www.muslimuz

www.muslimuz

Руқайя розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Зайнаб розияллоҳу анҳодан кейин дунёга келган қизларидир. У ҳам ота-онасининг кўз қорачиғи эди. Руқайя розияллоҳу анҳо ва Умму Гулсум розияллоҳу анҳо икковлари худди эгизаклардек улғаядилар. Бир-бирларини жуда яхши кўрардилар. Бу меҳр опалари Зайнаб розияллоҳу анҳо узатилганидан сўнг янада кучайди. Гўё тақдир уларнинг ҳаётини муштарак бир йўлга чизгандек бир-бирларига қаттиқ боғланиб қолган эдилар. Зайнаб розияллоҳу анҳо Абул Ос ибн Робиъ билан турмуш қурганидан сўнг Руқайя ва Умму Гулсум розияллоҳу анҳоларнинг ҳам бўйлари етиб қолди. Абу Толиб уларни биродари Абу Лаҳабнинг ўғиллари Утба ва Утайбага сўраб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга шундай жавоб бердилар: — Эй амаки, қариндошчиликни сийлайман, бироқ менга бироз муҳлат беринг. Бу масала юзасидан қизларим билан гаплашай. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хонадон аҳлига Абу Толибнинг мақсади ҳақида гап очдилар, Ҳадича розияллоҳу анҳо онамиз ва қизларига аҳволни тушунтирдилар. Ҳазрати Ҳадича розияллоҳу анҳо бу гапларни эшитиб ўйга чўмдилар. Чунки, Абу Лаҳабнинг хотини Умму Жамил қаҳри қаттиқ, тили аччиқ ва ўйламай иш қиладиган хотин эканини билар эдилар. Шунинг учун қизларининг бу хонадонга келин бўлишларини хоҳламай турардилар. Бироқ раъйларини қайтармаслик учун индамадилар. Қизлари ҳам буни ҳис қилиб жим ўтирардилар. Шундай тарзда, қатьий қарор қабул қилинди. Шафқатли ота қизларига барокат тилади. Уларни азиз ва жамил бўлган Аллоҳнинг паноҳига топширди.

Кунларнинг бирида Макка осмонида бир нур кўринди ва Маккани ойдинлатиб, қоронғуликни тарқатиб юборди.                                              Бу нур Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарлик нури эди. Ҳазрати Ҳадича розияллоҳу анҳо қизлари Руқайя ва Умму Гулсум розияллоҳу анҳоларни ўйлар эди. Умму Жамил ва унинг сўзидан ҳеч чиқмайдиган Абу Лаҳаб хонадонида қизларининг ҳоли не кечади? Қурайшийлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам хусусида аниқ бир тўхтамга келиш учун тўпландилар. Ораларидан бири:

— Сиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ишига халақит бермоқчимисиз? У ҳолда қизларини қайтариб юборинглар, у қизлари билан овора бўлиб қолади, - деди.

Абу Лаҳаб, Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари билан оила қурган ўғилларига:

— Агар, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қизларини қўймасангиз, бошим бошингизга ҳаром бўлсин, - деди. Икки қиз ҳам оталик уйларига қайтиб келдилар. Умму Жамил ва Абу Лаҳаб бу ишлари билан чекланиб қолмади. Набий алайҳиссаломга доимий равишда азият етказавердилар. Аммо, Аллоҳ таоло суюкли пайғамбари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга азият етказган бу икки бадбахтни жазолабгина қолмай, Қуръони каримда уларнинг қисматлари ҳақида сўз юритувчи “Масад” сурасини нозил қилди.

Суранинг таржима маъноси: “1. Абу Лаҳабнинг қўллари қуригай – ҳалок бўлгай! (Аниқки) у қуриди – ҳалок бўлди. 2. Мол-мулки ва касб қилиб топган нарсалари унга асқотгани йўқ! 3-4-5. Яқинда у ва унинг ўтин орқалаган, бўйнида пишиқ толадан эшилган арқон бўлган хотини (ловуллаб турган) алангали дўзахга киражак!”

