Янгиликлар

“Дунё уламолари мурожаати” номли китоб тақдимоти

2016 йил 2 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида янги нашрдан чиққан “Дунё уламолари мурожаати” номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди. 
Маълумки, ҳозирги глобаллашув даврида ёшларни тўғри йўлдан адаштиришга, уларни маънан қашшоқлаштиришга, манқуртга айлантиришга қаратилган кўплаб маънавий таҳдидлар бор. Шундай ҳолатда ёшларимиз, жоҳил кимсаларнинг алдовларига учиб кетмасликлари учун уларни ёт иллатлардан хабардор қилиш, асл мақсадларини фош этиш, келажак эгаларини жаҳолатга қарши маърифат билан курашадиган қилиб тарбиялаш бугунги кундаги энг долзарб вазифадир. Шуларни инобатга олган ҳолда, Республикамизда соғлом маънавий муҳитни сақлаш, ёшларимизни соф Ислом маърифати асосида тарбиялаш, уларни турли ёт ғоялардан ҳимоя қилиш мақсадида кўплаб долзарб мавзудаги китоблар ва рисолалар нашр қилинмоқда. “Оилада фарзанд тарбияси”, “Ислом ва ақидапарст оқимлар”, “Интернетга ин қурган “ўргимчаклар””, “ИШИД фитнаси (Смута ИГИЛ)”, “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” ва бошқа қатор китоблар шулар жумласидандир. Бугун тақдимоти ўтказилган “Дунё уламолари мурожаати” китоби ҳам ана шундай долзарб мавзуни ўз ичида мужассам этган китобдир. 
Бу каби китоб ва рисолаларнинг нашр қилинишидан кўзланган энг олий мақсад – ёшларни ахлоқан баркамол, турли таҳдидларга қарши кураша оладиган, ҳушёр ва сергак қилиб тарбиялашдир. 
Китоб тақдимотида имом-хатиблар, диний таълим муассасалари мударрис-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этишди. 
“Дунё уламолари мурожаати” китоби тақдимотини Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошлаб берди. 
Ҳозирги кунда ёшларни тўғри йўлдан адаштиришга қаратилган ғояларга алданмаслик, залолат ботқоғига ботмаслик учун китобда дунё уламоларининг қатор тавсиялари келтириб ўтилган. 
Анжуманда Дин ишлари бўйича қўмита масжидлар бўлими мудири Муҳаммад Бобур Юлдошев, профессор Убайдулла Уватов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими мудири Абдулҳамид Турсунов, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Тошкент шаҳридаги вакили, шаҳар бош имоми Анвар қори Турсунов, Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров сўзга чиқишди. 
Китобда юртимиз ва дунё уламоларининг турли ёт оқимлар, бузғунчи кучларга қарши билдирган жуда муҳим фикрлари жамланган. Шунингдек ушбу китобда, дунёнинг бугунги кунда эътироф этилган забардаст уламолари томонидан ислом динининг мусаффолигини сақлаш, турли-туман туҳматлардан, эътиқодимизга бутунлай зид, динимизга мутлақо алоқаси бўлмаган гап сўзлардан ҳимоя қилиш мақсадида берилган фатволари, маърузаларидан намуналар келтирилган. Шунингдек, китобда мусулмон киши тўғри йўлдан адашмаслиги, бузғунчи кучларнинг пуч ғояларига алданмаслиги учун зарурий тавсиялар ҳамда асримизнинг йирик ислом уламолари ишлаб чиққан замонавий медиа воситаларидан фойдаланиш одоблари ҳам илова қилинган. 
Тақдимот тадбири муфтий ҳазратлари китоб ижодкорлари, азиз меҳмонларимиз ҳақларига дуо билан якунланди.

 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Матбуот хизмати

Read 8130 times

Янгиликлар

Top