Дунё янгиликлари

Муфтий ҳазратнинг халқаро форумдаги чиқишлари

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бугун, 19 июнь куни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида “Қозоғистон – Ўзбекистон: диний алоқаларининг янги босқичи” мавзусидаги халқаро форумда ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

Форумда сўзга чиққан муфтий ҳазратлари икки мамлакат ўртасидаги азалий дўстона алоқалар бугунги кунда ҳам изчил давом этаётгани, бу хайрли ишларда икки мамлакат раҳбарларининг ўзлари жонбозлик кўрсатаётгани қувонарли эканини таъкидладилар. Шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ислом дини ривожи, алломларимизнинг бебаҳо асарларини ўрганиш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтдилар.

Қуйида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг “Қозоғистон – Ўзбекистон: диний алоқаларининг янги босқичи” мавзусидаги халқаро форумда сўзлаган нутқларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

ЎМИ Матбуот хизмати


 

 

ИККИ ҚАРДОШ ХАЛҚ ҲАМКОРЛИГИ

 

Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раиси, муфтий

 

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله الذي هدانا لهذا و ما كنا لنهتدي لو لا أن هدانا الله و الصلاة و السلام على رسوله الأمين و على آله و أصحابه الأجمعين أما بعد...

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу!

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

 

Ўзбек ва қозоқ халқлари азалдан яхши қўшни, дўст бўлиб яшаб келган. Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ана шу тамойиллар асосида жадал ривожланмоқда. Бугун биз, Ўзбекистон вакиллари, Сиз қозоқ биродарларимизга ўзбек халқининг самимий саломларини етказишдан ғоят мамнунмиз.

Мана шундай муҳташам кошонада сиз азиз, қадрдонлар билан “Қозоғистон – Ўзбекистон: диний алоқаларининг янги босқичи” мавзусидаги халқаро форумда кўришиб турганимдан чексиз мамнунман. Ушбу Форум Қозоғистонда 2018 йилни “Ўзбекистон йили” деб эълон қилиниши доирасида ўтказилаётгани бизга катта қувонч бағишлади.

Халқларимиз асрлар давомида ёнма-ён, тинч-тотув ҳаёт кечириб келмоқда. Биз азалдан бир заминда яшаймиз, бир дарёдан сув ичамиз. Оғир пайтларда ота-боболаримиз бир-бирига ёрдам қўлини чўзган, ҳол-аҳвол сўраган, ширин сўзини аямаган.

Қозоқ халқини бирлаштирган уч буюк бийдан бири – Тўлабий номи чиндан ўз халқи ва ватанига садоқат рамзи бўлиб қолган. Тўлабийнинг мангу қўним топган жойи бизнинг заминда экани халқларимиз ўртасидаги абадий дўстлик ифодасидир.

Улуғ мутасаввиф инсон Хожа Аҳмад Яссавийнинг фаолияти донолик мезони бўлиб, Ўрта Осиёдаги халқларни бирлаштириб, жипслаштиргани ҳаммамизга маълум. Аҳмад Яссавийнинг шогирди, “Яссавия” тариқати давомчиси Чимир ота исмли авлиё ҳам аксар умрини Тошкентда ўтказган ва вафот этгандан кейин шу ердаги қабристонга дафн этилган. Шунинг учун ушбу қабристон Чимир ота номи билан аталади. Ушбу қабристон ёнида “Чимир ота” жоме масжиди ва мақбараси барпо этилган. Ҳар йили май ойининг биринчи шанба куни Чимир ота хотирасини ёд этиш ва мақбарасини зиёрат қилиш учун қозоғистонлик меҳмонлар ва маҳаллий кишилар келишади. Унда ўзбек-қозоқ халқлари ота-боболари бир-бирига азалдан қардош экани, шу кунларда ҳам дўсту биродар бўлиб яшаб келаётгани таъкидлашади.

Қозоқ биродарлар айтгандек, “ўзбегим – ўз оғам” бўлса, ўзбеклар айтгандек, “қозоқ йўлдошинг бўлса, йўлдан адашмайсан” деган ибораларда жуда катта ҳикмат бор.

Марказий Осиё халқларини буюк мақсадлар йўлида, келажак йўлида бирлаштиришда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев билан жуда кўп ишлар амалга оширишмоқда.

Ҳозирги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро муносабатлар янги босқичга кўтарилмоқда. Мамлакатларимиз диний идоралари билан алоқалар кенг йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш керак. Минтақадаги мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш ва шаръий эҳтиёжларини қондириш йўлида яхши натижаларга эришилмоқда. Масалан, ўтган Рамазон ойи ва ҳайитининг биринчи кунини белгилашда Ўзбекистон, Қозоғистон мусулмонлари идоралари уламолари билан кенгашиб, якунда бир тўхтамга келингани ўзаро ҳамкорликнинг жуда катта ижобий самараси бўлди.

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари, мана шундай хайрли ишларда барчамиз ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб ёндошсак, олдимизга қўйилган мақсадларимизга эришамиз, иншоаллоҳ.

