Янгиликлар

Билим юртимизга уламолар ташрифи

2016 йилнинг 21 ноябрь куни Андижон “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом билим юртига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ташриф буюрди. Ташриф чоғида муфтий жанобларига вилоят бош имом-хатиби Н.Холиқназаров ва билим юрти мудири Н.Қодировлар ҳамроҳлик қилди.

Усмонхон Алимов жанобларининг билим юртига ташриф вақти хуфтон намозига тўғри келганлиги учун билим юрти талабалар амалиёт ўтказиш жойи, масжид биносида жамланган билим юртининг барча мударрис, ходим ва талабалари муфтий ҳазратлари билан бирга хуфтон намозини ўқиш бахтига муяссар бўлдилар.

Намоздан сўнг Андижон вилояти бош имом-хатиби Н.Холиқназаров сўз олиб, бугунги кун вилоятимизда фаолият кўрсатаётган диний соҳа ходимлари ва ушбу таълим даргоҳида  фаолият кўрсатаётган мударрис, ходим ва талабалар учун бир унутилмас сана эканлиги, яъни ушбу хурсандчилик вилоятимизга келган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг ташрифи билан боғлиқ эканлигини айтиб, ушбу фурсатдан фойдаланиб муфтий ҳазратларининг дуоларини олишлик барчамиз учун улкан бахт эканлигини айтди ва маъмнуният билан сўзни муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимовга берди.

Усмонхон Алимов жаноблари ўз нутқи аввалида, ушбу муҳташам бино, яъни ҳеч қайси катта масжидлардан қолишмайдиган, мустаҳкам, кўркам билим юрти масжидини кўриб ҳурсанд бўлганлигини, ушбу жойда дин фидойилари бўлган, келажак авлод тарбиячилари бўлган мударрис-ўқитувчилар, кўзларида Ватанга муҳаббат, юртга садоқат алангаси чақнаб турган талаба-ёшлар билан учрашиб турганлигидан мамнун эканлигини билдирди.

Усмонхон Алимов жаноблари ўз нутқи давомида юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг диний қадрятларимизнинг қайта тикланганлиги, ҳозирги кунда масжидларда намозхонлар учун яратилган шароитлар, шунингдек, мадрасаларимиз, яъни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги диний таълим муассасаларида талаба ёшлар учун яратилаётган шароитлар ҳақида гапирар экан, ушбу “Саййид Муҳйиддин махдум” номли ўрта махсус ислом билим юртини мисоли тариқасида ушбу жойда яратилган бир қанча қулайликларга барчангиз гувоҳ бўлаяпсиз, деб айтиб ўтди. Сўнги йиллар давомида Қорақолпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида, Хоразм вилоятида ҳамда Наманган вилоятида жойлашган мадрасаларда таҳсил олаётган талабаларга янада қулайлик яратиш мақсадида, у ердаги мадрасалар янги кўп қаватли биноларга кўчирилганлигини айтиб ўтар экан, ушбу яратилаётган шароитлардан талабалар унумли фойдаланиб, ҳар бир ўтаётган вақтларини ардоқлаган ҳолда ўқишдан, ўрганишдан тўхтамасликлари, келажакда юртимиз равнақи учун хизмат қиладиган комил инсонлар бўлиб етишиб чиқишларига умид қилишларини таъкидладилар.

Шунингдек, муфтий ҳазрат жорий йилнинг 4 декабрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ҳам талабалар барчага ўрнак бўлган ҳолда фаол иштирок этишларини тарафдори эканликларини билдирдилар. Сўнг муфтий ҳазратлари юрт тинчлигини, осмонимиз мусаффо бўлишини ҳамда билим юртида фаолият кўрсатаётган мударрис-ходимларнинг оилаларига тинчлик-хотиржамлик, талаба ёшларга баракотли ва фойдали илм сўраб дуо қилдилар.

Суҳбат якунида Н.Холиқназаров сўз олиб, ушбу дуолар келажакда барчамизга қанот бўлишини айтиб ўтди ҳамда ўзларининг қимматли вақтларини ажратиб ташриф буюргани учун муфтий ҳазратларига ўзи ва барча иштирокчилар номидан миннатдорчилик билдириб, юртимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, динимиз ривожи йўлида ҳизмат қилаётганларга Яратгандан куч-қувват, соғлик ва саломатлик, оилавий тинчлик ва хотиржамлик тилади.    

 

Билим юрти ходими Қаҳрамонжон ИСРАИЛОВ

Read 4942 times

Янгиликлар

Top