muslim.uz
Британиялик мусулмонлар тозалик учун фаол курашмоқда
Ланкаширдаги мусулмон ёшлар (Буюк Британия) ислом ҳамжамияти одамларни ўз шаҳрини ахлатдан тозалашга чақирди.
Компания вакилларидан бири Омар Заман: “Автотураргоҳ атрофи ва шаҳар маркази бўйлаб чиқиндиларни олиб ташлаш учун ҳар хил чора-тадбирлар кўрилган. Ҳатто бизга масжидга келган болалар ҳам қўшилди. Ёш авлод покликнинг Исломдаги аҳамиятини қанча эрта тушунса, улар учун шунча яхши бўлади”, дейди.
Islam.ru маълумотига кўра, Ланкашир мусулмонлар жамоаси 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида кетма-кет шу каби тадбирларни мунтазам ўтказиб келмоқда. Коронавирус пандемияси даврида ҳам марказ ахлатдан шаҳарни тозалаш тадбирларини уюштиришда давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Йўл қурмоқ – савоб, йўл юрмоқ – роҳат
Йўл қуриш – энг савобли амаллардан. Бу тушунча муборак динимизда ҳам, миллий қадриятларда ҳам ўз аксини топган. Қуръони карим оятлари, ҳадиси шарифлар, алломалар ҳикматлари замирида ҳам мана шундай савобли ишларга тарғиб қилинган.
Бинобарин, йўлсозлик – улуғ, шу билан бирга, машаққатли касб. Халқимизнинг “Йўл қуриш – савоб” деган пурмаъно нақли замирида ҳам ана шу ҳаёт ҳақиқати мужассам, десак, муболаға бўлмайди. Негаки, кичик бир йўл ёки кўприк бунёд этилиши туфайли қанчадан-қанча одамлар мушкули осонлашиб, манзили яқинлашади.
Жонажон Ўзбекистонимизнинг янги қиёфасини барпо этишда, она Ватанимизнинг юксак тараққиётини таъминлашда, ҳаётимизни янада обод ва фаровон этишда йўлсозларнинг ҳам алоҳида ҳиссаси бор, албатта.
Янги Ўзбекистонда замонавий автомобиль йўлларини ривожлантириш, жаҳон талабларига жавоб бера оладиган янги йўллар қуриш, комплекс реконструкция қилиш ва таъмирлаш борасида жуда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш ўринлики, автомобиль йўлларининг асосий қисми мустақиллик йилларида тубдан таъмирланди, реконструкция қилиниб, янгидан барпо этилди. Тарих қаричида арзимаган бўлиб туюладиган ўттиз йиллик бу даврда йўлсозлик соҳасида салмоқли ишлар амалга оширилганини эътироф этиш керак. Бироқ, бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами шу қадар кенгки, йўлсозлик соҳасида амалга оширилган ишлар кўламидан ҳам бир неча барорбарга ошиқроқ.
Бугунга кунда бутун дунё аҳолиси қаторида ҳалқимиз ҳам оғир синовли кунларни бошидан кечирмоқда. Мураккаб пандемия шароитида кўплаб соҳа ва тармоқлар ривожи йўлида жиддий муаммолар вужудга келди. Аммо мана шундай қийин вазиятда ҳам иқтисодиётимизнинг етакчи соҳаларидан бўлган йўл қурилиши ходимлари бунёдкорлик ишларидан асло тўхтаб қолишмади.
Айниқса, йўлсозларнинг сай-ҳаракатлари билан пандемия даврида ҳам кенг ва равон йўллар ҳамда янги кўприкларнинг барпо этилиши ҳам тадрижий ислоҳотларнинг самараси бўлиши билан бирга, муборак динимиз Исломда ҳам жуда катта хайр-саховат ва савобли амаллардан ҳисобланади.
