Янгиликлар

МУКОФОТ МУБОРАК!

29 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тизимида фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ ходимларга “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишонларини топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, масжид ва мадраса имом-домла ва хизматчилари, идора тизимидаги муассасалар ходимлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита вакиллари иштирок этди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ўз нутқида Аллоҳнинг инояти, қолаверса, доно Юртбошимизнинг саъй-ҳаракатлари билан ҳукм сураётган тинчлик, осойишталикнинг ҳар бир лаҳзасини қадрига етиш ҳақида сўзлаб ўтдилар. Бундан ташқари, мустақиллик туфайли тарихан қисқа вақт ичида диёримиз фаровон давлатлардан бирига айланиб, дунёнинг жадал ривожланаётган давлатлари қаторидан ўрин эгаллагани яна бир бор таъкидлаб ўтилди.  

Истиқлол шарофати билан миллий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш, равнақ топтиришга оид эзгу ишлар халқимиз, қолаверса, ёшлар маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этаётгани айтиб ўтилди.

Шундан сўнг, “Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил” эсдалик нишонлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. Ушбу қўлга киритилган олий мукофот диний идорамизда сидқидилдан фаолият олиб бораётган барча хизматчиларнинг ютуғи эканлиги эътироф этилди.

Шунингдек, энг улуғ, энг азиз айём – истиқлолимизнинг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият кўрсатаётган бир қатор фахрий, фаол ҳамда ўзгаларга намуна бўлаётган ишчи, ходимлар идоранинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 5144 times

Янгиликлар

Top