Ислом тарихидаги энг йирик мутафаккирлардан бири бўлган Муҳаммад Ҳаким Термизийнинг (820-932) Қуръон тафсирига бағишланган асари “Баҳр ат-тафсир” номи билан илк бор нашр этилди. Ушбу нодир асар бугунги кунгача тадқиқотчилар томонидан “йўқолган” деб ҳисоблаб келинаётган эди. Аммо Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Жўрабек Чўтматов ушбу асар қўлёзмасини Туркиянинг Бурдур шаҳридан топди ва уни нашрга тайёрлади. Ушбу асар Туркиянинг Истанбул шаҳридаги “Дор ал-кутуб-арабийя” нашриётида нашр этилди. Китоб таҳририда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари Маҳмуд Нормуродов, Фахриддин Худойназаров, Аббосхон Абдуллаев ва Умарали Ўлжаевлар ҳам иштирок этишди.
БАТАФСИЛ
Aбу Aбдуллоҳ Муҳаммад ибн Aли ибн Ҳасан Термизий (тахминан 205-320 / 820-932 йиллар) исломнинг турли йўналишлари, жумладан, Қуръон тафсирига оид алоҳида китоб ёзган олим, лекин манбалардан маълумки, у ушбу асарни тугатишга улгурмаган. Бу ҳақда Ҳужвирий (467/1074 ваф.) "Кашф ал-маҳжуб", Aбдураҳмон Жомий (817-898 / 1412-1494) "Нафахот ал-унс" ва Aлишер Навоий “Насойим ал-муҳаббат”да (845-907 / 1441-1501) маълумот берган.
Масалан, Ҳужвирийга кўра: "Дарҳақиқат, у зот тафсир (китоб) бошлаган, лекин тугатишга улгурмаган. Унинг бир қисми, у зот ёзишга муваффақ бўлган миқдордагиси илм аҳли орасида тарқалгандир”.
Алишер Навоий эса “Насойимул муҳаббат”да Ҳаким Термизий шундай дейди: “.бир тафсир ҳам ибтидо қилғондур. Аммо итмомиға умр вафо қилмайдур”.
Муҳаммад Ҳаким Термизий ҳаёти ва ижодини ўрганган тадқиқотчилар асарларида ушбу тафсир "йўқолган" ёки "Ҳужвирий китобида келган" деб қайд этилган.
Аслида ушбу асар қўлёзмаси Туркиянинг Бурдур шаҳридаги Миллий кутубхонада 143-рақам остида сақланган ва унинг матн қисми колофонлардан ташқари 139 бетдан, 70 вароқдан иборат. Ҳар бир бет икки колонкадан иборат ва у 549/1154-йилда Шарофиддин Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ибн Абдулвоҳид ибн Муҳаммад ибн Али Ансорий Ҳусайний асли Шерозий Димашқий Ҳанбалий томонидан кўчирилган. Аммо ушбу Тафсир “Тафсир суратил фатиҳа ва хейратиҳи” номи билан сақланганлиги туфайли унинг Ҳаким Термизийга мансублиги узоқ йиллар, ҳаттоки асрлар давомида билинмай келган!
Ушбу китоб бир неча қисмлардан ташкил топган:
- Дастлаб китоб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг кириш қисми билан бошланган (5-7 бетлар). Унда илмнинг фазли, қўлёзмалар тадқиқи аҳамияти, Ҳаким Термизий меросининг қадри ҳақида қимматли маълумотлар берилган.
- Шундан сўнг унга Марокашдаги Татвон шаҳридаги Абдулмалик Саъдий университетининг “Усул ад-дин” факультети ақида илмий бўйича профессори доктор Холид Заҳрий томонидан 40 бетлик “Муқаддима” битилган. Ушбу кириш қисмнинг эътиборли жиҳати шундаки, унда Ҳаким Термизий ижоди билан боғлиқ сўнгги хулосалар ва янги жиҳатлар очиб берилган. Тафсир ва унинг аҳамияти ҳақида ниҳоятда синчковлик билан тўхталган ва бу янги ишнинг улкан фойдалари кўрсатиб ўтилган (9-48 бетлар).
