muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 2020 йил 4 ноябрь куни Тошкент вилояти Юқоричирчиқ тумани Жамбул қишлоғидаги “Миям қангли” жоме масжиди янгидан барпо этилиб, юртимиз мўмин-мусулмонларига тортиқ қилинди.
Жоме масжид янги биносининг очилиш маросимида Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, хайрли дуолар билан очилди ва Ўзбекистон муслмонлари идораси раиси муфтий ҳазратларининг табриклари етказилди.
Мазкур туманда яна бир масжид, яъни “Омилхон эшон” жомеси ҳам янгидан барпо этилмоқда. Ушбу жоме масжид 2021 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
“Миям қангли” жоме масжиди замонавий барча талабларга риоя қилган ҳолда барпо этилгани таҳсинга сазовор бўлди, ундан ташқари таҳоратхона ва маъмурий бинолар ҳам мажмуа шаклда барпо этилган.
Мазкур ҳудуд аҳолиси Яратган Парвардигорга ўз шукроналарини билдириб, элимиз ва юртимиз ҳаққига дуои хайрлар қилишди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

Савол: Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: "Ҳадис саҳиҳ бўлса, у менинг мазҳабимдир", деган сўзларини шарҳлаб беринг. Сохта салафийлар шу гапларни далил қилиб қаерда саҳиҳ ҳадис бўлса, ўшанга амал қилиш керак, деб гапириб юришибди.

Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Кўпчилик олимлар бу жумлани: "Агар ҳадис саҳиҳ бўлса ва унга зид келувчи ҳадисдан холи бўлса, у менинг мазҳабимдир", деб тушунилади дейдилар. Яна бу Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳадисларни қиёсдан устун қўйганига далилдир. Лекин бу сўз ижтиҳодга лаёқати йўқ киши қаерда саҳиҳ ҳадис кўрса, ундан ҳукм олиши жоиз дегани эмас.

Энг муҳими, мужтаҳид даражасига етмаган шахс оят ва ҳадислардан ўзича ҳукм чиқаришга ҳаққи йўқ. Битта саҳиҳ ҳадисни ўқиб у билан ҳукм чиқарилмайди, чунки баъзи ҳадислар саҳиҳ бўлсада кейинчалик мансух (бекор) бўлган бўлиши мумкин ёки унга маънода зид келувчи ҳадис ҳам бўлиши мумкин. Саҳиҳ ҳадис китобларига илмий омонат сифатида мансух ҳадислар ҳам киритилган. Ҳукм олинадиган ҳадисларни мужтаҳид уламолар саралаб олганлар.

Мужтаҳид олимлар ҳадислардан қандай ҳукм чиқарганларини Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ “Шарҳи маонил осор” номли китобларида кўрсатиб берганлар. Яъни, бир мавзудаги барча ҳадисларни бир жойга тўплаб, уларни саралаб, таққослаб, таҳлил қилиб охирида мужтаҳид уламоларимизнинг улардан чиқарган ҳукмларини келтирганлар.

 

САЛАФИЙЛАРНИНГ ДАЪВОСИ НИМА?

 Ҳозирда мазҳабсизликка тарғиб қиладиган кишилар: “Келинглар, мазҳабларни қўяйлик, Қуръон ва суннатга бирлашайлик”, дейдилар. “Қуръон ва ҳадисга қандай бирлашамиз”, дейилса, “Ижтиҳод қиламиз”, дейишади. Воқеликда ҳам шундай бўлди, уларнинг кўзга кўринган олимлари ижтиҳод қилиб бошлади, натижада битта ягона уммат пайдо бўлмади, аксинча бешинчи, олтинчи, еттинчи, саккизинчи мазҳабни келтириб чиқаришди. Пайдо бўлганига эндигина 200 йилдан ортиқроқ вақт ўтган салафийлик ҳозирнинг ўзида 4 та катта мазҳабга бўлинган:

  1. Ас-салафиятул-илмия (1920 й.да ташкил этилган)
  2. Ас-салафиятул-жиҳодия (1979 й.)
  3. Ас-салафиятус-сурурия (1984 й.)
  4. Ас-салафиятул-жомия (1990 й.)

