Янгиликлар

ХАЛҚИМИЗНИНГ ИШОНЧИ ЮКСАК, УМИДИ КАТТА

Ҳар бир мамлакатнинг демократия тамойилларига қанчалик амал қилаётгани ўтказган сайловларида намоён бўлади. Қачонки, сайловда халқ ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода эта олса, ана ўша сайлов умум­эътироф этилган хал­қаро стандартларга мувофиқ тарзда ўтказилган ҳисобланади. Сайловнинг яна бир фазилати шуки, демократик давлатларда халқ ҳокимияти – фуқаролик жамияти ана шу қадрият асосида ўрнатилади. Республикамиз аҳолиси истиқлол йилларида сайлов қонунчилиги ва амалиёти борасида етарлича тажриба тўплагани Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида яққол ифодасини топди.

 

2016 йилнинг 4 декабрь куни тонгни юртдошларимиз кўтаринки кайфиятда қарши олди. Эрталабдан кечгача ёшу қари гуруҳ-гуруҳ бўлиб, қувноқ кайфиятда сайлов участкаларига бораётганига гувоҳ бўлдик. Ўзимиз ҳам уларнинг сафида овоз бердик. Ватандошларимиз мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим ҳодиса – Президент сайловида қатнашиб, ўзи танлаган номзодга овоз бердилар. Республикамиз аҳолисининг 87,73 фоизи сайловда мамнуният ила қатнашди.

Сайловда фаол қатнашиб юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашимизни яна бир бор ифода этдик. Илло, бугун одамларнинг тафаккури, дунёқараши, ҳаётга муносабати, теварак-атрофимизда рўй бераётган туб ўзгаришларга қарашлари ўзгача. Ҳар бир кишининг ўз мустақил фикри, воқеа-ҳодисаларга нисбатан ўзига хос ёндашуви бор. Одамларда мамлакатимизда юз бераётган ҳодисаларга дахлдорлик ҳисси кучайиб бормоқда. Юртдошларимизнинг ижтимоий фаоллиги ошди, фуқаролик масъулияти юксалди.

Халқимиз қадимдан ҳар бир масалани ортиқча ҳис-ҳаяжонларга берилмасдан, вазминлик билан бамаслаҳат ҳал этишни одат қилган. Зеро, бу Аллоҳ таолога хуш келувчи сифатлардандир: “Уларнинг ишлари ўзаро маслаҳат (билан) бўлур” (Шўро, 38). Аждодларимизнинг ана шу анъанасига амал қилингани туфайли сайлов кампания­сининг барча иштирокчилари қонунчилик талабларига оғишмасдан риоя қи­лди. Бирор сайлов участкасида қонунбузарлик ва бошқа кўнгилсизликлар содир этилмади. Номзодларнинг бири иккинчисининг қачонлардир йўл қўйган бирор хатоси бўлса, ўшани топиб олиб, дастак қилиб кўтармади. Аксинча, ўзининг келажакда амалга оширмоқчи бўлган ёруғ режаларини халқимиз муҳокамасига олиб чиқди.

Сайлов участкаларига турли сабаблар билан кела олмаганлар ҳам овоз беришдан четда қолмади. Сайлов куни ўз маконида бўла олмайдиган кишиларимизга муддатидан олдин овоз бериш учун қулай шароитлар яратилди. Янада эътиборлиси, ногиронлар эътибордан четда қолиб, кўнгли ўксимади, овоз бериш учун уларга ҳам муносиб қулайликлар яратилди.

Демократик тамойилларга тўла мос ҳолда ўтказилган сайловда узоқ йиллардан бери масъулиятли вазифаларда самарали фаолият юритиб, халқимиз меҳрини қозонган Шавкат Мирзиёев ишончли ғалабага эришиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти деган юксак ва масъулиятли мартабага сазовор бўлди.
Раҳматли биринчи Прези­дентимиз олиб борган савобли ишларни давом эттиришдек залворли вазифа энди у кишининг зиммасида. Халқимизнинг янги сайланган Президентдан умидлари катта. Давлатимизнинг янги раҳбари бу ишончни оқлаши аниқ. Чунки у кишида бунинг учун илм ҳам, тажриба ҳам, юртпарварлигу халқпарварлик ҳам, энг муҳими, мамлакатни бошқариш борасида ноёб қобилият ҳам етарлидир.

Ўзимизнинг эркин хоҳиш-иродамиз билан маъқул номзодни сайлаб олдик, алҳамдулиллоҳ. Энди Президентимиз атрофида жипслашмоғимиз, у кишини дуойи хайрлар билан қўллаб-қувватлаб турмоғимиз бизнинг диний ва фуқаролик бурчимиздир. Аллоҳ таборака ва таоло бундай буюради: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) иш эгалари (раҳбарлар)га итоат этингиз!..” (Нисо, 59).

Ўзбекистон Респуб­ликаси Конституцияси қабул қилинганига 24 йил тўлиши муносабати билан ўтказилган тантанали маросимда давлатимизнинг янги раҳбари кириб келаётган 2017 йилни юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилди. Шундан келиб чиққан ҳолда, масъул ташкилотларнинг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари юзасидан ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқиш зарурлигини, бу борада аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, жойларда аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги имкониятлари ва самарали усулларини жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Бу, ўз навбатида, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тавсияларига ҳам тўла мос келадиган таклифдир. У зот бундай марҳамат қиладилар: “Ҳар бирингиз бир раҳбарсиз ва қўл остингиздагилар ҳақида масъулдирсиз...” (Имом Бухорий ривояти).

Бундан ташқари, келаси йилларда амалга оширилиши режалаштирилган бир қатор муҳим ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Бу ўзгаришлар халқимиз ҳаётининг янада фаровон бўлишига, юртимизнинг бундан-да равнақ топишига хизмат қилади. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло юртимизга берган тинч­лик-хотиржамликдай улуғ неъматга самимий шук­ронамиз, раҳматли биринчи Президентимиздан жудолик мусибатига қилган сабримиз туфайли берилажак ажру мукофотлар бўлади, иншоаллоҳ...

Илоҳо, янги сайланган Президентимизнинг ушбу мартабадаги қадамлари қутлуғ ва баракотли бўлсин, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида олиб бораётган барча хайрли ишларида Парвардигори олам тавфиқи ва ёрдамини аямасин!

Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари
идораси раиси, муфтий

 

Read 5151 times

Янгиликлар

Top