- Ундан сўнг китоб тадқиқотчисининг муқаддимаси ўрин олган бўлиб, унда Термиз ва Термизийларнинг ислом дунёсидаги ўрнига тўхталинган. Жумладан, Термизга Исломнинг кириб келиши, Термизда яшган саҳоба ва Термизий нисбасидаги таба тобеинлар, Термизнинг тафсир, ҳадис, ақида, фиқҳ, тасаввуф борасида мактаб даражасида фаолият кўрсатгани охирги илмий янгиликлар асосида кўрсатиб берилган. Сўнг Ҳаким Термизий қарашларига тўхталиб ўтиб, олимнинг маърифат, авлиёлик, психология, “мақосид аш-шарийъа” каби йўналишлардаги асосчилиги кўрсатилган ҳолда, унинг ҳикмат назарияси асочиси эканлиги ҳам очиб берилган. Шундан сўнг тафсир, унинг қўлёзмалари ва қўлёзмани таҳқиқ қилиш доирасида бажарилган ишлар кўрсатиб ўтилган ва қўлёзманинг дастлабки ва охирги бетларидан намуналар берилган (49-138 бетлар).
- Сўнг бевосита Ҳаким Термизийнинг тафсирга оид асари матнига ўтилган. Ушбу тафсирда Фотиҳа сураси тўлиқ, Бақара сурасининг айрим оятлари тафсир қилинган. Чунки таъкидланганидай, ушбу тафсирни тугатишга муаллифнинг умри вафо қилмаган (139-600 бетлар).
- Кейин китобнинг “Муқтатофат мин тафасийр ал-Ҳаким ат-Термизий ли-баъзил айат” (Ҳаким Термизийнинг баъзи оятларга қилган тафсирларидан намуналар) деб номланган қисм бошланиб, у тафсирга алоҳида қисм сифатида илова қилинди. Унда Ҳаким Термизийнинг бошқа тафсирларда учрайдиган тафсир ҳақидаги ривоятлари жамланди. Бу қисмда Имом Абу Лайс Самарқандийнинг “Баҳр ал-улум”, Суламийнинг “Ҳақоиқ ат-тафсир” ва ушбу тафсирнинг давоми бўлган “Зиёдот” қисми, Абу Исҳоқ Нишопурийнинг “Ал-Кашф вал-баён”, Абулфарож Ибн Жавзийнинг “Зод ал-масир фи илм ат-тафсир”, Фахриддин Розийнинг “Мафатиҳ ал-ғайб”, Қуртубийнинг “Ал-Жомеъ ли-аҳком ал-Қуръан”, Абулбаракот Насафийнинг “Мадорик ат-танзил ва ҳақоиқ ат-таъвил”, Абу Ҳайён Андалусийнинг “Ал-Баҳр ал-муҳит”, Абу Зайд Саъолибийнинг “Ал-Жаваҳир ал-ҳисан фи тафсир ал-Қуръан”, Ширбинийнинг “Ас-Сирож ал-мунир”, Исмоил Ҳаққий Бурсавийнинг “Руҳ ал-баён”, Ибн Ажибанинг “Ал-Баҳр ал-мадид фи тафсир ал-Қуръан ал-мажид” каби асарларида Ҳаким Термизийдан ривоят қилинган тафсирга оид ривоятлар жамланган (601-692).
- Сўнг илмий нашр қоидаларига мувофиқ тарзда оят, ҳадис ва ривоятлар кўрсаткичи келтирилган. Ушбу кўрсаткичларда оятлар Қуръонда келган тартибига кўра жойлаштирилган (Фотиҳа, Бақара, Олим Имрон...), ҳадис ва ривоятлар эса мўъжам ҳарфлари тартибида келтирилган (أ, ب، ت...) ва улар чоп этилган асарнинг қайси бетида келганлиги кўрсатилган. Умуман, ушбу тафсирда 72 сурадан оятлар мавжуд (725-745 бетлар).
- Сўнг фойдаланилган адабиётлар рўйхати тақдим этилган. Унда 210 нафар адабиёт мавжуд (745-771-бетлар).
Ҳаким Термизийнинг “Тафсир”ига келсак, унинг нодирлиги шундаки, унда Қуръон оятлари ҳам оят, ҳадис ва олимларнинг сўзлари билан нақлий жиҳатдан, шунингдек, ақидавий, фиқҳий, тасаввуфий, луғавий жиҳатлар, қолаверса, оятларга мустақил фикрий ёндашув билан ҳам тафсир қилинган. Буларнинг бари эса Ҳаким Термизийнинг улуғ донишманд – ҳакимлик унвонига сазовор бўлиш сабабларини кўрсатиб, тафсир услубини ҳам ҳикмат асосида бўлганлигини мулоҳаза қилиш мумкин. Кейинчалик Қуръони Каримни шу тарзда кенг миқёсда таҳлил этиш Имом Мотуридий, Абу Лайс Самарқандий, Абулбаракот Насафий каби улуғ зотларнинг тафсирга бағишланган асарида ҳам кузатилган ва Мовароуннаҳр муфассирларининг асосий йўналишига айланиб, Ислом дунёсининг бошқа илмий марказларида ҳам бу йўналишнинг бошланишига сабаб бўлган. Умуман, бу асар Мовароуннаҳрда ёзилган илк ёзма тафсирлардан биридир. Абд ибн Ҳумайд (ваф. 249/863) “Тафсир”и нақлий услубда бўлса, ушбу кенг миқёсли ёзма тарздаги тафсир борасида эса Термизийни ҳозирги билимларимиз доирасида биринчи дейиш мумкин.
