Янгиликлар

Аллоҳ таоло юртларни Ватан муҳаббати билан обод қилди

 “Тўхтабой” жоме масжиди имом-хатиби Исҳоқжон домла Бегматов билан суҳбат



Азиз юртимиз ўз мустақиллигига эришиб, ота-боболаримизнинг азалий орзу-умидлари рўёбга чиқди. Истибдод исканжасидан озод бўлиб, миллатнинг том маънода эзилишига, ҳуқуқлари поймол этилиб, ҳар томонлама камситилишига чек қўйилди. Мустақиллик шарофати сабаб бугун юртимиз обод, оилаларимиз тинч. Ватанга муҳаббат ҳар бир инсонга хос туйғудир.   

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин!

Чиндан ҳам, юртимиз, қолаверса, бутун дунё тарихига бир назар солсак, Ватанга муҳаббат туйғулари ривожланган жойда ҳар тарафлама бунёдкорлик, ободончилик, тўкинлик, мўл-кўллик ва фаровон турмушнинг гувоҳи бўламиз. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу): «Аллоҳ таоло юртларни Ватан муҳаббати билан обод қилди», деганлар. Ва яна: «Агар Ватан муҳаббати бўлмаганида юртлар хароб бўларди», деганлар.

Зотан, инсоннинг ўз Ватанига, яшаб турган гўшасига меҳр-муҳаббати бўлмаса, ҳеч қачон ўзи яшаб турган жойда ҳар тарафлама қулай шарт-шароитлар ва имкониятлар бўлишига эътибор бермайди. Бундай инсонлар учун нафақат Ватан туйғуси, балки бошқа барча ижобий ҳиссиёт ва муқаддас туйғулар бегонадир. Бундайлар учун Ватан деган тушунчанинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Бу ҳолат эса бизнинг шариатимизда қаттиқ қораланади. Аксинча, динимизда Ватан ва унга боғлиқ бўлган қадриятларни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш мадҳ этилади, ҳатто бу борада қилинган ҳаракатлар ва шу йўлда жон фидо қилиш охиратда буюк мақомларга эришиш учун восита экани зикр қилинади.

Шайх Муҳаммад Ғаззолий айтган эканлар: Инсон ўзи туғилиб-ўсган юртни, ундаги барча нарсаларни севади, гарчи у жой одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам. Ватанни севиш инсон қалбидаги асл, туғма табиатдир. Ушбу туғма табиат инсонни ватанида яшаб турганда хотиржам қилади, ундан йироқда бўлганда эса соғинтиради, унга ҳужум қилинганда уни ҳимоя қиладиган, ҳурматсизлик қилинганда ғазабланадиган қилиб қўяди.

Имом Ғаззолий ушбу ҳикматли сўзларидан Ватанни севиш инсоннинг туғма табиати, инсонийлик фитратида бор хислат экани маълум бўлади.

 Ватан ободлиги – тараққиёт ҳамда юксалишларнинг асосидир.

Аллоҳ таоло инсон қалбига ўз Ватани бўлмиш хонадонини обод қилиш туйғусини солмаса нима бўлар эди? Ҳаётда бундай мисолларни оз бўлса-да учратамиз. Шундай лоқайд, дангаса, ялқов ва ҳеч қандай ижобий ҳиссиёти, ғайрати бўлмаган инсонлар ҳам борки, ўзи яшаётган, оиласи ва фарзанд-зурриётлари яшаб турган хонадонни, ҳовли-жойини ҳам обод қилишга мутлақо қизиқмайди, ҳаракат ҳам қилмайди. Мана шундай инсонлар бутун жамиятга, атрофидагиларга нафақат моддий, балки маънавий, ахлоқий ва тарбиявий жиҳатдан зарар келтирадилар. Натижада, нафақат ўзининг хонадони харобазорга айланади, балки бошқаларнинг хонадони обод бўлишига ҳам раҳна солади. Бундай хонадон бир маҳаллада бир нечта бўлса, билингки, бутун бошли маҳалла харобазорга айланади. Бу зарарнинг доираси катталашиб борган сари унинг касофати ҳам кенгайиб, бутун бошли қишлоқ, шаҳар ва гоҳо юртни ҳам ўз домига тортиши мумкин.

Бу борада ўз юртини обод қилишга бор вужуди билан ҳаракат қиладиган, аммо тақдир тақозоси ила бирор ижобий натижага эриша олмаётганларни алоҳида таъкидлаб ўтишимиз керак. Булар ўз саъй-ҳаракати ва ниятларига яраша ажр-савоб оладилар, уларнинг номлари асл ватанпарварлар сифатида зикр қилинади. Зеро, булар ўзларидан талаб қилинган ишни бажаришга ҳаракат қилган, имкони борича тер тўкиб, меҳнат қилган. Аслида буларнинг қалбида Ватан муҳаббати, юртини обод қилиш туйғуси жўш уриб туради. Лекин сабаблар амалга оширилгани билан натижа Аллоҳ таолодан бўлганлиги туфайли биз билмаган илоҳий ҳикматлар сабабидан буларнинг ҳаракати натижа бермаган бўлиши мумкин.

