Рамазон

Тақво аҳли бўлинг

Оламларни тарбият қилувчи Аллоҳ таолога беадад, гўзал ва муборак ҳамд бўлсин.Унинг Зоти азаматига ва салтанатининг буюклигига қандайин ҳамд сазовор бўлса, шундай ҳамду санолар бўлсин!

Ва Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)га, у зотнинг аҳли хонадонларига, асҳобларига ва барча издошларига салоту саломлар бўлсин!

Аллоҳ таоло Қуръони каримда буюради:

 «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир».

 

Дарҳақиқат, инсон охират учун нима ҳозирламоқда? Дунёда қилган барча яхши ва ёмон амаллари охиратдаги ҳаётини белгилайди. Ифторлик садақа, закот берган, масжид қурган, рўза тутган, намоз ўқиган, умрага борган, ҳаж қилган, ибодат қилган бўлса, буларнинг савоби қаерга кетади? Охиратга кетади. Инсон дунёдалик вақтидаёқ қилган амалларини охиратга юборади. Аксинча, гуноҳ ишлар қилган бўлса, ароқ ичган, қимор ўйнаган, зулм, ҳақсизлик, зино, номуссизлик қилган бўлса, хуллас, Аллоҳ севмайдиган нимаики ишларга қўл урган бўлса, улар ҳам ҳаммаси охиратга кетади.

 

«Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир

 

Яна бошқа бир ояти каримада Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

 

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақатгина мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!»

 

Ҳазрати Али: «Эй Раббим! Сен мен хоҳлаганимдек Парвардигорсан, сенга ҳамд бўлсин! Мени ҳам Ўзинг хоҳлаганинг каби қул қилгин», деган эканлар. Аллоҳ хоҳлагандай қул қандай бўлади? Бундай қул тақво аҳли бўлиши керак... Тақводор қул бўлгандан кейин Аллоҳ хоҳлаганидек қул бўлади. Бундай зотларни атрофимизда учратишимиз мумкин. Ҳеч кимни ранжитмайди, қўлида тасбеҳ, тилида зикру дуо, феъли гўзал, зариф, ширин сўз, яхшиликни севадиган, фариштадек... Бундай инсонлар ҳақида сўз кетганда: «Бу одам тақводордир», деймиз. Хўш, тақво нима дегани ўзи?

 

Тақво, бу арабчада сақланмоқ, қўрқмоқ деган маънони билдиради. Ўзаги «воқая»дир. Воқая қилиш бирор нарсадан асранмоқ, сақланмоқ дегани. Тақво бу инсоннинг ўзини ҳаром ишлардан сақлаши ва қўриқлаши. Нимадан асрайди? Ўзини Аллоҳнинг ғазабидан асрайди. Чунки Аллоҳ таоло куч-қудрат соҳиби. У охиратда инсонларнинг қилган амалларига яраша жавобини беради.

 

Қиёмат кунининг эгаси бўлганлиги учун Аллоҳ яхшиларни мукофотлаб, ёмонларни жазолагувчи зот ҳисобланади. Биз нима қилишимиз лозим? Аллоҳнинг азобидан сақланишимиз лозим!.. Чунки Аллоҳ ёмонларни жаҳаннамда азоблаб, ёқади. Кўзлар кўрмаган, ақллар бовар қилмаган қўрқинчли азобга гирифтор қилади. Шунинг учун ҳам Унинг азобидан сақланиш керак.

 

Ҳозир рамазон ойидамиз, суҳбатимиз рамазон ҳақида бўлади. Аллоҳ таоло фарз қилгани учун рамазон ойи рўзасини тутамиз. Аллоҳ таоло қуйидаги ояти карима билан рўзани бизга фарз қилди:

 

«Эй мўминлар! Тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди».

 

Бу ояти каримадан рўза тутишга қудрати етган ҳар бир мўъминга рўза тутиш фарз эканлигини билиб оламиз. Чунки «Бўйнингизга ёзилди», дейилмоқда. Бу бир...

