Янгиликлар

Ҳожиларимиз қалбида ифтихор туйғуси

Ислом динининг беш рукнидан бири бўлган Ҳаж ибодатини амалга ошириш ниятида мамлакатимиздан Саудия Арабистонига учиб кетган юртдошларимиз қалблари ўзгача сурурга тўлиб, зиёратларини амалга оширишда давом этмоқдалар. Боиси бу ердаги қулай шарт-шароитлар, ибодатларини эмин-эркин бажаришлари учун яратилган имкониятлар юқори даражада.

Бир неча йилдан буён ушбу зиёратни ният қилиб, мана бу йил орзуси ушалган мўътабар онахонларимиз ўз таассуротларини биз билан ўртоқлашдилар:

- Авваламбор, бизга муборак Ҳаж сафарини насиб айлагани учун Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз, - дейди Дилара ая Аҳмедова. - Шу билан бирга юртимизда истиқлол ва ҳурлик сабаб мана бугун мана шундай муқаддас шаҳарларга ташриф буюрдик. Авваллари ота-боболаримизга армон бўлган Ҳаж ибодатини эмин-эркинликда амалга оширмоқдамиз, биз учун яратилган қулай имкониятларни санаб адоғига етолмаймиз. Айниқса, гўзал Ўзбекистонимизнинг 25 йиллик тўйи арафасида бу бизга жуда катта совға бўлди. Бунинг учун муҳтарам Президентимизга ташаккур.

Зиёратчиларимиздан Мавлуда ая Нигманованинг кўзларида ҳам севинч ёшлари. Онахон бунинг сабабини қуйидагича изоҳлайдилар: - Бу ерга бутун ер юзидан мўмин-мусулмонлар ташриф буюрган. Бир жиҳат борки, мен қатори барча юртдошларимизни жуда қувонтиради. Кўчаларда юрар эканмиз, биз Бухорий юртиданмиз десак, ҳамма бизга ўзгача эҳтиром кўрсатади. Бухорийнинг юртдошлари дея ҳавас билан боқишади. Ана шунда қалбимиз фахр ва ифтихор туйғусига тўлади. Бухорийнинг ворисларимиз дея ғурурланиб қўямиз. Бу ҳам истиқлолимизнинг инъоми десак янглишмаймиз. Боиси истиқлол сабаб бизни бутун дунё таниди. Бухорий, Термизий, Мотуридий, Марғинонийларнинг авлодлари эканимизни жумлаи жаҳон тан олди.

Ҳа, Ўзбекистондан ташриф буюрган ҳар бир зиёратчининг тилию дилида бугун шу фикрлар. Муқаддас шаҳарларда элимизга тинчлик ва тотувлик тилаб дуолар қилмоқдалар. Уларнинг ибодатлари Яратган ҳузурида қабул бўлишини тилаб қоламиз. Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Мадинайи мунаввара шаҳри.

Манба: www.ziyo.uz  

Read 6541 times

Янгиликлар

Top