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам самимий ва вафодор завжасига: “Энди бизга уйқу йўқ, эй Ҳадича...” дедилар. Руқайя ва Умму Гулсум розияллоҳу анҳо уйларидаги муҳит ўзгариб қолганини сездилар. Уйда хурсандчиликдан асар ҳам қолмагандай, ғам-қайғу буткул ҳукмрондек кўринар эди. Бироқ опа-сингил ота-оналари билан бирга бу қийинчиликларга бардош бердилар. Қурайшийларнинг тахмини бекор бўлди, севинчлари узоққа бормади. Улар ўйлаганидек, қизларининг уйга қайтиб келиши билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюк вазифаларини адо этишдан тўхтаб қолмадилар. Аллоҳ таоло солиҳ, асл бир оилага мансуб, бой ва юмшоқ табиатли куёв берди. Бу киши Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу насаб, мавқе ва бойликда Қурайшнинг энг олди кишиларидан эди.      

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Руқайя розияллоҳу анҳони Усмон розияллоҳу анҳуга никоҳладилар ва уларга баракот тилаб, Аллоҳ таолога дуо қилдилар. Қурайш мушрикларининг мусулмонларга азиятлари янада ортди. Уларга жуда ёмон муносабатда бўла бошладилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитнага дучор бўлишмасин деб саҳобаларнинг Ҳабашистонга ҳижрат қилишларига изн бердилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу билан завжаси Руқайя розияллоҳу анҳо ҳам йўл ҳозирлигини кўра бошладилар. Руқайя розияллоҳу анҳонинг кўзлари ёш, қалби ғам-алам билан тўла эди. Айрилиқ олдидан отасини, онасини ва қариндошларини бир-бир қучоқлади. Айтмоқчи бўлган гапларини айтолмай, сўзлари бўғзига тиқилди. Унинг бутун ҳолати гўё: “Оиладан, ватандан айрилиш жуда оғир. Руҳ билан тананинг ажралишига ўхшайди. Аллоҳ бу ишимиздан рози бўлсин. Ишончимиз йўлида жонимиз фидо бўлсин”, дегандек эди. Усмон розияллоҳу анҳу ҳам жуда хафа эдилар. Сабрли мўмина Руқайя розияллоҳу анҳо унга юзланиб, таскин бериш учун:

– Аллоҳ таоло биз билан ва Шу муборак Байтнинг атрофидаги тупроғимизда қолаётган кишилар билан биргадир, — деди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг қайғуси тарқалди. Ҳабашистон томон йўлга тушдилар.

Давоми бор...

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

الأربعاء, 03 تموز/يوليو 2019 00:00

Ёлғон дўзахга етаклайди

 Сўнгги вақтларда Интернетдаги ижтимоий тармоқларда шахсий манфаатлари йўлида ўзга шахслар номидан саҳифа ёки профил очиб, сохта маълумотларни тарқатиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Жумладан, шу кунларда “Facebook” ижтимоий тармоғида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов номидан профил очилган. Ушбу профил эгаси Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси номидан турли ғараз мақсадларга хизмат қилувчи материалларни чоп этган.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги вақтда муфтий Усмонхон Алимовнинг ҳеч қайси ижтимоий тармоқларда расмий очилган саҳифаси ёки профили мавжуд эмас. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисига “Muslim.uz” сайтдаги “Мурожаат ва мулоҳазалар учун виртуал қабулхона” орқали мурожаат қилиш мумкин. Шунингдек, шаръий масалалардаги саволларни “Телеграм” мессенжеридаги “Дин ва ҳаётга оид саволлар” номли каналга ва “Savollar.muslim.uz” сайтига йўллаш мумкин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасини матбуот хизмати