 

Иккинчиси: «Сиздан олдинги умматларга ёзилгани каби, сизга ҳам ёзилди», деб буюрилмоқда. Маълум бўладики, рўза тутиш бу фақатгина бизга фарз бўлмаган, биздан олдинги умматларга ҳам амр қилинган экан.

 

Учинчидан: «Токи тақво аҳли – яхши бир мусулмон бўлсангиз». Демак, рўза тутган одам тақвога эришиши лозим! Тақво аҳлидан бўлган яхши бир мусулмон бўлиш керак!..

 

Аллоҳ таоло юқоридаги ояти карималарида бизни тақво аҳли бўлишга чақириб: «Тақво аҳли бўлинг!» деб, унинг йўли қандай бўлишини ҳам кўрсатиб қўйибди. Ҳа, тақводор бир қул бўламиз, ёмон ишлардан сақланамиз, одобли, тарбияли, муборак, комил бир мусулмон бўламиз, аммо бунга қандай қилиб эришиш мумкин?

 

Унинг йўли ва чораси рўза тутмоқ. «Олдинги умматларга фарз қилинганидек, сизга ҳам фарз қилинди, токи сиз ҳам тақво аҳлидек тақводор инсон бўлсангиз». Демак, асл мусулмон бўлишнинг, Аллоҳ таоло севган бир тақводор мўъмин бўлишнинг йўли рўза тутмоқдир. Бу ояти карима, тақво сифатига эришмоғимиз учун, бизга рўза ёрдамчи бўла олишини очиқ кўрсатиб турибди.

 

Азиз ва муҳтарам биродарлар! Танамизда икки қўлимиз, икки оёғимиз, бошимиз, кўзимиз, қулоғимиз бор. Бундан ташқари, руҳимиз, яъни жонимиз ҳам бор... Руҳ тириклигида бу қош, бу кўз, яъни бу баданнинг қиймати бўлади, аммо руҳ жасадни тарк этиши билан бадан ҳеч нарсага ярамай қолади. Бир оз аввал гаплашаётган бир одам вафот этса, руҳи чиқиб кетса, энди гапирмайди, қимирлаётган бўлса, энди қимирламай қолади. Руҳ кетиши билан бу жасаднинг қиймати қолмайди.

 

Нафснинг истакларини шаҳавоти нафсония деб айтамиз. Шаҳавот - хоҳишлар, орзулар дегани. Нафс ичкаридан хоҳишлар ҳосил қилади ва айтади: «Вой, оч қолдим, вой, сувсадим! Вой, дам олишни хоҳлайман, ухламоқчиман!..» ва ҳоказо шунга ўхшаш орзулар.

 

Тўғри, бу истаклар табиий эҳтиёждир. Парвардигоримиз ҳеч бир нарсани ўринсиз яратмаган. Парвардигоримиз буларнинг вужудда бўлишини хоҳлаб яратган экан, ҳикматдан холи эмас, албатта, маънога эга... Раббимизнинг ҳикматсиз бирор иши йўқ.

 

Инсон ўз-ўзини назорат қилмоғи лозим! Инсон вужудининг назоратчиси бу нафс. Инсонга вужудининг эҳтиёжини билдириш жиҳатидан у лозимдир. Аммо бу нафсни ўз ҳолига ташлаб қўйилса, ҳаддидан ошиб кетади. Яъни шаҳавоти нафсония нафс орзуларининг чегараси бўлмайди, давом этиб кетаверади. Чегарадан чиқиб кетганидан кейин инсонни гуноҳларга бошлайди. Масалан, ўғирлик қилдиради, бировнинг номусига кўз олайтиради, танбалликка даъват этади, кўп ухлашга гирифтор қилади, бошқалар ишласин, мен текинга яшайман, деб васвасага солади ва шунга ўхшаш бошқа гуноҳ ишларга чорлайди.

 

Нафснинг ушбу ҳолатига нафси аммора деб аталади. У шундай нафски, инсонларни ёмонликка амр қилади... Инсон нафси тарбияланмадими, у албатта, разолатга бошлайди, жаҳолатга буюради. Юсуф сурасида:

 

«Чунки нафс агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса албатта, барча ёмонликларга буюргувчидир», деган оят бор.

