Янгиликлар

“Мустақиллик йилларида виждон ва эътиқод эркинлиги соҳасида эришилган ютуқлар” мавзусида матбуот анжумани

Жорий йилнинг 15 август куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида республикамизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга бағишланган “Мустақиллик йилларида виждон ва эътиқод эркинлиги соҳасида эришилган ютуқлар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуманда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом университети, Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, диний конфессия раҳбарлари, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар мустақиллик йилларида Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш ва фуқароларнинг эътиқодий эҳтиёжларини тўла-тўкис қондириш борасида олиб борилаётган сиёсатнинг моҳият-мазмуни ва ҳуқуқий асослари, сўнгги йилларда диний таълим тизимини ривожлантириш, муқаддас ҳаж амаллари ва умра зиёратларини ташкил этишни янада такомиллаштириш, бой меросимизни илмий асосда ҳар томонлама чуқур ўрганиш, юртимизда етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг илмий-ижодий фолияти билан кенг жамоатчиликни таништириш, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш борасида олиб борилаётган сермаҳсул ишлар ҳақида батафсил маълумот бердилар.

Анжуманда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида сўнгги даврда ислом дининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтиҳор руҳида тарбиялаш, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар меросини ўрганиш, ислом таълимотининг турли йўналишларида чуқур илмий-тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш борасида салмоқли ишлар олиб борилаётгани эътироф этилди.

Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом маданияти маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Термиз шаҳрида Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги ислом маданияти маркази фаолиятини ташкил этилиш юқоридаги эзгу мақсадларга, шунингдек, маънавиятимизни янада юксалтириш, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, ижтимоий барқарорлик, ўзаро аҳиллик ва тотувликнинг кучайишига хизмат қилиши таъкидланди.

Анжуман сўнгида эркин савол-жавоблар бўлди. Унда оммавий ахбарот вакиллари ва анжуман иштирокчилари, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.  

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 5508 times

Янгиликлар

Top