Янгиликлар

Москвада халқаро Қуръони карим мусобақаси

Жорий йилнинг 23-25 сентябрь кунлари Москва шаҳрида  XVII Москва Халқаро Қуръон мусобақаси бўлиб ўтди. Шунингдек, шу кунларда Россия Федерацияси муфтийлари кенгашига 20 йил тўлиши муносабати билан ҳам тадбир ўтказилди. 17 йилдан буён РФ муфтийлари кенгаши Москвада бўлиб ўтадиган мусобақага энг яхши қориларни таклиф этади. Ҳар йили Шарқ ва Ғарб мамлакатлари вакиллари ушбу мусобақада иштирок этади. Бу йилги мусобақада 30 нафар мамлакатдан қорилар иштирок этишди. Қувонарли жиҳати, мазкур мусобақада юртимиз вакили Рўзиев Асадулло қори ҳам муносиб қатнашди.

Мусобақада Россия, Монако, Туркия, Эрон ва Баҳрайндан ташриф буюрган қорилар ҳакамлик қилдилар. Халқаро мусобақа натижаларига кўра, биринчи ўрин Малайзиялик қори Абдулла Фаҳмига насиб этди. Қолган ўринларни Ироқ, Баҳрайн, Эрон ва Яманлик қорилар эгаллашди.

Мусобақа сўнгида ажойиб бир анъана ташкил қилинди яъни ғолиб бўлган қорилар Қуръони каримнинг хоҳлаган жойидан  бир бетдан ўқиб бериб барчани хушнуд қилишди.

Қориларни Россия мусулмонлари идораси ҳамда муфтийлар кенгаши раиси шайх Равиль  Гайнутдин қимматбаҳо совғалар билан тақдирлади.

Эслатиб ўтамиз, Москва Халқаро Қуръони карим мусобақаси Россия Федерацияси Ташқи ишлар Вазирлиги ҳамда Москва шаҳар ҳокимияти кўмагида ўтказиб келинмоқда. 2010 йилдан буён ушбу мусобақа ЮНЕСКО раҳнамолигида ўтказиладиган тадбирлар рўйхатига киритилган.

 

 

                                                                                                     Халқаро алоқалар бўлими

Read 3329 times

Янгиликлар

Top