Янгиликлар

Юртимиз зиёратчилари учун меҳмонхоналар ажратилди

2017 йил 22 январь куни Ўзбекистон ҳаж делегацияси ҳаж ва умра мавсумларини намунали ташкил этиш доирасида жорий йилда ўзбекистонлик зиёратчилар учун ҳаж мавсумида ажратилиши кўзда тутилган Макка шаҳридаги “Аброж ал-Ҳидоя” ва умра мавсумида хизмат кўрсатадиган“Аброж ал-Кисва” меҳмонхоналарини кўздан кечиришди.

Замонавий ва барча қулайликларга эга “ Аброж ал-Кисва ” меҳмонхонаси жорий умра мавсумида юртимиз зиёратчиларига хизмат кўрсатиши белгиланди. Ушбу меҳмонхона Масжидул ҳарамдан 600 метр масофада жойлашган бўлиб, юртдошларимиз ибодатларини Байтуллоҳда адо этишга қулай имконият ҳосил қилиш мақсадида танланди.

Делегация аъзолари “ Аброж ал-Кисва ”меҳмонхонасидаги шарт-шароитлар, ошхона-ресторан ва тиббий бўлим билан яқиндан танишишди ҳамда ўзбекистонлик зиёратчилар учун хизматлар сифатини янада ошириш юзасидан тегишли кўрсатмалар беришди.

Шунингдек, делегация аъзолари 2017 йилги Ҳаж мавсумида ҳожиларимизга хизмат кўрсатиши кўзда тутилган “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасининг иш фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди.

Эслатиб ўтамиз, янги қуриб битказилган “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси 2016 йилги Ҳаж мавсумида, биринчи бўлиб, юртимиз ҳожиларига хизмат кўрсатган эди.

“Ҳаж – 2016” мавсумида Макка шаҳридаги “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонаси томонидан тақдим этилган хизматлардан юртимиз ҳожилари жуда ҳам мамнун бўлишган. Ушбу меҳмонхона қулайликлари ҳақида гапирганда, аввало, барча хоналар тўрт кишилик қилиб тайёрлангани, ҳар бир хонада ювиниш хонаси мавжудлиги, совуткич, музлаткич, стол-стул, журнал столи, телефон, телевизор ва замонавий мебеллар билан жиҳозланганини таъкидлаш керак.

Яна шуни айтиш керакки, меҳмонхона ошхонасида бир пайтда 2200 киши таомланиши учун мўлжалланган ўринлар ҳозирланган. Шунингдек, тиббиёт маркази, ишчи гуруҳи штаби, мажлислар зали ҳамда 2000 киши сиғадиган эркак ва аёллар намозхонасига алоҳида жойлар ажратилган. Шунингдек, меҳмонхонада ҳар бири 20 кишилик бўлган 21 та лифт мунтазам ишлайди.

Меҳмонхонанинг яна бир қулайлиги шуки, битта асосий йўл бўйлаб “Ҳарами шариф” масжидига бориш мумкин. Шунингдек, меҳмонхона Мино водийси ҳудудига яқин жойлашгани сабабли зиёратчиларни у ерга олиб чиқиш ва қайтариб олиб келишда кўп енгилликлар бўлди.

Хавфсизлик нуқтаи назардан ҳам меҳмонхона яхши қурилган. Меҳмонхона атрофидан серқатнов, катта йўл трассаси бўлмагани сабабли ҳожилар эркин ҳаракат қилиши мумкин. Меҳмонхона раҳбарлари ва ишчи-хизматчилари ҳожиларимизга юқори даражада хизмат кўрсатганларини алоҳида қайд этиш керак.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

ахборот хизмати

Read 6182 times

Янгиликлар

Top