Янгиликлар

“Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди

2016 йилнинг 17 август куни Имом Бухорий халқаро марказида“Мовароуннаҳр” нашриёти томонидан нашр қилинган,таниқли исломшунос олим, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулеповнинг “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимот маросимида Марказнинг барча илмий ходимлари ва амалдаги 7 босқич тингловчи имом хатиблари иштирок этишди. Тақдимотни Марказ директори Ш.Зиёдов кириш сўзи билан очиб, бугунги дунёдаги турли мафкуравий-маънавий таҳдидлар кечаётганини айниқса, ёшларимизга қаратилган таҳдидлар, асосан, интернет тармоғи орқали кириб келаётган турли бузғунчиликлар, бунга қарши курашиш борасида салмоқли ишлар қилингани, жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан биринчилардан бўлиб, глобал тармоқдаги иллатлардан ёш авлодни ҳимоя қилиш бўйича ўқув қўлланма тайёрланиб, омма эътиборига ҳавола этилиши таҳсинга лойиқ эканини таъкидлади. Шунингдек, ушбу китоб асосида марказдаги ўқув соатларда тингловчилар билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган тадбирлар давомийлигини ҳам келтириб ўтди.



Шундан сўнг, сўзга Тошкент шаҳар Бектемир тумани бош имом хатиби Искандар Халилов чиқиб, йиғилганларни аввало яқинлашиб келаётган мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрами билан қутлаб, бугунги кунда динимизга, мусулмонларга бўлаётган ҳар-хил таҳдидлар, ғаламис дин душманлари бу борада айниқса интернетдан кенг фойдаланаётганларини айтиб ўтди. И.Халилов бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимлари томонидан Республикамизнинг турли шаҳар ва вилоятларида 300 дан ортиқ мана шундай тадбир ва тақдимотларни ўтказиб келинаётгани ва бунинг натижаси ўлароқ, халқимизда бу хатарли иллатдан огоҳлик ҳисси уйғонаётганини фахр билан айтиб ўтди. У нутқи якунида 70 нафар тингловчи имом хатибларга мазкур китобдан бир донадан совға қилди.



Малака ошириш ўқувлари бўлими мутахассиси И.Сиддиқов

 

Read 4836 times

Янгиликлар

Top