Рамазон-2018

Кириб келди ойлар шоҳи Рамазон! (Шеър)

Яратганнинг бандаларга раҳмати,
Мағфиратдур мўминга ҳар заҳмати,
Тўсиб нордан рўзадорни шафқати,
Кириб келди ойлар шоҳи Рамазон,
Қутлуғ бўлсин элга моҳи Рамазон.

 

Дил покланар кундузлари сиямдан,
Чексиз роҳат ёғар тунлар қиямдан,
Шукроналар қилгил бундай ниамдан,
Кириб келди ойлар шоҳи Рамазон,
Қутлуғ бўлсин элга моҳи Рамазон.

 

Ҳар лаҳзаси чорлаб хайру сахога,
Тенглик бўлар бунда шоҳу гадога,
Ҳар ён тўлиб қуръоний хуш садога,
Кириб келди ойлар шоҳи Рамазон,
Қутлуғ бўлсин элга моҳи Рамазон.

 

Қувиб ўздан лаин иблис шайтонни,
Бой бермагай оқил бундай имконни,
Дўст тутмагай асло беғам нодонни,
Кириб келди ойлар шоҳи Рамазон,
Қутлуғ бўлсин элга моҳи Рамазон.

 

Ғаниматдур бу кунларга бўл толиб,
Саодатли дамларидан баҳр олиб,
Нафсинг билан жангда бўлгил сен ғолиб,
Кириб келди ойлар шоҳи Рамазон,
Қутлуғ бўлсин элга моҳи Рамазон.

Толибжон Рўзибоев

 

Read 52436 times

Янгиликлар

Top