Ҳаёт сенга орқама-орқа тўсиқлар, синовлар юборса, бу тиканлардан сақлан. Хавотир олма: яқин кунларда бу тиканлар гулини хам кўрсатади .
***
Ишқи буюк, савдоси буюк бўлганни синови ҳам оғир бўлади .
***
Яхшини изла, тўғрини изла, гўзалликни изла, асло қусур излама
***
Қоф тоғи қадар буюк бўлсанг-да кафанга сиғадиган қадар кичиксан .
***
Тур, ўзинга кел, ноумидликка берилма, умидсизлик шайтондан, умид қилиш Аллоҳдандир .
***
Тангрига олиб борадиган йўллар бисёрдир. Мен эса Ишқ йўлини танладим .
***
Қумнинг заррасиман, аммо саҳронинг дардини ташийман .
***
Ишқда насибанг бор бўлса, тегсанг хам ёнажаксан. Шуни яхши бил: кимлар соғинчдан ёнар, кимлар етишишдан .
***
Руҳнинг гўзаллиги тананинг гўзаллиги каби тез кўринмас .
***
Нимагадир билмайман сенга боқсам ўзимни кўраман. Сенга келаётган вақтда ўзимдан кетаман. Сендан кетар вақтда хеч ўзимга келмайман.
***
Инсонларни яхши тани, ҳар инсонни ёмон билиб, қутулмоққа шошилма. Ҳар инсонни яхши билиб ҳам овунма .
***
Шайтоннинг қотили одобдир
***
Шахсиятпарастлик кўзга тақилган кўзгудир. Қаерга боқса, ўзидан бошқасини кўраолмас .
***
Баъзи инсонлар борки, саломларидан қурум ҳиди келади . Баъзи инсонлар саломидан мушки анбар хуш бўй ҳид келади .
***
Кимнинг ишққа майли йўқ бўлса, қанотсиз қуш кабидир .
***
Ақлим қалбимдан имон нимадир дея сўради. Қалбим ақлимнинг қулоғига эгилиб «Имон одобдир» деди
***
Тилингни тарбия этмакдан аввал юракни тарбият эт .Чунки сўз юракдан келиб, тилдан чиқади .
***
Сени севганларни, заҳар бўлса ҳам ют. Сени севмаганни, бол бўлса-да, унут
***
Хафа бўлиш важларини излашдан кўра, севиш, севилмоқ йўлларини изла .
***
Ҳамма зоҳирга безак бермоққа кираркан, сен ботинга безак бермоққа шошил. Ҳамма бировлар айбини айтиб ғийбатга кетаркан , сен ўзингни хатоларинг, айбларинг билан машғул бўл .
***
Кўнгли ойдин тоза одамга қул бўлиш, шоҳлар бошига тож бўлмоқдин аълодир.
***
Эй кўнгил, жонни ачиштирар дори айрилиқдир аммо унинг ичинда ишқ деган шифоси яшириндир.
***
Фоний бўлган ишқ йўқдир. Ишқларнинг бари боқийдир. Фарқи шуки, кимдир санъаткорнинг санъатини кўрур, кимдир санъаткорнинг ўзини .
***
Бизни билганлар билар, билмаганлар ўзи каби билар.
***
Одомзот дунёни забт этар, аммо оғзини забт этолмас.
***
Гўзал кунлар сенга келмас. Сен уларга юриб боражаксан.
***
Инсонни таниш денгиздаги сувни кўзага қуйиб денгизни бўшатмоққа уринган каби мушкул ишдир.
***
Қалб денгиздир, тил сохилдир. Денгизда нима бўлса соҳилга урилар
***
Севги ва шафқат одамийлик васфидир. Қаҳр ва шаҳват ҳайвонийлик белгисидир.
***
Китобларни ўқимоқдан аввал, ўзиммизни ўқишга киришайлик.
***
Инсоннинг қаноти ғайратдир.
***
Ё тутиладиган даражада яқин бўл, ё унитиладиган даражада узоқ бўл.
***
Меҳмон келадиган каби уйингни, ўлим келадиган каби қалбингни озода тут.
***
Ёлғизликнинг энг ёмони сени англамаганлар ичра қолишдир.
***
Бекорга чолишма, сени кўрганлари ва эшитганлари қадар англайдилар.
***
Ҳар бир инсон худди ёмғир томчиси кабидир. Кимдир лойга тушар, кимдир гул япроғига тушар.

Жалолиддин Румий

الثلاثاء, 02 تموز/يوليو 2019 00:00

Булардан эҳтиёт бўлинг...

Одамлар нима учун гуноҳ ва жиноятга қўл урушади? Бунинг сабаблари кўп аммо, улар асосан жирканч, разил ишларини, Аллоҳ таоло қайтарган амалларни ҳаммадан бекитиб, одамлар кўрмайдиган жой ва вақтда, кўрмаса билмайди деб қилишади. Масалан, пора олиш ва бериш, ўғрилик, зино, ғийбат ва бошқа гуноҳлар.

Ёки яна бир тоифа борки бутун умр ўзини ёлғизман деб нохуш кайфиятда яшайди. Бироқ, инсон қоронғу ертўла ёки ғорда битта ўзи қолиб кетган тақдирда ҳам у ёлғиз бўлмайди. Ёнида камида яна 2 нафар кимдир бор... Булар фаришталар! Фаришталар ер устида, осмонда ва еру осмон оралиғида учиб юришади. Аллоҳнинг буйруқларини бажаришади. Улар овқат ҳам емайди, ухламайди, сўзлашмайди. Гуноҳ ҳам қилишмайди. Доимо Аллоҳга ибодат (хизмат) қилишади. Уларнинг сони шунақанги кўпки, буни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким айтиб беролмайди. Фаришталарнинг энг улуғлари тўртта: Жаброил, Азроил, Микоил, Исрофил. Жаброил Аллоҳнинг буйруқларини пайғамбарларга етказади. Азроил одамларнинг жонини олади. Микоил Аллоҳ берган ризқни одамларга тақсимлайди. Исрофил қиёмат бўлганини ҳаммага маълум қилади.