Энди бу салафийларнинг устидан минг йиллар ўтса, қанча мазҳаб ва фирқаларга бўлиниб кетаркин?! Бунинг устига мазҳабга эргашувчи мусулмонларга турли “тамғалар”ни ёпиштирадиганлар мана шундай бўлинишлардан кейин “тамға”ни ўзларига ёпиштиришлари айни адолат ва мардлик бўлади. Шу ўринда кичик маълумот, Саудиялик доктор Саъд ибн Абдуллоҳ Барик “Ал-ийжаз фи баъзи махталафа фийҳил Албоний ва Ибн Усаймин ва Ибн Боз” (яъни, “Албоний, Ибн Усаймин ва Ибн Боз ихтилоф қилган баъзи масалалар ҳақида мўжаз (қисқа) китоб”) номли икки жилдли китоб ёзган. Унда мавзудан маълум бўлгани каби салафийларнинг кейинги йилларда энг машҳур намояндалари ўрталаридаги ихтилофларнинг бир қисми келтирилган. Энг қизиғи китобда улар ўртасидаги ақидавий масалалардаги ихтилофлар ҳам келтирилган ва улар анчагина (ажабки, ақидада бир нуқтага кела олмаётган салафийлар бошқаларни қандай бирлаштирар экан?!). Демак, уларнинг ҳар бирининг мазҳаби бор. Энди салафийлар уларнинг қайси бирига эргашади ва улардан бирини танлаганлар бошқалари ҳақида қандай ҳукм беради?! Яна бир ҳақли савол, охир оқибат Аҳли сунна вал жамоа мусулмонлари ҳам, салафийлар ҳам (ўз) мазҳабларига эргашар экан, қайси жамоанинг мазҳаббошилари ижтиҳод мақомига лойиқ?! Тобеъинлар ва таба тобеъинлар билан бир замонда яшаб, уларнинг илмини ўзлаштирган Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий ва Имом Аҳмадларми (раҳматуллоҳи алайҳим) ёки бизга замондош бўлган Албоний, Ибн Усаймин ва Ибн Бозларми (ҳозирги кунда бу салафий олимларнинг ҳар бирининг мазҳаби шаклланган)?! Инсоф билан айтганда қайси жамоа ҳаққа яқинроқ?! Салафийларнинг пуч даъволарига маҳлиё бўлган мусулмон биродарларимизни мана шу масалада оқилона фикр юритишга чақирамиз. Чунки Аҳли сунна вал жамоа мужтаҳидларининг мазҳабларини 14 асрдан бери бутун ислом уммати бир овоздан ҳақ, деб қабул қилганлар. Кейинги саналган олимларнинг мазҳаблари бошлангандан ҳозиргача аксар олимларнинг эътирозига сабаб бўлиб келмоқда. Уларнинг мазҳабини ўзлари ва ҳиссиётга берилган юзаки илм билан машғул бўлганлар қабул қилишди холос. Қиёмат куни Пайғамбаримиз алайҳиссалом башорат қилган саводул аъзам (кўпчиликни ташкил қилган ҳақ жамоа) билан турган маъқулми ёки жамоатга хилоф қилган ихтилофчилар биланми?!

 

САЛАФИЙЛИК ҲАҚИДА МАШҲУР ОЛИМНИНГ ФИКРИ

Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Салафийлик исломий мазҳаб эмас, балки у муборак давр босқичидир” номли асарларида шундай дейдилар: “Ислом динининг ўтган ўн тўрт асрлик тарихи давомида бирор мўътабар имом ёки уламодан эшитмаганмизки, мусулмонларнинг ҳидоятда бўлишларининг ҳужжати “салафийлар” деб номлаган гуруҳга мансуб бўлиш ҳисобланса. Балки, “салафийлик” деган гуруҳга мансуб бўлишнинг ўзи айни бидъатдир (яъни, чунки улар яқинда пайдо бўлган “янгилик”дир)” (231-232-бетлар).

