларини излаб топиш, уларнинг фаолиятини ўрганиш бўйича кенг кўламли изланишлар олиб борди. Афғонистон ва Ҳиндистондан то Африка қитъасигача бўлган ҳудудларда тадқиқотлар олиб бордик. Бу ҳақда 27 фильм, 6 китоб ёзиб, халқимизга тақдим қилдик.

Афғонистон тупроғида Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Заҳириддин Бобур, Камолиддин Беҳзод каби кўплаб алломалар хоки мангу қўним топган. Уларнинг мақбаралари ҳароба аҳволга келиб қолган эди. Мамлакатимиз раҳбариятининг эътибори ва кўмаги туфайли ушбу аждодларимиз мақбараларини тиклаб, зиёратгоҳга айлантиришга муяссар бўлдик. Ушбу қадамжоларга юртимиз уста-ҳунармандлари ясаган сағаналар ўрнатилди, бинолари қимматбаҳо тошлар ва нақшлар билан зийнатланди. Ўзбекистондан 2 минг тупдан зиёд кўчат олиб борилиб, Алишер Навоий бобомиз зиёратгоҳи атрофида боғ барпо қилинди.

Ўзбекистоннинг буюк аждодларимиз хотираси тиклаш ва абадийлаштириш, уларнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш борасида амалга ошираётган бундай хайрли ишлари бутун оламга ибрат бўлаяпти. Ўз навбатида, Афғонистон ҳукумати ва халқи аждодлар хотирасига кўрсатаётган юксак эҳтироми учун мамлакатимизга миннатдорлик изҳор қилиб келмоқда.

2016 йили бўлган халқаро конференцияда Афғонистон Президенти Ашраф Ғани Ўзбекистоннинг олиб бораётган савоб ва эзгу ишлари учун мени Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот билан тақдирлаган эди. Буларнинг бари халқларимиз яқинлигига янада кенг йўл очишига ишончим комил.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Read 3017 times

Янгиликлар

Top