Янгиликлар

Миллий бойлигимиз – халқимиз эъзозида

Аллоҳ таоло бутун ер юзини одамларга яшайдиган, тирикчилик қиладиган масканга айлантирган. Ерни ўз бандалари ризқ-рўзини топиб озиқланиши учун барокатли қилиб қўйгандир. Бу ҳақида Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган: «Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан қуйидаги неъматларимизга бир) боқсин: Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар унсин, деб) ёрдик. Сўнгра биз унда донларни  ундирдик,  узум  ва  кўкатларни,  зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, меваю гиёҳларни ҳам. (Буларни) сизларнинг ва чорва ҳайвонларингнинг истеъмоли учун (яратдик)» (Абаса, 24–32-оятлар).

Аллоҳга чексиз ҳамдлар бўлсинки, бизнинг юртимиз ҳам неъматларга бой, барокатли, ерлари серҳосил диёрдир. Еримизга дон сепсак буғдой бўлиб униб чиқади, чўп қадасак, дарахт бўлиб кўкаради. Дунёга баралла мақтана оладиган сариқ олтинларимиз (тилла конлари), қора олтинларимиз (нефтлар) ва ҳаттоки оқ олтинларимиз (пахталаримиз) ҳам бордир. Аллоҳнинг бизга берган мана шундай неъматларининг шукронаси сифатида биз бирчамиз шу неъматларни исроф қилмай асрашимиз лозимдир.

Ҳозир юртимизда куз фасли бўлганлиги сабабли далаларимизда дур каби оппоқ пахталаримиз айни теримга шай бўлиб турибди. Кўсакларида бодроқдек бўлиб очилган пахталарни кўриб бободеҳқоннинг заҳматли меҳнатлари самараси бунча ҳам гўзал экан деб ўйлаб қолади киши. Энди эса мана шу мўл ҳосилни бирортасини ҳам нес-нобуд қилмаган ҳолда териб олиш, сарфланган меҳнатнинг самарасини кўриш даври бошланди. Мана шу даврда эса миллий бойлигимиз ҳисобланган оқ олтинимизни исроф этмаган ҳолда йиғиб олиш учун барчамиз қайси соҳа вакили бўлишимиздан қатъи назар, бирдек масъулдирмиз. Чунки бу пахта бизга Аллоҳ томонидан берилган ризқу рўзимиздир. Пахтадан кундалик ҳаётимизда зарур бўлган жуда кўп маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Юртимиздаги барча соҳа вакиллари каби диний ташкилотлар ҳам миллий фахримиз ҳисобланган оқ олтинимизни исроф бўлмаган ҳолда териб олишимиз учун теримчиларимизга Аллоҳдан куч-қувват сўраб дуо қилиш орқали, атрофдагиларга пахтанинг қанчалик аҳамияти катта эканини ва уни бир чаноғини ҳам исроф қилишга йўл қўймаслик кераклигини тушунтириш орқали ўз ҳиссаларини қўшишга ҳаракат қилмоқдалар.

Шу жумладан Қибрай тумани бош имом-хатиби ташаббуси билан туманнинг фаоллари жам бўлиб, Тошкент вилояти Бўка туманидаги «Қашқадарё ҳудуди» пахта далаларига ташриф буюрдилар. Улар фаол меҳнат қилаётган заҳматкаш пахта теримчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида теримчиларига эсдалик совғаларини тақдим этдилар. Пахтанинг ҳар бир мисқолини ҳам исроф қилмай териб олаётган меҳнатсевар теримчилар бундай эътибор уларга янада шижоат билан ишлашда катта ёрдам бераётганини алоҳида таъкидладилар. Ўзини Ўзбекистон фуқароси деб ҳисоблаган ҳар бир одам миллий бойлигимиз саналган оқ олтинни исроф қилмасдан териб олишда ўз ҳиссасини қўшмоғи лозимдир. Аллоҳ таолодан сўраймизки, пахта ҳосили йиғим-теримида иштирок этаётган фидокор деҳқонга ва меҳнатсевар ҳашарчиларга Ўзи куч-қувват ва саломатлик берсин.

 

М.МИРЖАЛИЛОВ,

Тошкент вилояти Қибрай тумани бош имом-хатиби

Read 5563 times

Янгиликлар

Top