ТУЯ ГЎШТИ ҲАҚИДАГИ ҲАДИС

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳадисларни тушиниш ҳақида шундай мисол келтирганлар: “Аллоҳ таоло каминага ҳам чет эл исломий илм даргоҳларида таҳсил олишни насиб этди. Ўша ердаги муҳтарам устозларимиздан бирлари, ҳадислардан фойдаланишда кўп илмлардан хабардор бўлиш зарурлиги, баъзи бир ҳадисларнинг айтилиш сабаблари ва тарихи борлиги, агар шулар эътиборга олинмаса, тамоман бошқача маъно ва тушунча чиқиб қолишини тушунтирдилар. Бунга мисол келтиришга ўтдилар:

«Ичингизда «Ким туянинг гўштини еса, таҳорат қилсин», деган ҳадисни ўқиган ёки эшитганлар борми?» деб сўрадилар устоз. Талабалар:

«Бор», дейишди.

«Хўш, нимани тушундингиз бу ҳадисдан?» деб сўрадилар устоз.

«Туянинг гўштини еган одам таҳоратини янгилаши зарурлигини».

«Демак, сизлардан ким туя гўштини еса, таҳоратини янгидан қилади. Шундайми? Аммо биз Моликий мазҳабидагилар бундай қилмаймиз».

«Биз ҳам бундай қилмаймиз».

«Нима учун?»

«Чунки мазҳабимизнинг уламолари буни айтишмаган».

«Мазҳабингиз уламолари нима учун буни айтишмаганини биласизларми?»

«Билмаймиз. Энди сиздан билишни умид қиламиз», дедик.

«Бўлмаса, эшитинглар. Бу ҳадисни кўриб, туя гўшти еган одам таҳоратини янгилаши лозим, деганлар бўлса, улар аҳли зоҳир дейилади. Яъни булар – ҳадисни зоҳиридан ҳукм чиқариб, гапираверадиганлар, дегани. Аммо ҳақийқий фақиҳ олимлар, шаръий далилларни нозик нуқталаригача англаб етадиганлар бундай қилмайдилар. Ҳар бир далил билан атрофлича текшириб кўрадилар. Уламоларимиз бу биз мисол қилиб келтираётган ҳадисни ҳам текшириб кўрганлар. Аниқласалар, бу ҳадис маълум бир муносабат билан айтилган экан. Бир куни Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам кишилар билан жамоат намозини ўқиб бўлиб, зиёфатга ўтирибдилар. Ҳамма таҳорати билан келиб, зиёфатга ўтирибди. Зиёфатда туя гўшти тортилибди. Ҳамма ундан маза қилиб ебди. Шу орада бировдан ноқулай ҳид чиқибди. Буни ҳамма ўзича мулоҳаза қилибди. Зиёфатдан яна жамоат намозига туриш керак бўлибди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким туянинг гўштини еса, таҳорат қилсин», дебдилар-да, ўзлари бошлаб, таҳорат қилибдилар. Аллоҳ Расулининг юксак одобларини, кишиларни хижолатчиликдан чиқариш учун йўл топганларини қаранг. Агар шундай қилмасалар, ҳамма намозга кирганида, ҳалиги ҳид чиқарган одам ёлғиз ўзи таҳорат қилиши керак эди. Чунки ҳид чиқарганидан кейин таҳорати кетади, таҳоратсиз намоз ўқиб бўлмайди. Ўтирганларнинг ҳаммаси таҳорат қилганида эса, ҳид чиқарган одам хижолатчиликдан қутулади», дея устоз сўзларини тугатдилар.

Мана шу дарс кўпларимизга ўрнак бўлди. Шариат аҳкомларини, оят ва ҳадисларнинг маъноларини тушунишда кўп ҳаракат лозим эканлигини яна бир бор англаб етдик. Валлоҳу аълам!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво ҳайъати етакчи мутахассиси

Тоштемиров Ҳикматуллоҳ

Ўз ҳолингдан розилигинг – энг катта бойлигинг.

Мутафаккирлар ҳикмати

Ўз устингдан ҳукмронлигинг – энг олий ҳукмронлик.

Арасту

Ҳеч қачон йўқолмайдиган бойлик – умид.

Тарих муҳрлаган сўзлар

Азоб айбсизларни ҳам айблиман дейишга мажбурлайди.

Қадимги Рим ҳикмати

Ташқи қиёфа – алдамчи бўлади.