 

Нафснинг ҳаддан ошиб кетаётган орзуларини тўхтатиш лозим! Ким тўхтатади? Болани отаси тўхтатади: «Футбол ўйнама! Кинога борма! Ўтир, дарсингни қил! Тур, ухлама!.. Уй вазифасини бажар, кейин ташқарига чиқиб ўйна!» ва шунга ўхшаш. Кимдир уни бошқариб туради.

 

Хўп, бола улғайиб кучли-қувватли йигит бўлди, ўз-ўзига буйруқ берадиган бўлиб қолган бўлса, уни ким идора этади?.. У инсоннинг нафсини ким бошқаради, тарбия қилади? Инсоннинг нафси тарбияга муҳтож! Агар нафс тарбия қилинса, инсон нажот топади. Қайси далилга кўра, қайси ҳужжатга кўра қутулади? Аллоҳ таоло бунга жавобан Қуръони каримда шундай буюради:

 

«Дарҳақиқат уни (яъни ўз нафсини - жонини имон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди. Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди». Нафсини тарбиялаб поклаган, ислоҳ қилган қутулади. «Нафсини тарбия қилмаган эзгуликдан маҳрум қолади, Инсоннинг нафси тарбияланган бўлиши лозим!.. Бошлиқнинг, хўжайиннинг, хотиннинг, эркакнинг, ҳар бир кишининг нафси тарбияланиши лозим!.. Нафси тарбияланган одам комил инсон бўлади. Юсуф Ҳамадоний, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Аҳмад Яссавий, Мавлоно Жалолиддин Румий, Баҳоуддин Нақшбанд, Иброҳим Адҳам каби нафсини тарбиялаган комил инсонлар бўлишган. Ҳаммаларидан Аллоҳ рози бўлсин! Буларнинг барчаси тарихда номи қолган севимли буюк инсонлардир.

 

Шурайҳ ҳазратлари қози эдилар. Бир куни маҳкамага икки киши кириб келди. Бири мусулмон, иккинчиси - насроний эди. Шунда у кишининг юраги бир жиз этди ва «Иншоаллоҳ, мусулмон ҳақлидир», дедилар. Кўнгиллари тарафкашлик қилди. Қаранг, даъволарини айтиш учун даъвогарлар қозининг ҳузурига келдилар. Қозининг кўнгли эса мусулмон кишига майл этди. Мусулмонни севди, чунки у диндоши, йўлдоши, ҳамзикри эди.

 

Келганларнинг арзини эшитгач, бахтга қарши, мусулмон ҳақсиз, насроний ҳақ бўлиб чиқди.

 

Қози Шурайҳ даъвони битирдилар, аммо умрларининг охиригача изтиробда яшадилар:

 

«Нега қалбим мендан адолат сўраб келган икки кишининг биринчисига олдинроқ майл этди?» деб ўзларини айблаб юрдилар. Қаранг, инсоннинг нафси тарбиялангандан кейин ўз-ўзини қандай жиддий назорат қилади.

 

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ҳамма нарсага қизиқувчан ва ашёнинг асл маъносини идрок эта билган киши эдилар. Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу)дан сўрадилар:

 

«Аллоҳ таоло Қуръони каримда тақвони кўп амр қилган. Тақво ўзи нима?

 

Қуръони каримни жамлаган, уни жуда ҳам яхши билган олим саҳобалардан бири бўлган Убай ибни Каъб (розияллоҳу анҳу) жуда ҳам мазмундор жавоб берадилар:

 

Эй Умар, сен тиканли далада юрганмиcан?

 

Юрганман!

 

Қандай қилиб юрдинг?

 

Этакларимни йиғиб олдим. (Араблар узун кўйлак киядилар...)

 

Нега бундай қилдинг?

 

Тиканлар этакларимни йиртмаслиги ва оёғимга тиканлар кирмаслиги учун. Оёғимга тикан кирса, қонатади ва оғритади.

