Ватанимиз Мустақиллигининг 25 йиллигига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 20-21 август кунлари юртимиз бўйлаб ўтказилаётган умумхалқ ҳашарида 20 август куни эрта тонгдан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги барча бўлинмалар, Масжидлар ва Имом Бухорий халқаро марказида умумхалқ ҳашари қизғин ўтказилди. Жума намозида эълон қилинган ҳашарда ихлосманд халқимизнинг ёшу-кексалари сидқидилдан иштирок этиб, ўз ҳиссаларини қўшишди. Унда масжидлар хонақоси, айвони, қўшимча хизмат хоналари ҳамда бинолар бир қатор кўздан кечирилиб озодалигига эътибор берилди. Экин майдонларидаги мевали ва манзарали дарахтлар оқланиб, кўркам шаклга келтирилди.
Шунингдек, зиёратгоҳлар, қабристонлар, кўчалар ва гузарлар ҳашарчилар билан гавжум бўлди. Ушбу умумхалқ ҳашарида барча масжид ходимлари ҳамда маҳалла аҳллари биргаликда фаол хизмат қилишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги барча ташкилотларда байрамни интиқлик билан кутиш билан бир қаторда унга юқори даражада тайёргарлик кўриш ишлари ҳам амалга оширилмоқда. Буни, биноларнинг кириш қисмига қадалган байрам табриги ва мустақиллик шиорларидан ҳам билса бўлади.
Имом Бухорий халқаро марказида ташкиллаштирилган ҳашарда иштирок этаётганларга ҳомийлар томонидан дастурхон ташкил этилди. Зиёфат якунида юртимизда хукм сураётган тинчлик ва осойишталик, асрий орзу-интилишларимизнинг маҳсули бўлган мустақилликнинг абадий бўлишини сўраб дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар бўлими