Янгиликлар

Муҳтарам юртбошимизнинг Урганч шаҳридаги “Охун бобо” жоме масжидига ташрифи

Жорий йилнинг 28 январь куни  мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги “Охун бобо” жоме масжидига ташриф буюриб, нуроний отахонлар ва диний соҳа ходимлари билан  учрашув ўтказдилар.

Учрашув давомида Юртбошимиз Урганч шаҳридаги “Охун бобо” жоме масжидини янгидан барпо қилиниши бўйича тавсияларни бердилар. Жумладан, бу ғоя Хоразм халқининг бир неча йиллик орзуси экани ҳамда ҳаётини эзгу амаллар билан безаган Ниёз Муҳаммад Охун бобонинг руҳлари ҳам шод бўлиши, келгусида мазкур табаррук жой халқимизга маърифий бир маскан сифатида хизмат қилишини таъкидлаб ўтдилар.

Президентимиз бу каби учрашувлардан кўзланган мақсад халқ билан мулоқот қилиш экани, бунда албатта, кенг жамоатчилик вакиллари билан очиқ суҳбат бўлишини билдирдилар. Шунингдек ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш бугунги куннинг долзарб вазифаси эканлигини таъкидлаб, жумладан бундай дедилар: “Ёшларимизни бугунги  глобаллашув даврида турли ёт мафкуравий хуруж ва унсурлардан сақлаб, уларнинг тарбиясини ўз қўлимизга олишимиз зарур. Уларни ислом ниқоби остида ҳаракат қилаётган бузғунчи оқимлар  ўзларига қаратиб олишидан асрашимиз керак ва бу борада юртимизнинг барча қатлами биргаликда ҳаракат қилмоғи лозим” дедилар.

Президентимиз суҳбат давомида айни вақтда, ёшларимиз илм ўрганиши, бунинг учун мактаб ва коллежларда давоматларни яхшилаш лозимлигини ва нуроний, маҳалла каби, жамоат ташкилотлари ходимлари ёшлар тарбияси учун масъул эканлигини ҳам гапириб, ривожланган давлатлардан Жанубий Кореядаги мактаб ўқувчиларига жамоатчилик назоратини мисол қилиб келтирдилар. Жанубий Кореяда бирор ўқувчи мактабга, коллежга бормаса маҳалла мутасаддиларига дархол хабар келиши ва ўз навбатида маҳалла мутасаддилари ўқувчининг ота-онаси билан учрашиб бола бир кун дарсдан қолса, жамиятга ва давлатга қанча зарар келтиришини аниқ рақамлар билан тушунтиришини, натижада давлатга боқимандага айланишини мисол келтириб ўтдилар.

Шундан кейин муҳтарам Юртбошимиз Урганч шаҳридаги «Охун бобо» жомеъ масжидига биринчи тамал тошини қўйиб бердилар.

Учрашув иштирокчилари Давлатимиз раҳбарининг Хоразм вилоятига қилган ташрифи учун миннатдорчилик изҳор этиб, собиқ шўро даврида вилоятда атиги 3 та масжид фаолият юритган бўлса, ҳозирда 100га яқин жоме масжид ва «Фахриддин Ар-Розий» номидаги мадраса халқимизнинг диний ва маънавий эҳтиёжларининг қондирилишида муҳим аҳамият касб этаётганини билдирдилар.

 

Муҳаммадназар ҚАЮМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

масжидлар бўлими мудири

Read 6814 times

Янгиликлар

Top