Тарих муҳрлаган сўзлар

Тентак сирдан воқиф бўлса, у буни бошқаларга дарров етказади қўяди, чунки у тентакдир. Унинг ўрнида бирор разил бўлса, сирдан ўзининг қабиҳ мақсадлари йўлида фойдаланади. Аёллар ва ашёлар бўлса уларга кимдир ишониб сир айтганини кўз-кўз қилиш учунгина келса-келмас валақлайверишади эшитганларини. Уларга ортиқ ишонмаслик керак.

Филип Честерфилд

 

Пашшаларга гулзор ахлатхонадан яхши эканини тушунтириш қийин.

 

Кўпчилик кўп нарсани билади, аммо ҳеч ким ҳамма нарсани билмайди.

Тарих муҳрлаган сўзлар

Ҳамма нарсангдан айрилсанг ҳам, инсонийлигингни сақлаб қол. Уни йўқотар бўлсанг, сен – ҳеч кимсан.

 

Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади

الأربعاء, 04 تشرين2/نوفمبر 2020 00:00

Аллоҳ таоло фаҳш сўзловчини суймас

“Ўзбекистон” радиоканалининг “Имом Бухорий ўгитлари” номли туркум эшиттиришларидан
"Ҳувайдо" жоме масжиди имом хатиби: Аброр домла Алимов билан суҳбат

Бугун, 2020 йил 4 ноябрь куни Тошкент ислом институтида "Ноябрь ойи - фиқҳ, илмул фароиз ва усулул фиқҳ фанлари ойлиги" муносабати билан "Абу Мансур Мотуридийнинг фиқҳий қарашлари" мавзуида Тошкент ислом институтида устоз ва талабалар билан илмий суҳбат ўтказилди. Суҳбатда ЎзХИА ўқитувчиси, мисрлик машҳур олим доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий ўз маърузаси билан иштирок этди.

Суҳбатни “Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси” катта-ўқитувчиси Масайитов Саиджамол домла бошлаб бердилар. У киши аввало йиғилганларга ҳурматли меҳмон ҳақида қисқача маълумот бериб ўтдилар:

Аҳмад Саъд Иброҳим Абдурраҳмон Усмон Даманҳурий 1978 йил, 26 июнь куни Миср Араб республикасида таваллуд топган. Академик тадқиқотчи, нотиқ Аҳмад Саъд Иброҳим Абдурраҳмон Усмон Даманҳурий Туркиянинг Фотиҳ Султон Меҳмет университети исломий билимлар факультетида катта илмий ходим ва ўқитувчи, Ислом билимларини масофавий ўқитиш Миср хусусий университетида директор ва нотиқ, Миср Ислом ишлари Олий кенгашида катта илмий ходим бўлиб фаолият олиб бормоқда.

У 2000 йил Ал-Азҳарда Тафсир ва Қуръон илмлари (Tafseer and Sciences of Quran) бўлимида бакалаврлик дипломини ҳимоя қилган. 2002-2004 йиллар Тафсир ва Қуръон илмлари мутахассислиги бўйича 2 йил таҳсил олиб, имтиҳон топширган. Кейинчалик 2005 йил Ал Азҳар университетининг Қуръон илмлари борасида ва Ибн Таймия асарларининг қиёсий таҳлили мавзусида тадқиқотлар қилади ва магистр даражасига эга бўлади.

2015 йил Ал Азҳар университети шариат илмлари факультетининг Имом Мотуридий ва унинг илмий услублари мавзусида фалсафа фанлари доктори даражасини олади. Шунингдек, Қуръон ва суннат илмлари борасида яна кўплаб соҳалар бўйича турли илмий унвон ва даражаларга эга. Ҳозирда Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Исломшунослик ва ислом цивилизациясини ўрганиш ICESCO” кафедрасида турли исломий илмлардан дарс бериб келмоқда.

Аҳмад Даманҳурий:

“Мусулмонлар ўз ҳаётларида Қуръон ва суннат таълимотларига амал қилиб яшаган пайтларида илм нурини бутун оламга таратганлар. Ёшу қари, эркагу аёл бешикдан то қабргача илм талаб қилиш ўзи учун фарз эканлигини тўла ҳис қилган ҳолда умр бўйи ўзини толиби илм ҳисоблаб яшаган. Ана ўша даврни яхшилаб ўрганган ғарблик инсофли шарқшунослардан бири Ислом умматини «ёппасига мадрасага қатнайдиган» уммат деб васф қилган.

