Дунё янгиликлари

“Мадина” музейи ҳақида биласизми?

Авваллари Мадина ва Дамашқ шаҳарларини 1320 км узунликдаги темирйўл боғлаганини биласизми? Уни 1900-йилдан бошлаб, 8 йил давомида барпо этишган.

Афсуски, 1921-йили Биринчи жаҳон уруши оқибатида бу йўл орқали қатнов тўхтатилган. Унинг “Ҳижоз” темирйўл вокзали эса йиллар ўтиб, 1998-йилда Ислом тарихи ва маданияти музейига айлантирилган. Мазкур музей Мадинаи мунавварадаги Масжид ан-Набавийдан бир километр узоқликдаги Анбария раёнида жойлашган.

 

 

Музейда 16 та зал бор. Уларда Мадинанинг Исломдан аввалги давр, Ислом даври ва Саудиянинг алоҳида даврларидаги маданияти ва ўтмиш мероси акс этган. Музейнинг энг қимматбаҳо ва нодир экспонатларидан бири бу Саъд ибн Абуваққос (розияллоҳу анҳу)нинг камонларидир. Ислом тарихидан маълумки, бу зот Набий алайҳиссаломнинг энг яхши камонкашларидан бири бўлган.

 

 

“Мадина” музейида Сосонийлар давлати, Византия Империяси ва турли вақтлардаги Ислом давлатлари даврларидаги қадимий шартномалар намойиш этилган алоҳида бўлим ҳам мавжуд. Бундан ташқари музейда ҳар хил исломий қўлёзмалар, турли дори-дармонлар, аёлларнинг гўзаллик буюмлари, сопол ва шиша идишлар, телефонлар мавжуд. Шу билан бирга, музей тошларга ажратилган алоҳида бўлими билан ҳам машҳур. Мадина аҳолиси ҳаётларининг ҳар бир соҳасида тошлардан фойдаланишган. Масалан, идишлар, ҳайкаллар ясашган, воқеа-ҳодисаларни ҳужжатлаштириш ва асарларни сақлаш учун ҳам тошлардан фойдаланишган.

Ҳа, бу ана шундай ажойиб музей. Агар Мадинага ташриф буюрсангиз, ушбу музейни ҳам зиёрат қилишни унутманг!

 

Манба: ziyo.uz

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3465 times

Янгиликлар

Top