Янгиликлар

Имом-хатибларнинг шарафли вазифаси

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ва Абу Мусо (розияллоҳу анҳумо)ни Яманга жўнатаётганда, иккисига қарата: “Енгиллаштиринглар, қийинлаштирманглар. Мамнун қилинглар (одамларни хурсанд қиладиган сўзлардан айтинглар), нафратлантирманглар. Бир-бирларингизни яхши кўринглар, ихтилофга борманглар”, дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг мазкур муборак кўрсатмалари мусулмон жамоасига, айниқса, умматга бу диннинг мусаффо ва тўғри таълимотини осон ва енгил тушунтириб берувчи имом-хатиблар учун дастурул амалдир.

Бугунда ҳар ёндан миллий анъаналарга тамомила ёт мафкуралар, ахборот хуружлари, қолаверса, муқаддас динимиз бирлиги, кишилар эътиқодига зид таълимотлар авж олаётган бир даврда, дин ходими зиммасида ўта залворли, масъулиятли вазифалар борки, уларни сидқидилдан, матонат билан адо этишда асло сусткашликка йўл қўйиб бўлмайди.

Шу йилнинг 25 ноябрь куни “Шайх Зайниддин” жоме масжидида бўлиб ўтган Тошкент шаҳрида фаолият олиб борувчи имом-хатибларнинг навбатдаги йиғилишида ҳам ана шу масалалар ҳақида сўз борди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур имом-хатиб сергак, ҳушёр, эътиборли бўлиши, мусулмонларни омма орасида тарқатилаётган, турли ғаразли мақсадларни кўзлаб, мусулмонлар бирдамлиги, жамият барқарорлигига раҳна солишга сабаб бўлгувчи миш-мишлар, эгасиз, асоссиз гапларга ишониб кетавермасликка чақириши, бу каби фитнага сабаб бўлгувчи ишларга ўз вақтида муносиб раддия бериши кераклигини айтиб ўтди.

Шунингдек, йиғилиш давомида имом-хатибларимиз фаолиятидаги ютуқлар ҳам тилга олинди. Хусусан, “Бўрижар” жоме масжиди имом-хатиби Ҳусниддин Абдукаримовнинг “Йил имоми-2016” кўрик танловида 1-ўринни қўлга киритгани ҳақида алоҳида айтиб ўтилди. Шу билан бирга, масжидлар фаолиятига доир ташкилий масалалар юзасидан ҳам тегишли тавсиялар берилди.

 

ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги

Матбуот хизмати

Read 4234 times

Янгиликлар

Top