Янгиликлар

Қатар делегацияси “Ҳазрати Имом” мажмуаси, Тошкент ва Самарқанддаги мадрасаларни зиёрат қилади

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш борасида муҳим қадамлар қўйилди. Тарихий факт: 2023 йилда Тошкент ва Қатарда элчихоналарнинг очилиши кўплаб соҳалардаги ҳамкорлик ривожига янги суръат бағишлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 1-2 октябрь кунлари Қатарга давлат ташрифи чоғида маданият, туризм, санъат ва ҳунармандчилик соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилган эди.

ЎзAнинг хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Қатар давлати ҳукумати ўртасида маданият соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Ушбу ҳужжат доирасида Қатар Маданият вазирлиги делегацияси мамлакатимизга келди. Меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги вакиллари кутиб олди.

Делегация аъзолари ва маданият вазири Озодбек Назарбеков ўртасида учрашув бўлиб ўтади. Меҳмонларнинг Тошкент шаҳридаги маданий масканлар – “Ҳазрати Имом” мажмуаси, “Барохон” мадрасаси, “Хожа Aҳрор Валий” жоме масжиди, “Кўкалдош” мадрасаси, “Чорсу” бозори, “Темурийлар тарихи” давлат музейи, Ўзбекистон амалий санъат музейига ташриф буюриши режалаштирилган.

15 апрель куни Қатардан ташриф буюрган меҳмонлар Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари – “Улуғбек” расадхонаси, “Aфрасиёб” музейи, “Бибихоним” мадрасаси, “Регистон” мажмуасини зиёрат қилади.

Дастурга мувофиқ, 16 апрель куни Қатағон қурбонлари хотираси ёдгорлик мажмуаси, Тошкент телеминораси, Тошкент ҳайвонот боғи, “Ташкент Cити Молл” савдо маркази, “Магик Cити” кўнгилочар маркази, “Миллий боғ” паркига зиёрат ташкил қилинади.

14 апрель куни меҳмонлар экотуризм зонаси ҳисобланган Бўстонлиқ вилоятининг кўнгилочар масканларига саёҳат қилишди.

Давлатимиз раҳбарининг Қатарга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларда маданий-маърифий ҳамкорликни кенгайтириш ҳам кўзда тутилган. 2024 йилда Доҳада Ўзбекистон маданияти ва туризми ҳафталигини ўтказиш режалаштирилган.

Жорий йилнинг февраль ойида Доҳа шаҳрида Ўзбекистон маданияти, ҳунармандчилиги ва туризми кунлари бўлиб ўтган эди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 761 times

Янгиликлар

Top