Ҳар бир одамнинг атрофида тўрттадан фаришта юради. Иккитаси унинг олди ва кетида юриб, турли фалокатлардан, гуноҳ ишлардан қайтариб туради. Иккитаси эса одамнинг яхши ишларини ҳам ёмон ишларини ҳам ҳеч қолдирмай ёзиб юради. Кейин ана шу ёзувларга қараб қиёмат куни ўша одамга ё мукофот, ёки жазо берилади.

Булардан ташқари китобларда қуйидаги фаришталар ҳақида ҳам сўз юритилган:

Кироман-Котибин – инсоннинг яхши ва ёмон амалларини ёзиб борувчи фаришталар.

Мункар ва Накир – инсон қазо қилиб, қабрга қўйилганда савол-жавоб ўтказадиган фаришталар.

Қўриқловчи-Фаришталар – Инсонларни олдидан, орқасида, ўнгидан, чапидан(Aллоҳнинг изни билан) ҳимоя қилувчи фаришталар.

Ризвон (а.с.) – Жаннатнинг бош фариштаси, Жаннат қўриқчиси

Молик (а.с.) – Дўзахнинг бош фариштаси.

Забония – Дўзахда гуноҳкорларни азобловчи фаришталар.

Хамалату-л-Aрш – Aршни кўтариб турувчи фаришталар.

Аллоҳнинг фаришталарига ишониш мусулмон фарзандининг иккинчи вазифаси. Шундагина у иймонли бўлади.

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Индонезиянинг собиқ президенти жаноб Сукарно Самарқанд яқинида жойлашган Имом ал-Бухорий қабрини биринчи бўлиб зиёрат қилган хорижий давлат арбоби ҳисобланади.

Жорий йилнинг 27-30 июнь кунлари Индонезиянинг Жакарта шаҳрида ташкил этилган «Trisakti Tourism Award» кўргазмаси ҳамда «Indonesia Halal Expo-2019» маҳсулот ва хизматлар ярмаркасида шу ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Тадбир доирасида ўтказилган конференцияда Индонезиянинг туризм вазири, Ҳунармандчилик ва креатив саноат вазири, етакчи туристик ташкилотлар ҳамда авиакомпаниялар раҳбарлари иштирок этди. Унда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятига бағишланган тақдимот ташкил этилди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Тақдимот давомида Сукарно жаноблари Индонезия президенти сифатида 1956 йилда Собиқ Иттифоққа қилган расмий ташрифи давомида Самарқанд шаҳрига саёҳат ташкил этилгани ва бу саёҳат давомида Ҳартанг қишлоғидаги Имом ал-Бухорий қабрини зиёрат қилишни сўрагани ёдга олинди. Жаноб Сукарно Ўзбекистонга ташриф буюрган илк зиёратчи-сайёҳ дея эътироф этилди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Зиёрат туризми шўбаси бош мутахассиси Саидкомил Холхўжаевнинг сўзларига кўра, президент Сукарно юртимизга сафари сўнгида ўзбек халқини «Жауҳ ди мата, декат ди ҳати», яъни «Кўзга узоқ, қалбга яқин» маъносидаги индонез мақоли орқали таърифлаган, бугунги кунда эса, икки мамлакат ўртасидаги визасиз тизим ҳамда Тошкент-Жакарта йўналишида тўғридан-тўғри авиақатновнинг йўлга қўйилиши орқали муносабатлар янада мустаҳкамланганини таъкидлаган.

Бугунги кунда индонезияликлар, албатта, Индонезия давлатчилигининг асосчиси бўлган жаноб Сукарно изидан бориб, у бошлаб берган саёҳат йўналиши орқали Ўзбекистонни қайтадан кашф қилишга иштиёқманддир”, - деди конференция давомида Инонециа Ҳалал Лифестйле Cэнтер ташкилоти раиси жаноб Сапта Нирвандар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top