Янгиликлар

Ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда аёлларнинг ўрни

 

Мамлакатимизда аҳолининг тинч ва фаровон турмуш кечириши, ҳар бир маҳалла ва оилада ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, уларнинг баркамол авлодни тарбиялашда ўрни ва ролини ошириш бугунги куннинг энг долзарб, истиқболли ҳамда устувор масалаларидан ҳисобланади.

2016 йил 10 – 11 декабрь кунлари Хоразм вилоят ҳокимлигининг жамоат ташкилотлари ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича мажмуаси ҳамда вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Хотин-қизлар ўртасида диний вазиятни соғломлаштириш, мутаассиб ғоялар тарқалишининг олдини олиш” бўйича суҳбатлар ўтказилди.

Мазкур суҳбатларнинг мақсади ҳудудларда хотин-қизлар ўртасида диний вазиятни соғломлаштириш, мутаассиб ғоялар тарқалишининг олдини олиш, бу борада “Аёллар маслаҳат марказлари” ҳамда отинойилар фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилди.

Мазкур суҳбатларни ўтказиш мақсадида вилоят ҳокимлиги, вилоят хотин-қизлар қўмитаси, Урганч давлат университети, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлимлари, “Олима” аёллар уюшмасининг мутахассислари ҳамда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вилоят вакиллигининг имом-хатибларидан иборат 4 та ишчи гуруҳи шакллантирилди. Тадбир асосан қуйидаги масалалар доирасида бўлиб ўтди:

“Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда отинойиларнинг ўрни ва роли ҳамда диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масалалари тўғрисида”;

– “Отинойиларнинг жойларда тўй ва маъракаларни ихчам, кам харж ва рисоладагидек ўтказишда оилаларга яқиндан маслаҳат бериш амалиётини янада кучайтириш масалалари”;

–“Маҳаллаларда диний экстремистик оқим ғояларининг тарқалишини олдини олишнинг маънавий-маърифий асослари”.

Режага асосан суҳбатлар шаҳар ва туманлар ҳокимликларида ҳамда “Аёллар маслаҳат марказлари” биносида ўтказилди. Тадбирнинг
1-қисми ҳокимликларда отинойилар, “Аёллар маслаҳат марказлари” фаоллари ҳамда фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари иштирокида ўтказилган бўлса, 2-қисми “Аёллар маслаҳат марказлари”да ташкил этилиб, уларда диний экстремистик оқимларга мойиллиги бўлган аёллар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди, улар билан профилактик суҳбат уюштирилди. Суҳбат жараёнида асосий эътибор мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш масалалари, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда мамлакатимизнинг сайланган Президенти Ш. Мирзиёев маърузасида келтирилган устувор вазифалар ҳамда оилаларда фарзандлар тарбияси, уларнинг келажаги учун яратилган шароитлардан унумли фойдаланишни тарғиб этишга қаратилди.

Тадбирларда “Аёллар маслаҳат марказлари”нинг 50 нафарга яқин фаоллари, вилоятда фаолият юритаётган 352 нафар отинойилар, 450 нафар фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари иштирок этдилар.

 

 

 ЎМИ Хоразм вилояти вакиллиги

Read 5491 times

Янгиликлар

Top