    Яна бир тоифалар борки, уларнинг қалбига Аллоҳ таоло Ватан муҳаббатини солиб қўйган. Улар ана шу муҳаббатнинг натижаси ўлароқ ҳаракат қиладилар. Уларнинг мазкур ҳаракати, жонкуярлиги, ғайрат-шижоати туфайли, аввало, ўзининг оиласи, яшаб турган хонадони ҳар тарафлама обод бўлади, ташқи ҳужум ва тажовузлардан ҳимояланган бўлади. Бу ерда Ватанни, юртни обод қилиш деганда фақатгина зоҳирий, моддий ва молиявий ободликни назарда тутмаслик керак. Том маънодаги ободлик, аввало, маънавий, ахлоқий, тарбиявий бўлади, чунки инсоннинг асл мукаррамлилиги ҳам унинг маънавияти, ахлоқ-одобига тегишлидир. Аксинча, инсон моддий ва молиявий тарафдан ҳар қанча обод бўлиши мумкин, лекин маънавий ва эътиқодий тарафдан қашшоқ бўлса, унинг нафақат хонадони, балки бутун вужуди ва қалби ҳам обод бўлмайди.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинган ҳадисда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ичида Қуръондан бирор нарса бўлмаган одам хароба уйга ўхшайди”, деганлар.

Шунинг учун ҳам деярли барча саҳобаи киромлар моддий ва молиявий тарафдан тўлиқ таъминланиб, уй жойлари қасру саройлар каби бўлмаса-да, қалблари ва бутун вужудлари имон-эътиқод, илм-маърифат, ихлос-муҳаббат ила тўлиб тошган. Шу туфайли улар яшаб турган манзиллар ҳар тарафлама ҳақиқий обод юртлар бўлган.

Ватан ҳимояси – олий бурч, юксак масъулиятдир. Зотан, Ватанни мардлар қўриқлайди. Ватан ҳимояси, мудофааси йўлида хизмат қилишни шараф ва ифтихор деб билиш лозим. Бу ҳақда, яъни Ватанни ҳимоя қилиш тўғрисида динимизда қандай кўрсатмалар баён этилган?

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилиб, бундай деганлар:

“Молини, жонини, динини ва аҳлу аёлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳидлик мақомини топур” (Имом Термизий ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда моли, жони, дини ва аҳлу аёлини ҳимоя қилишнинг нақадар улуғлиги таъкидланмоқда. Инсон Ватан деганда, аввало, шуларни тушунмайдими? Албатта, Ватан деганда зоҳиран инсоннинг аҳли аёли, фарзанду зурриётлари, мол-дунёси ва жонининг ҳимояси тўлиқ таъминланган жой тушунилади. Шунинг учун ҳадиси шарифда ўзининг бутун борлиғи, дин-диёнати ва барча қадр-қийматга эга бўлган нарсаларини ҳимоя қилиш йўлида жон фидо қилиш шаҳидлик мақомига эриштирувчи воситаларидан бири, деб таърифланмоқда. Бу эса ҳар бир йигитни ватанпарварликка, она юрт учун фидокор фарзанд бўлишга чақиради.

Яна бир ҳадисда бундай марҳамат қилинган:

“Кимки Аллоҳ йўлида бир кун ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимки сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади” (Имом Насоий ривоят қилган).

Бу ҳадиси шарифда Ватанпарварликка янада аниқ ва муфассалроқ тарғибот ва ташвиқот маънолари бор. Қолаверса, мазкур ишлар ибодатларнинг энг савоби кўпроғи бўлмиш тунги ибодатларга қиёс қилинаяпти.

Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Икки кўзга дўзах ўти тегмайди: Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўзга ва Аллоҳнинг йўлида қўриқчилик қилган кўзга”, деганлар.

Чегара ва сарҳадлар хавфсизлигини таъминлаш учун сергак турган аскар барча юртдошларини тинч-хотиржамликда, осойишталикда дам олиб, роҳатланишлари учун бедор бўлади. Шунингдек, ана шундай Ватан хизматида турган ҳолатда ҳалок бўлганларга шаҳидлик мақоми берилиши, уларнинг ҳар хил фитналардан омонда бўлиши кафолатланмоқда. Шу қадар буюк ажр-мукофотлар, мақом ва мартабалар асл Ватанпарвар бўлган кишига берилишини билган бирор мусулмон Ватанпарвар бўлмаслиги мумкинми?

Аллоҳ таолодан илтижолар қилиб сўраймизки, барчамизни Ватанига садоқатли, эл-юрти, халқи ҳамда дини йўлида хизмат қиладиган ҳақиқий ватанпарвар мўмин-мусулмон бўлиб яшаш бахтига муваффақ айласин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

суҳбатлашди

 

 

Read 5996 times

Янгиликлар

Top