Янгиликлар

Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити табриги

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу,

Жаннатмонанд юртимизнинг барча фуқароларини қутлуғ айём – Қурбон ҳайити муносабати билан муборак заминда ҳаж ибодатини чин ихлос, имон-эътиқод билан адо этаётган ҳожиларимиз номидан самимий муборакбод этамиз.

Биз ўзбекистонлик ҳожилар она диёримизнинг келажаги буюк ва ёруғ, халқимиз ҳаёти янада фаровон, Президентимизнинг раҳнамолигида амалга оширилган барча хайрли ишлар бардавом бўлишини Аллоҳ таолодан сўраб дуолар қилмоқдамиз.
Истиқлол туфайли, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан дунё илм-фани, маданияти, хусусан, муқаддас ислом таълимоти ривожига бемисл ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг муборак номлари қайта тикланиб, бой илмий мерослари ўрганилиб, қадамжолари халқимиз ардоғидаги табаррук манзилларга айлантирилди. Ҳар йили минглаб фуқароларимизнинг ҳаж ва умра ибодатларини юксак савияда, қулай шароитларда адо этаётганлари, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда виждон эркинлигини кафолатлаш, миллий-диний қадриятларимизни асраш ва улуғлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг ёрқин ифодасидир.
Юртимизда тинчлик, барқарорлик, ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳити яратилди.
Мустақиллик йилларида миллий ва диний қадриятларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва эҳтиром туфайли азиз-авлиёлар қадамжолари обод этилиб, уларга янгича салобат бахш этилиши, юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар асарларининг нашр этилиши ҳамда халқимиз, айниқса, ёшларимиз маънавиятини юксалтириш борасида амалга оширилган эзгу ва хайрли ишлар халқимизни янада улкан зафарлар сари руҳлантиради.
Инсон ҳаёти фоний. Биздан қоладигани эзгу ва савоб ишларимиз, ортимиздан дуо қилувчи солиҳ фарзандларимиздир. Шу маънода, элпарвар Юртбошимиз ортидан фаровон ҳаёт сари интилаётган бутун бир халқ дуо қилиб қолмоқда. Биз ўзбек халқи аҳил ва бирдам бўлишимиз, бир-биримизни суяб, қўллаб-қувватлашимиз, буюк Йўлбошчимиз бошлаб берган улуғ бунёдкорлик ишларида бардавом бўлишимиз лозим.
Биз ўзбекистонлик ҳожилар Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара каби табаррук ерларда туриб, юртимиз узра истиқлол қуёши мангу порлашини, меҳнатсевар ва доно халқимиз муҳтарам Юртбошимиз бошлаб берган улуғ бунёдкорлик ишларида бардавом бўлишини, ўзи танлаган мустақиллик йўлидан дадил одимлаб боришини Яратгандан сўраб, дуолар қилмоқдамиз.
Биз, ўзбекистонлик ҳожилар мустақил юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, турмушимиз янада фаровон бўлишини Аллоҳ таолодан илтижо қилиб, азиз диёримизни ҳамиша Ўз паноҳида асрашини тилаймиз.
Вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокотуҳу.

Ўзбекистон ҳожилари
Макка мукаррама, Арафот водийси
2016 йил 11 сентябрь.

 

Read 6359 times

Янгиликлар

Top