 

Тақво ҳам шундай! деб жавоб бердилар Убай ибни Каъб (розияллоҳу анҳу).

 

Қаранг, қандай жавоб бермоқда? Тамсил йўли билан, яъни ўхшатиш билан, эсда қоладиган бир мисол билан тушунтирмоқда.

 

Шунинг учун гуноҳ тиканларини босмаслигинг керак! Гуноҳ тиканларига кўйлагингни илинтирмаслигинг лозим! Диққат билан юришинг даркор! Эҳтиёт бўлиб юрсанг, ҳаром ишни ҳам қилмайсан. Ҳушёр бўлсанг гуноҳкор бўлмайсан.

 

Аммо, инсонлар бу гуноҳларни билмаганликларидан қилмоқдаларми?

 

Ичкилик, қимор, ёлғон, фоизнинг (судхўрликнинг) гуноҳлигини ҳамма билади. Билмасдан қиладиганлари жуда ҳам оз. Аллоҳ ҳаром қилганлигини билган ҳамда тушунган ҳолда яна нимага бу гуноҳ ишларни қилмоқдалар? Чунки нафсга ҳоким бўлолмаганликларидан ўзларини тутолмайдилар. «Ўзимни тутолмадим, нафсимга ҳоким бўлолмадим, кечирасиз!» дейдилар. Ёки «Шайтонга эргашдим, нафсга бўйсундим», деб узрхоҳлик қилишади.

 

Демак, нафсга эргашмаслик учун мусулмон рамазонда бир ой таълим олади. Қандай таълим олади? Сув ичмаслик, овқат емаслик, хотинига яқинлашмаслик орқали билим ва малакасини оширади. Энди қуйидаги ояти кариманинг маъноси англашилаётгандир?

 

«...Сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам маълум кунларда рўза тутиш фарз қилинди».

 

Шуни унутмайликки, азиз биродарлар, рўза фақат шаклий ибодат эмас... Балки, рўзадан асл мақсад руҳиятни поклаш, тақвони кучайтиришдир.

 

Мисрлик бир имом домладан:

 

«Мисрликлар Қуръони каримни жуда ҳам чиройли ўқийдилар, бизга бирор оят ўқиб бермайсизми!» деб илтимос қилдик.

 

«Ўқийман, лекин бир шартим бор. Марҳамат қилиб, Қуръони каримни қулоқларингиз билан эмас, балки қалбларингиз билан тингланг!» деди у.

 

Чунки кўп инсонлар қулоқ билан эшитадилар, аммо қалб қулоқлари эшитмай қолади. Болага отаси насиҳат қилганида у эшитмайдими? Эшитади. Ундай бўлса, нега яна ёмонлик қилади?.. Демак, тўла қабул қила олмайди. Биз буни бир қулоғидан кириб, иккинчисидан чиқиб кетди, деймиз. Аслида у қабул қила олмади, эшита олмади. Демак, англай олмади, эшитганни эса амалга ошириш лозим! Эшитганини қалбига жойлаштириши лозим! Ибрат назари билан кўриши лозим, кўрганини эса қалбга нақш қилиши лозим!

 

Шу сабабдан ҳам имом домла: «Мен Қуръон ўқийман, аммо, илтимос, мени қулоқларингиз билан эмас, қалбингиз билан эшитинг!» деб бежиз айтмаган. Худди шунингдек, муҳтарам биродарларим, сиз ҳам рўзани шаклий тутманг, оч қолдим, сувсадим деб ўйламанг! Рўзанинг маъносига етишга, унинг маънавий тарбиясини олишга ҳаракат қилинг!

 

Рўза сизу бизни иродаси кучли тақводор инсон ҳолига келтирадиган иш-ҳаракатдир. Таъбир жоиз бўлса, рўза асрлар бўйи давом этиб келган илоҳий замонавий иш-фаолият дейиш мумкин...

 

А.Усмонов

 

Read 85171 times
Tagged under

Янгиликлар

Top