Янгиликлар

УЛКАН МУСИБАТ

Ўзбекистон халқи ва ҳукумати оғир жудоликка учради. Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти, мустақиллигимиз асосчиси, буюк давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Ислом Абдуғаниевич Каримов 78 ёшида вафот этди.

Бу хабар истисносиз бутун Ўзбекистон халқини чуқур изтиробга солди. Юртбошимизнинг бетоб экани ҳақида ахборот берилган кундан бери барча ватандошларимиз давлатимиз Раҳбарининг соғайиб кетишларини сўраб, дуолар қилиб турдилар. Аммо тақдир қалами битган иш амалга ошмай қолмайди. Тирик жон борки, ҳаммаси ўлим шарбатини тотади, боқийлик фақатгина Аллоҳ таолога хосдир.

Ислом Каримов ўзининг доно сиёсати, ўткир фаросати, ўзбекка хос ғурури, узоқни кўра билиш қобилияти ва теран тафаккури билан тарихга кирди.

Халқимиз миллий истиқлолга эришувида дастлабки оғир кунларни, ғанимлар миллатлараро низо ва фитна солишга уринаётган таҳликали даврларни бевосита Президентимизнинг мардонаворлиги ва қатъияти билан енгиб ўтди. Яратганнинг марҳамати ва Юртбошимизнинг донишмандларча юритган сиёсати туфайли халқимиз бир тану-бир жон бўлиб, тараққиёт сари юксалиб борди.

Бугун Ўзбекистон ривожланишнинг ўзига хос йўли, улкан бунёдкорлик ишлари, тинч-осойишта ҳаёти, барқарор сиёсати ва дўстона муносабатлари билан эришган ютуқлари туфайли халқаро ҳамжамиятда кўпчиликнинг ҳавасини, баъзиларнинг эса ҳасадини келтирадиган даражага етди. Буларнинг барчасига бевосита муҳтарам Президентимизнинг раҳнамолигида эришилди.

Ислом Каримов “Аллоҳ қалбимизда, юрагимизда”, деб баралла айтадиган, “Муқаддас Ислом дини бизнинг қон-қонимизга сингиб кетган, уни ҳеч қандай куч чиқара олмайди!” дея доимо таъкидлайдиган эътиқодли мусулмон сифатида динимиз равнақи учун улкан ишларни амалга оширди. Жумладан, мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ, муборак Рамазон ва Қурбон ҳайитлари дам олиш куни деб эълон қилинди; мусулмонларга ўз ибодатларини эмин-эркин бажаришлари учун барча шароитларни яратиб берилди, янги масжидлар, мадрасалар қурилди, мавжудлари қайта таъмирланди, кўплари янгидан барпо этилди; Тошкент ислом университети ташкил этилди; ҳар йили минглаб юртдошларимиз ҳаж ва умра ибодатларини бажаришлари учун дунё мусулмонларининг ҳавасини келтирар даражадаги қулай шароитлар яратилди. Ҳозир ҳам кўп минг мўмин-мусулмон ватандошларимиз муқаддас диёрларда ҳаж ибодатини бажариш учун ҳозирлик кўришмоқда, улар ҳам бу машъум хабардан қаттиқ қайғуга тушиб, дуолар шаксиз қабул бўладиган маконларда марҳум Юртбошимизнинг ҳаққига Аллоҳ таолодан мағфират сўрашмоқда. Биз ҳам ана шу дуоларга қўшилган ҳолда, чин кўнглимиздан, ихлос билан дуо қилайлик: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Алҳамдулиллаҳ, васоллату вассаламу аъла Расулиллаҳ. Парвардигоро, Мустақил Ватанимиз Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг пок имонларини, муқаддас динимиз равнақи, мўмин-мусулмонларнинг манфаати учун қилган барча хайрли амалларини ўзларига ҳамроҳ айлагайсан!

Ватанимиз, халқимиз тинчлиги, фаровон ҳаётимиз учун қайғуриб, шу йўлда умрини бахшида этгани ҳаққи-ҳурмати, Сен ҳам бу зотнинг борадиган манзили, ётадиган маконини тинч-осойишта айлагайсан, Ўзингнинг раҳматинг, ризолигинг билан сийлагайсан!

Ортда қолган аҳли-оиласи, фарзандлари ва бутун Ўзбекистон халқига сабри жамил ато айлагайсан! Васолли аъла Муҳаммад ва аъла алиҳи ва соҳбиҳи ажмаин. Бироҳматика ё Арҳамар Роҳимийн. Омин!

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 5117 times

Янгиликлар

Top