Урганч шаҳар “Фахриддин ар-Розий” ўрта махсус ислом билим юртида Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг хотираси ҳамда Мустақиллигимизнинг 25 йиллигига бағишлаб “Мустақиллик – буюк неъмат, уни асраб-авайлаш бизнинг муқаддас бурчимиз” мавзусида билим юрти талабалари орасида интеллектуал беллашув ўтказилди.
Беллашувда 4 гуруҳ курс талабаларидан тузилган гуруҳлар 5 та шарт асосида, “Буюк ва муқаддассан, мустақил Ватан” мавзуида чиқиш, “Мустақиллик – менинг ҳаётимда” мавзуида ижодий ишлар ва буклетлар тайёрлаш, истиқлол йилларида амалга оширилган ислоҳотлар бўйича викторина саволлари, Мустақиллик, тинчлик ва осойишталик, Ватанга садоқат йўналишларида мақолалар тайёрлаш бўйича беллашдилар.
Беллашувда талабалар мустақиллик йилларида биринчи Президентимиз Ислом Каримов бошчилигида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, ислоҳотлар ҳақида саҳна кўринишлари, презентациялар, шеърлар ва фотокўргазмалар орқали кенг қамровли маълумотларни беришди. Беллашувга тайёргарлик жараёнида талабалар томонидан 52 та мақолалар ёзилиб, ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилди ва энг яхши деб топилганларини интернет сайтида эълон қилиш белгилаб қўйилди.
Беллашувнинг якуний натижаларига кўра 3-курс талабалари 1-ўринни эгаллашди. Беллашув иштирокчилари ва ғолиблари эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлар билан мукофотланди.
Беллашув сўнгида билим юрти мудири Д. Абдуқодиров сўзга чиқиб, мазкур беллашувнинг аҳамияти, унинг ёшлар тарбиясидаги ҳамда ёшларда ватанпарварлик ҳиссини ривож топтиришдаги ўрни ҳақида гапириб, тадбирни ташкил қилганлар ҳамда иштирокчиларнинг барчасига миннатдорчилик билдириб ўтди.
О. АДИЛОВ, Маънавий ишлар бўйича мудир муовини