muslim.uz
Зиёрат туризми учун бир қатор қулайликлар яратилиб, хизмат кўрсатиш тизимлари учун алоҳида тартиблар белгиланди
? "Uzbekistan Airports" АЖ Ахборот хизмати хабарига кўра, Акциядорлик жамияти ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган дастур асосида зиёратчиларни ташиш бўйича мамлакатимиз халқаро аэропортларида хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемаларига ерда кўрсатиладиган хизматларнинг асосий турлари учун эълон қилинган тарифларга 50%гача чегирмалар жорий қилинади.
? Шунингдек, парвозлар кўламини кенгайтириш ва Ўзбекистондаги халқаро аэропортлар жозибадорлигини оширишда алоҳида аҳамиятга эга имтиёзлар берилиши ҳам кўзда тутилди. Унга кўра, хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемаларига ерда кўрсатиладиган хизматларнинг асосий турлари бўйича эълон қилинган тарифларга 30%гача табақалаштирилган чегирма қуйидаги ҳолларда тақдим этилишини маълум қиламиз:
☑️ Ўзбекистон Республикасининг халқаро аэропортларига янги йўналишлар бўйича парвозларни йўлга қўйиш ва уларни ривожлантириш таклифи билан илк бор мурожаат қилган хорижий авиакомпаниялар учун;
☑️ Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий аэропортларига (аэропортларидан) парвозларни амалга ошираётган хорижий авиакомпанияларнинг янги йўналишлари учун;
☑️ мавжуд парвозлар сонидан ташқари шу йўналиш бўйича қўшимча қатновлар учун.
Унутилаётган суннатлар (37-суннат): Қорин билан ётмаслик
Тихфатул Ғифорий розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда чалқанча ҳолатда ухлаб ётганимни кўриб қолдилар. Оёқлари билан туртиб: “Бу уйқу нимаси?! Буни Аллоҳ ёмон кўради”, дедилар» (Имом Ибн Можа ривояти).
АҚШлик мутахассислар юзтубан ухлаш саломатликка салбий таъсир кўрсатишини илмий исботладилар. Бунда инсон кўкрак қафаси тўлиқ нафас ололмайди. Бўйин мушаклари мускулга айланиши оқибатида қон томирлари шикастланади. Бел қисмининг эгилиши ички органларга кучли босим ўтказади.
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД
"Тўйлардаги исрофдан кўра, пулларни фарзандларнинг илм олишларига сарфлайлик"
Ўзбекистонликлар топган пулини энди дабдабали тўй ўтказишга эмас, фарзандининг илм олишига сарфлаши мақсадга мувофиқдир. Бу ҳақда Ўзбекистон маданият вазири, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков «Дарё» мухбири билан суҳбатда айтиб ўтди.
Пандемия даврида жорий этилган карантин чоралари доирасида Ўзбекистонда тўй-маросимларни меҳмонлар сони чекланган ҳолда — 30 киши билан ўтказиш тартиби йўлга қўйилди. Ушбу тартибга тўлақонли амал қилинмаётган (ва унга амал қилиниши устидан тўлақонли назорат ҳам йўқ) бўлса-да, умуман олганда, жамоатчилик тўйларнинг кўлами, унга кетадиган сарф-харажат бир қадар қисқарганидан мамнун.
Вазир Озодбек Назарбеков ҳам тўйларнинг ихчамлашганини фуқаро сифатида қўллаб-қувватлашини билдирди.
