Янгиликлар

ИЛМ УЛУҒ НЕЪМАТДИР

 

 

Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом-хатиби

Салоҳиддин Шарипов билан суҳбат

 

– Устоз, талабалик йилларингиз ва устозларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим. «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!» деб марҳамат қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, “Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир” деган муаллим, севикли Пайғамбаримиз Муҳамммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га дуруду салавотларимиз бўлсин.

Камина 1978 йили ўрта мактабни тамомлагач, Бухородаги “Мир Араб” мадрасасига киришни ният қилдим. Бу ниятни қалбимга сингдирган қиблагоҳим (Аллоҳ раҳматига олсин) отам бўлади. Ўзи илмли бўлмаса-да, отаcи катта олим ва қорилардан бўлган. Лекин отамнинг у зотдан бирор илм ўрганиш имконияти бўлмаган. Чунки бобом турли хил таъқиблар остида бўлиб, умрининг кўп қисми қочувда ўтган. Ҳар замонда фарзандининг дийдорини кўриш насиб этган, холос. Шунинг учун отамнинг бирдан-бир орзулари мени илмли, ўқимишли қилиш эди. Шу боис, мактабда ўқиб юрган кезларимданоқ менга: “Сен Бухорога ўқишга борасан”, деб кўп таъкидларди.

Собиқ иттифоқда ягона ушбу мадрасада атиги 50–60 нафар талаба таҳсил оларди. Ҳар йили 10–12 талаба қабул қилинар, юртимизга атиги битта ё иккита ўрин ажратиларди. Мен ҳам шу мадрасанинг талабаси бўлиш ниятида ҳужжатларни тўпладим, аммо имтиҳон ҳайъати, ҳужжат топшириладиган хоналарнинг олдига яқин бориш ҳам насиб этмади.

Шундай қилиб, 1978 йил тугаб борар, янги ўқув йилининг эса тўрт ойи ҳам ортда қолган эди. Отам диний идоранинг раҳбарларидан бири Юсуфхон Шокиров (Аллоҳ раҳматига олсин) билан отам қадрдон бўлиб, у кишига мени ўқитиш нияти борлигини айтиб юрарди. Бир куни Юсуфхон Шокиров домла отамга: “Мадрасада иш бор, ўғлингиз шу ишни бажарармикан?” дебди. Отам нима ишлигини ҳам сўраб-суриштирмай, дарҳол: “Бажаради!” деб жавоб берибди. Юсуфхон домла: “Сиз аввал фарзандингиздан сўранг, хўп дейдими, йўқми, ҳозир кўп ёшлар бундай ишдан ор қилишади”, дебди. Отам: “Нима иш қилиши керак?” деб сўраганида, домла: “Фаррошлик”, дебди. Шунда отам яна ҳеч ўйлаб ҳам ўтирмай: “Қилади!” дебди. Ўша куни отам уйга бениҳоя хурсанд ҳолда келиб: “Ўғлим, ўқишга кирдинг”, деди.

Сўнгра ота-бола Бухорога қараб йўлга тушдик. Отам мадрасанинг хўжалик ишлари бўйича раҳбарига топшириб: “Суяги бизники, эти сизники, ишлатасизлар, ўқитасизлар”, деб ташлаб кетди. Мадрасанинг саҳни жуда катта эди. Ҳар куни эрталаб ўқиш бошлангунча бир гектарга яқин майдонни тозалаб, “чиннидек” қилиш менга юклатилди. Бўш вақтларимда устозлардан тафсир, араб тили каби фанлардан сабоқ ҳам олиб турдим.

Янги ўқув йили бошланди, мадрасада меҳнат қилаётганимга бир йил бўлиб қолди. Одатдагидек ҳудудни тозалаб юрганимни кўрган мадраса раҳбари Абдуқаҳҳор Шоший домла: “Қанчадан бери бу ерда ишлаяпсан?” деб сўради. Мен яқинда бир йил бўлишини айтдим. Домла: “Қани, бир йилдан бери нимани ўргандинг?” дедилар. Мен устозлардан ўрганган билимларни бирин-кетин санай бошладим. Домла менга: “Яхши, сен бугундан бошлаб мадрасамиз талабасисан, иккинчи босқичдан ўқишни бошлайсан, аммо билиб қўй, расмий талаба ҳисобланмайсан, яъни сенга стипендия ва шу каби имкониятлар берилмайди”, дедилар. Қувончдан бошим кўкка етиб, ўқишни бошладим. Бир йилдан кейин – 1980 йили ҳарбий хизматга чақиришди. Икки йил ўтиб, мадрасага қайтдим. Тўртинчи босқичга қабул қилишди.

1983–1984 ўқув йили бошланди. Тошкентдаги олий маъҳад раҳбарияти мадрасага келиб, маъҳадда ўқитиш учун иқтидорли талабалардан 14 нафарини танлаб олишди, улар орасида мен ҳам бор эдим.

1987 йили ушбу олий маъҳадни битирдим. Институтдан мени Бухородаги мадрасага мударрис қилиб жўнатишди. У ерда икки йил, сўнг маъҳадда бир йил дарс бердим. 1990 йили эса 11 йил илгари фаррош бўлиб иш бошлаганим мадрасага раҳбар этиб тайинландим. Тақдир қизиқ экан-да, ҳеч ким эртага нима бўлишини асло билмас экан.

