Дунё янгиликлари

Президент Жефферсоннинг уйида бўлган ифторлик ҳақида

1805 йилда муборак Рамазон ойи декабр ойига тўғри келган. Бу ҳақдаги Наташа Фростнинг тарихий мавзудаги мухтасар мақоласи Islom.uz портали томонидан таржима қилинди.

Оила аъзолари, дўстлари ва она Ватанидан йироқда, Вашингтон Д.С.да бўлган тунислик дипломат мусофирликда рўза ибодатини сидқидилдан бажаришга саъй ҳаракат қилган. У олти ойлик муддатга АҚШга дипломатик миссия билан борган тунислик давлат арбоби Сиди Солиман Меллимелли эди.

Ўша пайтда муборак Рамазон ойида ўзга юртда мусофирликда рўза тутиш мусулмон киши учун анча машаққатли эди.

Тунислик дипломатнинг кун давомида овқат емай, сув ичмай рўза тутаётгани маҳаллий газета мухбирлари томонидан салбий маънода турлича шарҳланар эди.

АҚШнинг учинчи президенти Томас Жефферсон эса мусулмон дипломатнинг рўза ибодати хусусида буткул ўзгача фикрда эди.

Меҳмондўстлиги учун Коннектикет ва Вермонтдаги федералистлар томонидан танқид остига олинган президент Жефферсон мусулмон меҳмонга меҳрибонлик ва эҳтиром кўрсатиш мақсадида хатто зиёфат бошланадиган вақтни ортга сурди.

Бу билан АҚШнинг учинчи президенти ифторликка мезбон бўлган биринчи америкалик бўлди.

1805 йилнинг 7 декабр куни Жефферсоннинг котиби Меллимеллини соат 15:30га белгиланган президент зиёфатига таклиф қилиш учун унинг уйига борган пайтда тунислик дипломат намоз ўқиётган бўлган.

Сенатор Виллиам Пламмернинг ёзишича, тунислик дипломат декабр ойида қуёш ботмагунча сув ичиш ва таом истеъмол қилишдан ўзини тийиши кераклигини котибга тушунтирган.

Президект Жефферсон илтифот кўрсатиб зиёфатни 90 дақиқага кечиктириб 17:00га қуёш ботадиган пайтга белгилаган. (Замонавий ҳисоб-китобларга кўра, 1805 йил 7 декабр куни Вашингтонда қуёш соат 17дан илгарироқ ботган.)

Ўша куни Меллимелли зиёфатга бироз кечикиб келган. Афтидан, у бошқа меҳмонлар билан бирга ўтириб ифторлик қилишидан олдин уйида шом намозини ўқиб кейин зиёфатга борган.
Овқат тановул қилинганидан сўнг мезбон ва меҳмон таржимон орқали суҳбатлашган.

АҚШ президенти Томас Жефферсоннинг уйидаги зиёфат Меллимелли ўрганган одатдаги рўза ифторлигидан фарқ қилар эди. Чунки АҚШ президентининг зиёфат дастурхонида Меллимеллига таниш бўлган Тунис ширинликлари ва таомлари йўқ эди.

Шунга қарамай, тунислик дипломат шарафига Томас Жефферсоннинг уйида ифторлик зиёфати уюштирилиши АҚШ президенти ва унинг атрофидагилар Меллимелли эътиқод қилган Ислом динини қанчалар ҳурмат қилгани ва қадрлаганининг ёрқин ифодасидир.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3610 times

Янгиликлар

Top