Маълумки, инсон вафот этганидан сўнг унинг савоб ва гуноҳ амаллари ёзиладиган китоби ёпилади. Аммо шундай савобли ишлар ҳам борки, улар мўмин-мусулмон инсон вафот этгандан кейин ҳам амаллар китоби ёпилмаслигига, айниқса, савоблари узлуксиз ёзилиб туришига, қабридаги ҳаёти ҳам чиройли бўлишига асос бўлади. Мана шундай савобли ишлардан бири йўл қуришдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсон вафот этса учта амалининг савобидан бошқа ҳаммаси тўхтайди. Улар – садақаи жория, фойдали илм ва ота-она ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд”, - деб марҳамат қилдилар.
Садақаи жория – оқиб турадиган, яъни савоби мўминга нафақат бу дунёда балки, қабрда ҳам қиёматда ҳам манфаат бериб турадиган гўзал ишлар мажмуасидир. Жумладан, жамият учун ўта манфаатли бўлган йўллар ва кўприкларни қуриш ва таъмирлаш, мактаб-мадраса ва шифохона кабиларни барпо этиш ишлари ҳам уламоларимиз томонидан садақаи жория тоифасидаги савобли ишлар, деб эътироф этилган.
Шунингдек, бугунги кунда таъмирталаб йўлларга шағал тўкиш, уларни асфальтлаш ишлари билан шуғулланиб, имконияти даражасида ва савоб излаган кишилар учун ғанимат амаллардир. Чунки бу амаллар орқали инсонга шу йўлдан ўтувчиларнинг ҳар бирига етган фойда ва қулайликлар сабабли ажр-савоблар тўхтовсиз амаллар китобига ёзилиб тураверади.
Йўллар элларни-элларга, манзилларни-манзилларга туташтирувчи муҳим воситадир. Давлатимиз томонидан йўл қурилиши соҳасига қаратилаётган жиддий эътибор ҳудудларни ободонлаштириш, йўловчи ва ҳайдовчиларга бирдек қулайлик яратиш, одамларнинг мушкули осон, турмуш даражаси эса янада фаровон бўлишига хизмат қилади, албатта.
Акмалхон АҲМЕДОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси
Бемазҳаблик сохта салафийликнинг асосидир
Унутилаётган суннатлар (35-суннат): Беморлик етганда дуо қилиш
Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки бирор ерлари оғриса муборак қўлларини оғриётган жойга қўйиб уч маротаба “Бисмиллаҳ” деб, етти маротаба бундай дер эдилар: “Аъузу биллаҳи ва қудратиҳи мин шарри ма ажиду ва уҳозиру” (Имом Аҳмад, Имом Муслим ривояти).
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД
Хайрия учун бир миллиард евродан ортиқ маблағ сарфлаган маккалик парфюмер вафот этди
Саудия Арабистонида, пайшанба куни эрталаб, 95 ёшида Яқин Шарқда парфюмерия империясини яратган ва хайрия учун бир миллиард евродан ортиқ маблағ сарфлаган таниқли бизнесмен Ҳусайн Бакри Ғаззоз вафот этди.
Ғаззоз учун жаноза намози унинг она шаҳри Макка шаҳрида бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда ArabNews нашри.
Ғаззоз 1925 йилда туғилган. Дастлабки йилларида оиласи билан Мисрга кўчиб ўтиб, бошланғич таълимини олган, сўнгра Саудия Арабистонига қайтиб, кичик парфюмерия бизнесини очган, бу эса минтақадаги ўз йўналиши бўйича энг йирик корхонадан бирига айланган.
У асос солган компания 1942 йилда Ғаззоз Саудия Арабистонидаги атирларни импорт қилувчи биринчи агентга айлангач, ўз фаолиятини бошлади. 77 йил ичида лойиҳа бизнес империясига айланди. У билан Dior, Gucci, Versace, Cartier, Chanel, Yves Saint Laurent (YSL), Montblanc, Dunhill ва Dupont каби компаниялар ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Islam.ru маълумотларига кўра, шу билан бирга Ҳусайн хайрия фаолияти билан фаол шуғулланди, жами камбағалларга ёрдам бериш ва бутун дунё бўйлаб тиббий ёрдам тарқатишга 1 миллиард евродан ортиқ сармоя киритди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати