Дунё янгиликлари

Машҳур қорилар ҳаётидан

Аҳмад Али ал-Ажмий Саудия Арабистонининг шарқидаги Хубар ҳудудида таваллуд топган машҳур қорилардан биридир.

Асл исми Аҳмад бин Али бин Муҳаммад бин Сулаймон ал-Ажмий бўлиб, у 1968 йилнинг 24 февралида таваллуд топди. Машҳур Қуръон ҳофизи Аҳмад ал-Ажмий Хубарнинг жанубидаги Муҳаммадия мадрасасининг бошланғич босқичини тугатгач, ўрта махсус таълимни Зубайр бин Аввом (р.а) номли мактабда давом эттирди. Сўнгра у “Имом Муҳаммад ибн Сауд” дорулфунунининг ислом фиқҳи факультетини тамомлагач, Покистонга борди. Покистоннинг Лоҳур шаҳрида “Қуръони каримнинг тафсири ва таҳлили” соҳасида магистратура, кейин эса докторлик диссертацияларини ҳимоя қилди.
Аҳмад Али ал-Ажмий биринчи марта 1984 (хижрий 1404) йили Муғийра ибн Шўъба (р.а) масжидида имомликка ўтган. Кейин эса 1985 йили ўз шаҳри бўлмиш Хубардаги марказий жоме масжидда имомлик қилди.

1992 йили эса Хубардаги “ал-Амир Муҳаммад бин Фатҳ” масжидига, кейин эса “Райён” масжидига имом-хатиб этиб тайинланди.

Ҳозирда у Жидда шаҳридаги жоме масжидларнинг бирида имомлик вазифасида фаолият юритиб келмоқда.

Аҳмад ал-Ажмий томонидан кўплаб Қуръон тиловатлари ёзиб олинган. Бундан ташқари, машҳур Қуръон ҳофизи радио ва телеканалларда ҳам Қуръон тиловати билан чиқишлар қилиб келмоқда.

Шунингдек, у кўплаб маъруза ва теледастурларни ҳам олиб боради. Уларда Ислом динига оид бўлган муҳим мавзулар ёритилиб борилади.

Аҳмад ал-Ажмий чиройли нашидлари билан ҳам кўпчиликка танилган. У оилали, 6 фарзанднинг отаси. Фарзандлари: Абдуллоҳ, Умар, Фотима, Maрям, Мувдий ва Абдурроҳман.

Айни дамда машҳур Қуръон ҳофизи Аҳмад ал-Ажмий ўз оиласи билан Саудия Арабистони ҳудудида, Хубар шаҳри яқинидаги “ал-Уркобия” шаҳарчасида истиқомат қилади.

Интернет материаллари асосида
И.Аҳмедов тайёрлади

Read 2868 times

Янгиликлар

Top