1993 йили маҳадда илмий мудир лавозимида ишладим. Меҳнат фаолиятим даврида ҳам бир қатор олижаноб, забардаст, талабчан устозлардан таълим олдим. Биринчи устозим, қироат илмидан сабоқ берган Садриддин қори ака бўлади. Шунингдек, Юсуфхон Шокиров, Абдуғани Абдуллаев, Мухторжон Абдуллаев, Абдуқаҳҳор Шоший, Абдуғафур домла, Абдуллажон домла, Зоҳиджон домла, Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ, Салоҳиддин қори Муҳиддинов (Аллоҳ ўтганларни раҳматига олсин) каби етук олимларнинг илмларидан баҳраманд бўлиш насиб этди.

– Баъзи ёшлар қайси олий ўқув юртига бўлса ҳам кириб олсам бўлди, дейишади. Аслида бўлажак талаба ўз олдига қандай мақсад ва ниятларни қўйиши лозим?

– Авваламбор, “таълим”, “тарбия” сўзларига тўхталсак. Бу икки сўз доимо бирга қўлланилади. “Таълим” арабча сўз бўлиб, илм ўргатиш деган маънони, “тарбия” ҳам арабчада одоб ўргатиш деган маънони билдиради. Илм ва одоб бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Агар илм бўлса-ю, одоб бўлмаса, у илмнинг инсонга фойдаси бўлмайди. Инсоннинг ўзига фойдаси бўлмаган илмдан эса жамият ҳам, юрт ҳам ҳеч қандай манфаат кўрмайди.

Илм талабида бўлган бугунги ёшларга айтадиган маслаҳатим, аввало, сабрли бўлсинлар. Қайси соҳа ёки йўналишни танламасинлар, барчаси учун сабр қилиш керак. Сабр билангина муваффақият ва улуғ мартабаларга эришилади. Зеро, илм йўлида турли хил мусибат, синов, қийинчилик ҳамда тўсиқлар учраши мумкин. Ана шу синовларни бардош, чидам билан енгиб ўтиш лозим. Шунингдек, ёшлар қайси илмни танлашларидан қатъи назар, ўзлари севган, ихлос қилган, қизиққан илмни ихтиёр этишлари талаб этилади. Энг асосийси, ҳар бир амал, намоз, таҳорат ва бошқа ибодатларга ният қилиш лозим бўлганидек, илм эгаллашдан аввал ҳам яхши ният қилиш керак бўлади. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳнинг ризолиги бўлган илм талаб қилишдан мақсади бир дунё матоҳига эришиш бўлса, жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди”, деганлар. Демак, илмга қадам қўяётган, аввало, ниятини тўғрилаб олиши керак. Бундан ташқари, Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганларидек: “Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир”. Талабалар шундай даражага қадам қўяётгаларини англаб етсинлар.

– Талабаликдай улуғ неъматнинг шукри ва унинг масъулияти нимада?

Талабалик Аллоҳнинг бандаларига берган улуғ неъматларидандир. Ҳар бир неъматнинг шукронасига масъул бўлинганидек, бу неъматнинг ҳам шукронасини қилиш керак. Унинг учта шарти бор. Аввало, тил билан шукр қилиш. Тил билан неъматларини беминнат берувчи Аллоҳга ҳамду санолар айтиш. Иккинчиси, неъматни Аллоҳ таоло фазли ва карами билан берганлигини қалбдан ҳис қилиш. Мисол учун, бу йил мен топширган олий ўқув юртига мингга яқин ёшлар талабаликка даъвогар бўлдилар. Шундан юз нафари талабаликка қабул қилинди. Аллоҳ ўз фазли билан мени ҳам бу бахтга муяссар бўлганлар қаторидан қилди, деб бу неъматни Аллоҳ етказганини қалбидан тасдиқлаши лозим. Асло илмим, ҳаракатим билан деб ўзининг амалига суяниб қолмаслиги даркор. Шукронанинг сўнгги шарти, неъматдан унумли ва тўғри фойдаланиш ҳисобланади.

Бундан ташқари, талаба келажакда ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиши учун ота-она, устоз ва талабанинг саъй-ҳаракати талаб этилади. Ана шу уч инсоннинг ҳаракати бўлса, талаба соҳасининг билимдони бўлиб етишида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Бироқ ана шу уч нафар одамдан биттаси сусткашлик қилса, кўзланган мақсад амалга ошмайди. Агар отаси сал бўшашиб: “Болам бўлди энди, шу билганинг етар”, деса талаба олим бўлмайди. Шунингдек, талаба: “Ўқиш бир гап бўлар, дўстим ўқишга машинада келади, мен қачонгача пиёда келаман?” деган ўй-хаёллар билан банд бўлса ҳам бўлмайди. Талабалик даври фақат илм билан машғул бўлиш кераклиги учун ҳам “Талабалик – олтин даврим” деб номланган. Шундай экан, талаба ўқиш даврида фақатгина илм олиш билан банд бўлиб, фикрини чалғитадиган нарсалардан узоқда бўлиши лозим. Шунда талаба илм неъматининг шукронасини адо этган ҳисобланади.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

суҳбатлашди.

 

Шаҳзод ШОМАНСУРОВ

суратга олди.

 

Read 4833 times

Янгиликлар

Top