«Катта-катта тўйхоналар кафе ёки ресторанга айлантирилиб, фаолиятини бемалол давом эттирса ҳам бўлади. Шахсан мен фуқаро сифатида ихчам тўйларни қўллаб-қувватлайман. Чунки ўзим бу соҳада анча вақт юрганман, жуда кўп ҳолатларда одамларга раҳмим келган. Беш йил Россияда юриб, қора меҳнат қилиб, ўша ерда касал орттириб, лекин топганини бир кунлик тўйда йўқ қилиш ва ишлагани яна хорижга кетиш ҳолатларига шахсан гувоҳ бўлганман. Халқимиз орасида катта тўй қилиш бир мажбуриятдек қабул қилиниб, аллақачон шаклланиб бўлган. Ақлан олиб қаралса, бу мажбурият эмас. Қурби етмаса ҳам қарз олиб, дабдабали тўй қилгандан кўра, одамлар топган пулини фарзандларини ўқитишга, илм олишига ва шу каби нарсаларга йўналтирса, ўйлайманки, ўзлари учун ҳам, жамиятимиз учун ҳам фойдали бўлади. Миллий ғояни шакллантириш биргина давлатнинг ўзини қўлидан келмайди. Миллий ғояни халқ, аниқроғи, давлат ва жамият биргаликда шакллантиради. Бунинг учун эса фақатгина илм олишимиз керак, назаримда. Роса ўйнаб-кулдик, катта-катта тўйлар қилдик, тўйларимизда ҳатто вертолёт ҳам ишлатиб кўрдик — ҳамма нарса қилиб кўрдик. Бизда қилинган тўйларни дунёда ҳали ҳеч ким қилгани йўқ, энг юқориларини ҳам қилдик. Бундан буёғига фақат дабдабали тўй ўтказишга эмас, балки илм-фанга кўпроқ аҳамият берсак, халқимиз ҳам буни тўғри тушуниб, топган ортиқча сармоясини фарзандининг илми учун сарфласа, менимча, тўғри бўлади», - деди Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Набий алайҳиссалом масжидларида турли даврларда ёзилган Қуръон қўлёзмалари намойиш этилади
«Масжидул Набавийда ноёб қўлёзмаларнинг доимий кўргазмаси» тадбирининг очилиш маросимига сўнгги босқич тайёргарлик жараёни олиб борилмоқда. Бу ҳақда al ektisadiye сайти хабар берди.
Унда Масжидул Ҳаром ва Масжидул Набавий пайғамбар cоллаллоҳу алайҳи васалламга оид маълумотлар эълон қилинади. Шунингдек, қадимги исломий меросни ҳужжатлаштиришдан ташқари, Ислом дини дурдоналари ҳамда авлодлар учун араб ва Ислом ғоялари акс эттирилади.
Ҳарамайн ва Шарифайн маъмурияти Масжидул Ҳаром ва Масжидул Набавийнинг вакиллари билан ўзаро англашинув меморандумида Мадинага мамлакат ичкарисидан ва ташқарисидан ташриф буюриши мумкин бўлган зиёратчилар учун бошқа илмий дастурларни тайёрлади. Олимлар ва мутахассисларга қўлёзмаларнинг бутун араб тарихидаги ролини тушунтириб берадиган фойдали маълумотлар берилади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларидаги нодир қўлёзмаларнинг доимий кўргазмаси икки муқаддас масжид тарихини йиғиш учун дастлабки контекст бўлиб хизмат қилади. Жумладан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, Ислом тарихи ва турли даврларда ёзилган Қуръон қўлёзмалари намойиш этилади.
Хуршид Маъруф тайёрлади
islom.uz
Сабр ҳақида 3 ҳикмат
Сабр диннинг ярми, намоз эса унинг устунидир. Кимда ким шу икки асосни маҳкам ушласа, барча яхшиликка эришишида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.
Абу Сулаймон Дороний раҳимаҳуллоҳ: "Энг мушкул, шу билан бирга энг қадрли нарса сабрдир. Унинг икки тури мавжуд. Биринчиси Аллоҳ буюрган амални бажариш йўлида сабр. Иккинчиси Аллоҳ таоло ман қилган ва нафс истаб турган амалдан тийилишда сабр", деганлар.
Имом Раббоний раҳматуллоҳи алайҳи: "Инсон ҳаёти давомида дуч келадиган барча яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади. Биз ўз хоҳиш – истакларимизни Роббимизнинг иродасидан устун қўймаслигимиз лозим. Нимаки содир бўлса, барчаси Аллоҳ таолодан эканлигига иқрор бўлиш билан бандалик юзага чиқади. Ҳа, ҳақиқий қул шундай бўлади. У ўз ҳожасининг ҳохишига эътироз билдирмайди".
Абдулқодир Жийлоний раҳимаҳуллоҳ одамларга юзланиб бундай дедилар: "Ўз ҳолингиздан нолиманг. Ҳамиша cабрли бўлинг, асло Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлманг. Зеро, ҳолис Аллоҳ таоло учун қилинган сабр ва бардош албатта мукофотсиз қолмайди. Озгина сабр қилиш, узоқ йиллар унинг роҳатини кўришга сабаб бўлади. Кимки ўзининг қатъийлиги билан машҳур бўлса, билки у қилган сабри билан машҳур бўлган".
Дарҳақиқат, сабр барча яхшиликларнинг калити, яхшиликлар эса бараканинг калитидир. Демак, кимда ким сабрли бўлса, иншааллоҳ барча яхшиликларга эришади.
Даврон НУРМУҲАММАД