Холид Заҳрийга кўра, Қуръонни ақида илми нуқтаи назаридан тафсир қилиш бўйича ҳам ушбу тафсирни илк ёзма асар санаш мумкин.
Умуман, тафсирда янги жиҳатлар кўп, буни китобхон яхши англаб олиши мумкин. Аммо бир нарсани алоҳида қайд этиш лозим. Қуръон тафсирида райни – мустақил фикр ва хулосани ишлатиш худди фиқҳда райни ишлатишдек мунозарали масала бўлган. Аммо Ҳаким Термизий биринчилардан бўлиб ушбу тафсирида Қуръонни тафсир қилишда фикрни ишлатиш маълум шартлар ила жойизлигини айтган. Гарчи илк рай билан тафсирлар Зайд ибн Аслам ва Мужоҳид каби илк аср олимларига тегишли эканлиги айтилса-да, уни услуб жиҳатдан кўрсатиш ва шартларини баён қилиш бўйича Термизийнинг ушбу тафсирда берган фикрлари фундаментал аҳамият касб этади ва туб бурилишни ифодалайди. Келтирилганидек, кейинчалик ёки бир оз ўтиб Имом Мотуридий, Насафий, Замахшарий ва бошқалар бу йўналишда тафсир битишган.
Китоб нашри доирасида доирасида қуйидаги ишлар бажарилган:
- Аввало, таъкидлаш лозимки, ушбу тафсир асарининг биргина нусхаси маълум. Аммо ушбу тафсирнинг айрим кичик қисмлари (кириш ва наҳв илмига оид икки қисми) доктор Холид Заҳрий томонидан Ҳаким Термизийнинг рисоласи сифатида нашр этилган “Рисолатун фий холқил адамий” ва туркиялик тадқиқотчи Маҳмуд Чифчи томонидан чоп этилган Имом Нажжорнинг (Абу Муҳаммад Тоҳир ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Қазвиний, ваф. 575/1179) “Байан ан-наҳв фи илм ал-будувв” рисоласида келганлиги боис ушбу рисолалар билан “Тафсир”да келган матн сўзма-сўз солиштирилган ва фарқлар изоҳда кўрсатилган. Холид Заҳрий ушбу ўзи нашр этган рисолани тафсирнинг кириш қисми эканлигини билмаган, чунки бу қўлёзмада ҳам айтилмаган. Аммо Нажжор ўзи шарҳ берган қисмнинг Термизий тафсирининг бир бўлаги эканлигини айтган, аммо унинг бир қисминигина шарҳлаш учун келтирган. Таъкидлаш лозимки, “Тафсир” нашрига Имом Нажжорнинг шарҳи ҳам изоҳ қисмда тўла-тўкис келтирилган.
2. Оятлар Мадина мусҳафига мувофиқ тарзда қўйиб чиқилган ва уларнинг сураси ва оят рақамлари кўрсатилган;
3. Китоб матнида келган 160 та ҳадис батафсил тахриж қилинди – манбаси кўрсатилиб, ишончлилик даражаси баҳоланган;
4. Китоб матнида келган 256 нафар шахснинг таржимаи ҳоллари келтирилган;
5. Китобда саҳоба ва салафи солиҳлардан ривоят қилинган 133 та ривоят бўлиб, уларнинг манбасига фақат лозим ўриндагина тўхталинган;
6. Изоҳ қисмида келтирилган барча тур маълумотларнинг манбаси: асар жилди, бети ва рақамлари аниқ кўрсатилган;
7. Асарда келган маъноси дақиқ сўзлар араб тилининг мўътабар луғат манбаларидан фойдаланган ҳолда изоҳланган.
Умуман, Ушбу тадқиқот доирасида 210 адабиётдан фойдаланилган, мингдан ошиқ ҳаволалар (сноска) берилган.
Умуман олганда, ушбу тафсир ҳар томонлама нодир манбалиги сабабли Ҳаким Термизийнинг дунёдаги етакчи тадқиқотчиларидан бири бўлган марокашлик олим, доктор Холид Заҳрий томонидан “Муқаддима”да “улуғ кашфиёт” сифатида баҳоланган.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази Матбуот хизмати.