muslim.uz

muslim.uz

الثلاثاء, 28 تشرين2/نوفمبر 2017 00:00

Саломатлик сари 3 суннат

Ҳар биримиз ҳаётимиз давомида касал бўламиз. Билсак касаллик ҳам гуноҳларимизга каффорот ҳам синовдир. Бемор дори-дармонларни истеъмол қилиш билан бирга Қуръони карим ва ҳадисларда ворид бўлган дуоларни ўқиши ҳам лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор инсон саломатлигини асраши учун қилган баъзи тавсияларини келтириб ўтамиз.

Аввало инсон саломатлиги учун меъёрида овқатланиши лозим. Чунки ортиқча овқатланиш инсоннинг ҳам жисмонан, ҳам руҳан заифлашига сабаб бўлади. Тўғри овқатланиш инсон саломатлигининг асосий омилларидандир. Шу сабабли, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларига овқатланиш одобини ўргатиб бундай деганлар: “Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тутадиган емак кифоядир. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, ичимлиги учун учдан бир ва нафаси учун учдир бир” (Имом Аҳмад, Термизий ривояти). 

Иккинчидан, асал ва қора седана истеъмол қилишга одатланиш керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Седана ўлимдан бошқа барча хасталикларга шифодир”.

Бир қатор мутахассислар олиб борган тадқиқотларга кўра, қора седана инсон қувватини оширишда, кўплаб касалликларга қарши курашда самарали ҳисобланади.

Шунингдек, асал ҳам инсон танасига қувват бағишловчи, иштаҳани очувчи, асаб тизимини ҳамда юрак-қон томирларини яхшиловчи хусусиятга эга. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Асал истеъмол қилинглар, у кўп касалликларга шифодир”, деганлар.

Учинчидан, Яратгандан сиҳат-саломатлик сўраб дуо қилинг. Барча дард ҳам, шифо ҳам Аллоҳнинг иродаси билан бўлади. Аллоҳ истъемол қиладиган дори-дармонимизни сабаб қилиб Ўзи шифо беради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки бирор ерлари оғриса муборак қўлларини оғриётган жойга қўйиб уч маротаба “Бисмиллаҳ” деб, етти маротаба бундай дер эдилар: “Аъузу биллаҳи ва қудратиҳи мин шарри ма ажиду ва уҳозиру” (Имом Аҳмад, Имом Муслим ривояти).

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, кимки касал бўладими, ё соғ бўладими ҳамиша Аллоҳнинг розилигига интилиш лозим. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага Қодир, неъматларини беминнат берувчи ва ҳар нарсадан хабардор Зотдир.

Даврон НУРМУҲАММАД

الثلاثاء, 28 تشرين2/نوفمبر 2017 00:00

Дока рўмол қуриди

Халқимизнинг ажойиб мақоллари бор. Ана ўшалардан бирида “Эру хотин уруши – дока рўмол” қуриши дейилади. Тасаввур қилинг, ёзнинг жазирамасида дока рўмолнинг қуришига қанча вақт кетади!.. Эр-хотин бир-бирига ана шундай муҳаббатли бўлади, дегани – бу.

Аммо эру хотиннинг ўртасига бирор сабаб билан низо тушиб у узоқ вақтлар давом этиб кетиши ҳам мумкин экан. Бунинг сабаби ҳам шариатимизни яхши билмаслик ёки унинг аҳкомларига амал қилмасликдандир. Шариатимизда мусулмонлар бир-биридан уч кундан ортиқ аразлашиб юриши ҳаромлиги айтилган. Шундай экан, мусулмон ва муслима эр-хотин бир уйда яшаб, қандай қилиб узоқ вақт жанжаллашиб юриши мумкин!  