Аллоҳ таборака ва таоло Каломи шарифида:

وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ

Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!..”, деб марҳамат қилганини доимо ёдда сақлашимиз лозим. 

Муҳтарам йиғилиш қатнашчилари!

Ўзбекистонда диний соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича бир қатор ислоҳотлар, ижроотлар амалга оширилмоқда. Бир вақтлар хаёл қилиш ҳам қийин бўлган ишлар бугун кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда. Ўтган ярим йил мобайнида жуда ҳам катта ишлар қилинди, айримларини келтириб ўтамиз:

  • жорий йил аввалида муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ўтказилган Қуръони карим тиловати мусобақаси мўмин мусулмонларимизга жуда ҳам катта қувончу шодликларни олиб келди, диёримизга эса улкан файзу барака бахш этди;
  • шу йил 16 апрель куни муҳтарам Президентимизнинг диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги тарихий фармонлари эълон қилинди. Ушбу Фармон билан халқаро ислом академияси, “Вақф” хайрия жамоат фонди, Ҳадис илми мактаби ташкил этилди ҳамда диний соҳа ходимларига бир қатор имтиёзлар берилди;
  • Мазкур Фармонга асосан, фуқароларнинг Қуръони карим ва тажвид илмини ўрганишга бўлган қизиқишларини қондириш мақсадида, 10 июндан бошлаб диний таълим муассасалари ва илмий мактабларда “Қуръони карим ва тажвид” бўйича ўқув курслари ташкил этилди;
  • Фармоннинг 8-бандида “Вақф” фонди ташкил этилгани алоҳида қайд этилиб, унинг вазифалари белгилаб берилди. Фондга тушган маблағлар масжидлар ва диний таълим муассасаларини таъмирлаш, ўқитувчи ва талабаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга моддий ёрдам бериш каби савобли ишларга сарфланмоқда.
  • шу йил 31 майдаги ҳукуматимиз қарори билан диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш низоми тасдиқланди. Унга кўра, бир қатор имтиёз ва енгилликлар берилди. Жумладан, диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун тўланадиган давлат божлари миқдори 10 барваргача қисқартирилди, тақдим этиладиган ҳужжатлар ва ҳисоботлар сони камайтирилди;
  • мамлакатимизда янги очилаётган масжидларни алоҳида қайд этиш керак. Ўтган ярим йил давомида 13 та жоме масжид давлат рўйхатидан ўтиб, ўз иш фаолиятини бошлади. Биргина Сурхондарё вилоятининг ўзида 7 та янги жоме масжид ишга тушди;
  • Рамазон ойи диёримизда жуда ҳам файзли, қут-баракали кечганига ҳаммамиз гувоҳ бўлдик. Икки мингдан ортиқ масжидларда таровеҳ намозлари, мингдан зиёд жомеларда Қуръон хатмлари адо этилди. Қори йигитларимиз АҚШ, Россия, Украина давлатларидаги Рамазон ойи тадбирларида қатнашиб келишди. Бир нафар уламоимиз Россиянинг Ставрапол ўлкасида айни кунларда ҳам хизмат фаолиятини давом эттирмоқда;
  • яна бир хурсандчилик, муҳтарам Президентимиз бошчилик-ларида Рамазон ҳайити куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига тамал тоши қўйилди. Давлатимиз раҳбари тадбирга йиғилган уламолар ва барча юртдошларимизни Рамазон ҳайити билан табриклаб, марказ қурилишининг шундай улуғ айём кунида бошланаётгани замирида эзгу ният, чуқур мазмун-моҳияти борлигини изоҳладилар.

Мана шундай хайрли ишлар Қозоғистон давлатида ҳам бўлаётганидан хабаримиз бор. Бунинг учун барчамиз эртаю кеч, туну кун Парвардигорга шукрона келтиришимиз ва астойдил, ихлос билан меҳнат қилишимиз керак бўлади. Зеро, Қуръони азиймуш-шаънда қуйидагича марҳамат қилинади:

رَبِّ أَوْزِعْنِي أَنْ أَشْكُرَ نِعْمَتَكَ الَّتِي أَنْعَمْتَ عَلَيَّ وَعَلَى وَالِدَيَّ وَأَنْ أَعْمَلَ صَالِحًا تَرْضَاهُ وَأَدْخِلْنِي بِرَحْمَتِكَ فِي عِبَادِكَ الصَّالِحِينَ

“Эй, Раббим! Менга ва ота-онамга инъом этган неъматингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган яхши амалларнигина қилишга мени муваффақ этгин ва мени Ўз фазлинг билан солиҳ бандаларинг қаторига киритгин!” (Намл, 19). 

Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси сиз-азизлар билан ҳамкорлик муносабатларини янада жадал давом эттиришга тайёр эканини билдирган ҳолда “Қозоғистон – Ўзбекистон: диний алоқаларининг янги босқичи” мавзусидаги халқаро форум ишига муваффақиятлар тилайман.

Вассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Read 2793 times

Янгиликлар

Top