Дунё янгиликлари

Япония ҳалол маҳсулотларга жиддий эътибор қаратмоқда

Кун чиқар мамлакат ҳисобланган Япония мусулмонлар билан нафақат маданий, балки иқтисодий соҳада ҳам ҳамкорликни йўлга қўйишга интилмоқда. Хусусан, япон озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи ширкатларининг ҳалол маҳсулотларини Токио, Осака, Киото каби йирик шаҳарлардаги дўкон пештахталарида учратишингиз мумкин. Қолаверса, япон тадбиркорлари ўз маҳсулотларини жахон ҳалол бозорига олиб чиқишни ҳам режалаштиришмоқда.

Шу билан бир қаторда, япон дизайнер ва модельерлари Ислом аҳкомларига мос келадиган либослар тўпламларини мусулмон жамоаси эътиборига ҳавола этиб, Индонезия, Малайзия, Сингапур, АҚШ ва Буюк Британияда ўтказилган кўргазмаларда муваффақиятли намойиш этишган. Бу ҳақда islamosfera.ru сайти хабар берди.

Бир сўз билан айтганда, мамлакат аҳолисининг бор йўғи 0.0008 фоизи (100 минг киши) ни ташкил қилувчи мусулмонларга ҳамда бу ерга келувчи кўп сонли мусулмон сайёҳлар учун таомланиш ва либослар танлаш борасида Японияда талайгина имкониятлар мавжуд.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 2787 times

Янгиликлар

Top