Ана шундай бир жуфтликнинг жанжали яхшилик билан ниҳоясига етиб эр-хотин ярашиб олди. Тошкент вилояти, Бўка тумани бош отин ойиси маҳалла маслаҳатчиси ҳамкорлигида бориб Даштобод МФЙда истиқомат қилувчи 60 ёшли Р.А. ва унинг жуфти Р.О. билан суҳбатлашди, уларга бундай юришлари уят экани, шундай улуғ ёшдаги эр-хотиннинг тумшайишиб юриши бошқаларга ҳам ёмон таъсири қилаётгани оят-ҳадислар, ҳаётий ҳикояту ривоятлар ёрдамида тушунтирилди. Натижасида 30 йилдан ошиқроқ бир ёстиққа бош қўйган эру хотин ўртасидаги гина-кудурат кўтарилди ва улар меҳмонларга миннатдорчилик билдирди.

Хотин-қизлар билан ишлаш бўлими

Жорий йилнинг 27 ноябрь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида оммавий ахборот воситалари иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда интернет тармоғида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Чиноз туманларида яшовчи диндор фуқароларнинг уйлари тинтув қилингани тўғрисида мақолалар чоп этилгани юзасидан тушунтириш берилди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси масъул ходими Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Чиноз туманларида суриштирув ўтказилмаганини маълум қилди. Бироқ бир қанча шахслар билан суриштирувлар 2009 йилдан буён қидирувда бўлган Гўзал Авазовна Тўхтахўжаеванинг яширинаётган жойини аниқлаштириш мақсадида амалга оширилганини қайд этди.

80 нафар шахслар сўров ўтказиш учун туман ички ишлар бошқармаларига олиб бориб ушлаб турганликлари, уларнинг 7 нафарини ҳибсга олгани юзасидан берилган саволларга тушунтириш бериб ўтган.

Маълум қилинишича, 1986 йилда туғилган фуқаро Гўзал Авазовна Тўхтахўжаевнага нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 159 ва 244-моддасида кўрсатиб ўтилган оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганлиги учун 2009 йилда Учтепа туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан қидирув эълон қилинган.

Гўзал Тўхтахўжаевани қўлга олиш мақсадида, қидирув ишлари олиб борилаётгани, қаерда яшириниб келаётганлигини билиши ҳамда у билан алоқада бўлиши мумкин бўлган, бироқ бу ҳақда ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларга мурожаат қилмаган шахслар билан суриштирув ишлари ўтазилаётганлиги маълум қилинди.

الثلاثاء, 28 تشرين2/نوفمبر 2017 00:00

Фаол имом-хатиблар тақдирланди

Кеча Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллигида шаҳар ва туман бош имом-хатиблари иштирокида навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда “Мовароуннаҳр” нашриёти бош директори Абдул Жалил Хўжам иштирок этди.

Йиғилишни кириш сўзи билан очган вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов вилоятдаги диний жабҳадаги ҳолат, имом-хатибларнинг салоҳиятини кўтариш, жойларда олиб борилаётган ижтимоий, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш борасидаги ютуқ ва камчиликлар ҳақида сўз юритди. Бош имом-хатибларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берди.

Сўнгра  “Мовароуннаҳр” нашриёти бош директори Абдужалил Хўжам сўзга чиқди. У ўз  нутқида бугунги кунда халқимиз маънавиятини оширишда “Ҳидоят” журнали ва “Ислом нури” газетасининг тутган ўрни, ушбу икки нашр сифат жиҳатидан тобора зиёда бўлиб бораётгани ҳақида гапирди. Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг ушбу нашрларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, зарурий имтиёзлар бериш, уларни мазмун  жиҳатидан янада бойитиш борасидаги тавсияларидан кейин таҳририят ходимлари газета ва журнални янги-янги ғоялар билан бойитишга астойдил ҳаракат қилмоқдалар. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг нишонаси ҳозирданоқ кўрина бошлади. Ушбу нашрлардан янада кўпроқ юртдошларимиз манфаат топишини таъминлашда имом-хатибларнинг салмоқли ҳиссаси борлигини айтиб, уларни ҳолда аҳоли орасида тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб бориш, маърифат нури кираётган оилалар сонини ошириш ишларида янада фаолроқ бўлишга чақирди.

