muslim.uz
Халқаро анжуман онлайн узатилади
17-22 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон – Озарбайжон мисолида” мавзуида бўлиб ўтадиган халқаро илмий-амалий конференцияда Озарбайжон, Россия, Буюк Британия, Германия, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардан вакиллар иштирок этиши кўзда тутилган.
Бугун меҳмонлар Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига келиб қўнишади. Меҳмонлар олти кун давомида Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб, у ердаги диққатга сазовор жойларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахборот хизмати олти кун давом этадиган ушбу халқаро анжуман доирасидаги тадбир ва зиёратларни muslim.uz портали, телеграмдаги @muslimuzportali канали ва фейсбукдаги https://www.facebook.com/muslimuzportal канали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатишни режалаштирган.
Шунингдек, халқаро анжуманга ташриф буюрган уламолар, олимлар, экспертлар ва хорижлик соҳа мутахассисларининг маърузалари ҳамда фикрлари батафсил ёритиб борилади.
Бизни кузатишда давом этинг!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Рамзан Қодиров Имом Бухорий қабрини зиёрат қилди
2017 йил 17 октябрь куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Чеченистон Республикаси раҳбари Рамзан Қодиров Самарқандга ташриф буюрди. Ташриф марҳум Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилиш билан бошланди. Қабр олдида таомилга кўра, Қуръони карим тиловат қилинди.
Мартабали меҳмон марҳум юртбошимиз Ислом Каримов дафн этилган ҳудудда барпо этилаётган ёдгорлик мажмуаси билан яқиндан танишди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмалари асосида такомиллаштирилаётган мажмуада олиб борилаётган ишлар Чеченистон раҳбарида катта таассурот қолдирди.
Рамзан Қодиров Имом Бухорий мажмуасига ташрифи асносида Имом Бухорий ҳазратларининг қабрини зиёрат этар экан, у кишига бўлган юксак эҳтиромини изҳор этди. Бобокалонимизнинг қабрлари пойида Қуръони карим оятларидан ўқилиб, дуо қилинди. Меҳмон мажмуа тарихи билан танишиб, дунё аҳли тан олган буюк имомга кўрсатилаётган давлат даражасидаги эътиборни юксак баҳолади.
Мажмуа ёнидан бунёд этилаётган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази аждодларимизнинг бой маънавий мероси нафақат юртимизда, бутун ислом оламида кенг ўрганилиши катта имконият бериши эътироф этилди.
Меҳмонлар ташриф давомида “Хўжа Дониёр” зиёратгоҳи, буюк саҳоба Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳу мангу қўним топган “Шоҳи Зинда” мажмуаси ва “Регистон” ансамблини ҳам зиёрат қилишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
Рамзан Қодиров “Ҳазрати Имом” мажмуасига ташриф буюрди
2017 йил 16 октябрь куни Чеченистон Республикаси Президенти Рамзан Қодиров Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” мажмуасига ташриф буюрди. Мартабали меҳмон дастлаб “Ҳазрати Имом” жоме масжидида пешин намозини адо этди. Шундан сўнг, “Мўйи муборак” музей кутубхонасида сақланаётган “Усмон Мусҳафи”ни зиёрат қилди.
Рамзан Қодиров мажмуага ташрифи давомида отаси, Чеченистон Республикаси биринчи Президенти Аҳмад Қодиров таълим олган Тошкент ислом институтига ташриф буюриб, отасининг курсдошлари, институт ўқитувчилари ва талабалари билан учрашди. Ташриф якунида меҳмон “Қаффоли Шоший” мақбарасини зиёрат қилди.
Ташриф тафсилотларини кейин батафсил ёритамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев “Паҳлавон Маҳмуд” мақбарасини зиёрат қилди
Хива шаҳридаги «Ичан-қалъа» музей қўриқхонаси ҳудудидаги «Паҳлавон Маҳмуд» мажмуасида таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилмоқда.
Президентимиз мазкур мажмуада олиб борилаётган ишлар билан танишиш мақсадида ушбу ҳудудда бўлди. Қуръон тиловат қилинди.
Илгари бу жойлар ташландиқ масканга айланиб қолган эди. Бу ерлар инсонга руҳий қувват беради. Буни келаётган зиёратчиларнинг кўплигидан ҳам билса бўлади, деди Президентимиз.
Мазкур мажмуага кунига ўртача 400 га яқин зиёратчи келади. Таъмирлаш ва қурилиш ишларини жорий йил охирида якунига етказиш кўзда тутилган.
Таъмирлашда барча жиҳатлар эътиборга олинган. Ҳаво ҳароратининг мўътадиллигини таъминловчи замонавий тизимлар ўрнатилган.
Президентимиз бу ерда зиёратчилар учун қўшимча қўлайликлар яратиш бўйича кўрсатмалар берди.
Давлатимиз раҳбари Шерғозихон мадрасасини кўздан кечирди. Бу масканда таълим олган алломалар шарафига ташкил қилинган музей фаолияти билан танишди.
Шайхул ислом ўқиган мадрасага ташриф
Аввал хабар қилинган, 2017 йил 18 октябрь куни Озарбайжон давлати билан ҳамкорликда ташкил этилаётган “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” номли халқаро анжуманга тайёргарлик кўриш доирасида шу ҳафта аввалида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов Бухоро шаҳрига ташриф буюришди. Ушбу халқаро анжуман муносабати билан Ўзбекистон Республикаси, жумладан, Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасасига юқори мартабали меҳмонлар ва Кавказ мусулмонлари идораси раҳбарияти ташрифи кутилаётгани муносабати билан жойлардаги тайёргарлик ишлари кўздан кечирилди.
Муфтий ҳазратлари мадраса ўқув биноси ва таълим жараёни билан яқиндан танишдилар. Мир Араб мадрасасида олиб борилаётган тайёргарлик ишлари, таъмир жараёни ва ўқув хоналарини жиҳозлаш бўйича бажарилган ишлар кўздан кечирилди. Ўз навбатида синф хоналарнинг жиҳозланиши бўйича тавсиялар берилди. Шунингдек, билим юртининг фахрий битирувчилари таҳсил олган синф хоналар, хусусан, Чеченистон Республикасининг биринчи Президенти Аҳмад Қодиров ва Шайхул ислом Оллоҳшукур Пошшозоданинг ушбу мадрасада таҳсил олган хоналари ҳолати билан яқиндан танишилди.
Меҳмонлар Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳида ҳам бўлиб, у ерда янги ташкил этилган Мир Араб олий мадрасасидаги талабларнинг ўқув жараёни ва ётоқхонадаги шароитлар билан яқиндан танишишди. Муфтий ҳазратлари билим юртидаги шарт-шароитларни янада яхшилаш борасидаги таклиф ва мулоҳазаларини билдираркан, ахборот ресурс маркази ва компьютер технологияларидан самарали фойдаланиш, кутубхона фондини янада бойитиш, талабалар чет тилларини, хусусан, инглиз ва араб тилларини чуқур ўзлаштириш зарурлигига алоҳида урғу қаратдилар.
Меҳмонларга Бухоро вилояти ҳокими Ў. Барноев хамроҳлик қилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати