Янгиликлар

Тил – миллат кўзгуси

Жорий йилнинг 19 октябрь куни Андижон вилоятидаги “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юрти мударрис ва талабалари иштирокида 21октябрь –   Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинган кун муносабати билан “Тил – миллат кўзгуси” мавзуида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда сўзга чиққан билим юрти маънавият ва маърифат ишлари бўйича мудир муовини М. Тўрақулов ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига бу йил 27 йил тўлганлиги, олиб борилаётган амалий чора-тадбирлар, илмий изланиш ва тараққиётлар самарасида она тилимизни янада бойиб, сайқалланиб, дунё миқёсида аҳамияти ҳамда нуфузи ошиб бораётганлигини таъкидлади. Хориждаги қатор таълим даргоҳларида ўзбек тили марказининг ташкил этилаётгани, она тилимизни ўрганиш истагида бўлганларнинг кўпайиб бораётгани бунинг яққол мисоли эканлигини айтиб ўтди.

Дарҳақиқат, мустақиллик йилларида ўзбек тилининг ривожланишига хизмат қиладиган кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ҳукуматимиз томонидан 1993 йилда қабул қилинган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири, шунингдек, жорий йилнинг 13 майидаги “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармон она тилимиз ва адабиётимизни ривожлантиришда кенг имконият эшикларини очмоқда.

Билим юртининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Ўткирбек Мадумаров ҳам ўзбек тилининг тарихи ва тараққиёти, мустақиллик йилларида унинг ривожланиш йўли ҳамда она тилимизга берилаётган эътибор, шунингдек, ўзбек тилининг имкониятлари ҳақида талабаларга  кенг маълумот берди.

Тадбир сўнгида билим юрти ахборот-ресурс маркази раҳбари Одилжон Собиров тил неъматининг буюклиги, тил ўрганишнинг беқиёс аҳамияти ҳақида тўхталди. Нутқнинг ривожланиши, ундан тўғри ва унумли фойдаланиш, уни асраб-авайлаш хусусида ўзининг мулоҳазаларини билдириб ўтди. 

 

 М.Тўрақулов

билим юрти маънавий ва маърифий

ишлари бўйича мудир муовини в.б.

Read 5027 times

Янгиликлар

Top