Тадбир сўнгида 2017 йил обунасини ташкил этишда фаоллик кўрсатган 30 нафар масжид имом-хатиблари “Мовароуннаҳр” нашриётининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Суратлар sammuslim.uz сайтидан олинди

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таом тановул қилишдан олдин “Бисмиллаҳ” билан бошлаб, таомдан фориғ бўлгач “Алҳамдулиллаҳ” дейишга ўргатганлар.
Умар ибн Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бисмиллаҳни айт, ўнг қўлинг билан тановул қил ва таомни ўзинга яқин жойдан егин” дедилар” (Муттафақун алайҳи).


Таомни айбламасликни ўргатганлар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Муҳаммад алайҳиссалом ҳеч қачон таомни айбламас эдилар, агар хоҳласалар, ундан тановул қилар эдилар, агар егилари келмаса, емас эдилар. Мана шу ривоятда муҳим бўлган одоб бор, чунки таомни айблаб, айбини ҳаммага ошкор қилиб, жеркишлик таом пиширувчининг кўнглига оғир ботади.


Ҳўл мева ейишга тарғиб этганлар
Расулуллоҳ хурмо ва шу каби меваларни кўп истеъмол қилар эдилар. Мазкур хурмо меваси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам истеъмол қиладиган озуқалар ичида энг машҳуридир. Бу борада кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Шулардан бири: “Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хурмо дарахтини танасидан чиқадиган суюқлик, яъни ёғини еётганларида бирга эдим. У зот: “Дарахтларнинг шундайлари борки, баракаси худди мусулмон кишининг баракасига ўхшайди” дедилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Наҳл сурасида шундай марҳамат қилади:

Шифобахш озиқ ҳақида насиҳатлари
“Асаларидан турли рангли суюқлик чиқади, унда кишилар учун шифо бор. Албатта бунда тафаккур қилувчилар учун оят-аломатлар бордир” (Наҳл сураси, 69-оят). Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Икки нарса – Қурўн ва асал билан даволанишни лозим тутинг”, деганлар.


Кўп ейишнинг зараридан огоҳлантирганлар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп таом тановул қилмас эдилар. Сабаби, таомни кўп ейиш кишининг исрофгарлигига, дунёга берилганлигига далолат қилади. Ҳолбуки, Набий алайҳиссаломда бундай нуқсонлар бўлмаган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Албатта У исроф қилувчиларни яхши кўрмайди” (Аъроф сураси, 31-оят).


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсоннинг ошқозони уч қисмдир: Бири таом, бири ичимлик ва яна бири (хотиржам) нафас олиши учун”, дедилар. Яъни, Расулуллоҳ умматларини ошқозоннинг ҳамма қисмини таомга тўлдириб қўйишдан қайтармоқдалар.

Тик турган ҳолда сув ичиш ва таом ейиш зарарли эканини ўргатганлар
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сув ичганларида уч маротаба тўхтаб ичардилар ва: “Шундай қилиш чанқоқни кўпроқ босади, ичимлик фойдали бўлади ва саломатликни сақлашнинг энг афзал йўлидир”, дердилар. Шунингдек, бошқа бир ривоятда: “Расулуллоҳ ичимликни туриб ичишдан қайтардилар. Шунда ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Таомни тик туриб еса бўладими”, деб сўрашди. У зот: “Йўқ! Таомни тик туриб ейиш сувни тик туриб ичишдан ҳам зарарлидир”, дедилар.
Хулоса ўрнида айтшимиз мумкинки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таом борасида берган таълимотларини бари соғлиқ учун фойдалидир, илм-фан ривожланган асримизга келиб эса ушбу ҳадислар тасдиқланиб, уларни етук профессорлар эътироф этмоқда. Аллоҳ ҳаммамизга шундай буюк зотга муносиб уммат бўлишимизни насиб этсин! Омин!


Шукруллоҳ Аслиддинов,
“Кўкалдош” ўрта махсус Ислом билим юрти талабаси

Янгиликлар

Top