Дунё янгиликлари

Ҳонгконг мусулмонлари улкан масжид қуришмоқда

Ҳонконгда масжид қурилиши ўн йиллардан бери ортга сурилмоқда, аммо шаҳарнинг мусулмон аҳолиси масжид яқин кунларда қурилишидан умидвор ҳолда пул йиғишни давом эттирмоқда. Бу ҳақда "nst.com.my" нашрига таянган ҳолда "info.islom" хабар берди.

Ҳонгконгдаги Бирлашган мусулмонлар уюшмасининг фахрий хазиначиси Нади Кастронинг сўзларига кўра, масжид қурилишига атаб ҳар куни хайр-эҳсон қилинмоқда ва уюшма қурилиш бошланиши учун барча саъи-ҳаракатларни амалга ошириб келмоқда. Айни пайтда 300 минг Ҳонконг доллари (38 200 АҚШ доллари) йиғилган. "Биз аста-секин бўлса-да керакли миқдордаги маблағни йиғамиз", дейди у.

Ассоциация бу йил 10 миллион Ҳонгконг долларини (1,27 миллион АҚШ доллари) йиғишни режалаштирмоқда. Мусулмон аҳолиси доимий ўсиб бораётган Шон-Шу ҳудудида масжид қурилиши учун шунча маблағ зарур, бу ерда мусулмон аҳоли сони тинмай ўсиши кузатилмоқда, бироқ ҳалигача ҳеч қандай масжид йўқ.

"Ҳонконгда мусулмонлар сони сезиларли даражада ошди, шунинг учун бизга ибодатларимизни жамоа бўлиб адо этадиган жой керак", дейди Кастро. "Ташкилотимиз фаолияти ижтимоий ёрдам кўрсатишга йўналтирилган. Бизда мактаблар, қариялар уйлари, Ҳонконгдаги мусулмонлар жамоаси узоқ вақтдан бери иштирок этиб келаётган хизматлар бор. Шунинг учун мазкур лойиҳа жуда муҳим. Бу нафақат масжид, балки ижтимоий марказ ҳам бўлади".

Гонконгда 250-300 минг нафар мусулмонлар истиқомат қилади. Уларнинг аксарияти Покистон, Ҳиндистон, Малайзия ва Индонезия каби мамлакатлардан келишган. Хитой мусулмонлари тахминан 40 минг кишини ташкил этади.

Ҳозирги вақтда Ҳонгконгда бешта доимий ва битта вақтинчалик масжид бор, шунингдек, шаҳар бўйлаб ўнлаб мадрасалар, исломий таълим марказлари мавжуд. Зарур биноларнинг етишмаслиги кўп мусулмонларнинг вақтинчалик масжидларда намоз ўқишларига сабаб бўлмоқда.

Шон-шу майдонида масжид қуриш ғояси 1990-йилларда пайдо бўлганди. 2006 йилда Ассоциация ҳукуматдан 9,8 миллион Ҳонконг доллари (1,24 миллион АҚШ доллари) қийматида баҳоланган ер участкасини сотиб олди ва 2011 йилгача лойиҳани якунлаши керак эди.

Аммо маблағ етишмаслиги ва уюшма ичидаги келишмовчиликлар сабабли масжид қурилиши ҳали ҳам бошланмаган. Шу билан бирга, маҳаллий расмийлар лойиҳани келишилган муддатда қурмаганлиги учун мусулмонлар уюшмасига катта жарималар солган.
Саудия Арабистони 2009 йилда масжид қурилиши учун пул ажратишни ваъда қилди. Бироқ тахминан икки йил аввал қироллик ҳукумати жаҳон бозорида нефть нархининг пасайиши ортидан лойиҳани қўллаб-қувватламаслигини айтди.

"2016 йилда улардан иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечираётганликлари ҳақида мактуб олдик", деди Кастро. "Биз улар билан музокаралар олиб боришга ҳаракат қилдик, лекин шу пайтгача бирон натижага эришилмади".

Бугунги кунда Ҳонгконгда бешта масжид фаолият юритади. Улар Ковлон масжиди, Чаиван масжиди, Жомия масжиди, Аммар масжиди ва Стенлей масжиди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2315 times

Янгиликлар

Top