Бу жуда ҳам тўғри васфдир. Ўша ҳамма бутунича Ислом шариати бўйича ҳаёт кечирган вақтда Ислом нуридан баҳраманд бўлган ҳар бир ўлкада илм-фан, маърифат ва маданият гуллаб-яшнаган. Илмнинг ҳар бир соҳасида оламшумул кашфиётлар қилинган, улкан уламолар етишиб чиққанлар.

Ҳозирги Испания, Португалия ва уларга қўшни бўлган давлатларнинг баъзи ҳудудларида саккиз юз йилга яқин давр мобайнида Андалусия номли Ислом давлати ҳукм сурган. Бу давлатда илм-фан, маданият гуллаб-яшнаган. Мусулмонларнинг турли илмий ўқув юртларида бошқа дийнларга мансуб кишилар ҳам бемалол таълим олишган, илмий тажрибаларда иштирок этишган. Ўша пайтда илм нима эканлигини идрок этишдан йироқ бўлган Оврўпа каниса раҳбарлиги «мушрик мусулмонлар»га сотилган овруполикларни жазолашга бел боғлаган.

Афсуски, баъзи илмсиз мусулмонлар ислом уммати яна ўша тараққий этган, ривожланган даражага чиқиши учун уруш қилиши керак, бошқа мамлакатларни босиб олиш керак деган ботил тушунчага бориб қолганлар. Ислом дунёга қўрқув ва даҳшат солиш учун келдими ёки дунёга меҳр-мурувват уруғларини экиш, тинчлик ва хотиржамликни таъминлаш учун келдими?!

Мусулмон кишининг вазифаси бу одамларни Аллоҳга ва Унинг расулига ҳамда охират кунига даъват қилишдир. Зулматлардан нурга чиқариш, одамларга қуллик қилишдан ёлғиз Аллоҳга қуллик қилишга чақиришдир. Тор дунёдан кенг дунёга, динларнинг жабру ситамларидан Исломнинг адолатига чақиришдир. Асло, асло, тинч аҳолига қўрқув солиш, шаҳарларни вайронага айлантириш эмас”.

Суҳбат давомида шайх яна қуйидаги мавзуларга ҳам тўхталди:

“Исломий фанлардан дарс бераётган устоз ўзининг сийратида илмига амални кўрсатиб бера олиши лозим, зеро талаба устоз бераётган маълумотдан ҳам аввал унинг сийратидан, қалбий иршодидан кўпроқ таъсир олади”.

“Биз исломий матнлар ва ҳукмларнинг ҳаммасини бир хил даражада деб билишимиз керак эмас, афсуски аксар адашувлар ана шу ҳақиқатни яхши англамасликдан келиб чиқади. Бу насслар, ҳукмлар орасида қатъийлари бор, зоннийлари бор. Қатъийлари бу – исломнинг қизил чизиқлари бўлиб, уларни асло ҳатлаб ўтиш жоиз эмас. Аммо, зонний насслар ва улар натижасида келиб чиққан зонний ҳукмлар қатъий далиллар билан тенг бўла олмайди. Бундай насслар борасидаги ихтилофлар ҳеч қачон ўзаро жанжалларга ва бир-бирини хатога чиқаришларга сабаб бўлмаслиги лозим”.

“Тарихга назар солайлик, ҳанафий олимларнинг аксари нақшбандий тариқатида, шофеъий уламолар шозилий тариқатида, моликий уламолар банжурий тариқатида, ҳанбалий уламолар эса қодирий тариқатида бўлганларини кўришингиз мумкин. Демак, тасаввуф исломдан қандайдир бегона бир тушунча эмас экан”.

“Араблар жоҳилиятда қизларни тириклайин кўмганларини биламиз. Бу вахшийлик ҳозир йўқ деб ўйлаймизми? Афсуски, бор, фақат бошқача кўринишда. Одам шаклига келиб қолган, ҳатто туғилишига оз муддат қолган ҳомилаларни аборт қилдирилаётганига, баъзи давлатлар қонуний тарзда бунга руҳсат бераётганларига бугун барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз”.

Йиғилиш сўнгида институт устозлари меҳмонга ўзларини қизиқтирган саволлар бериб, етарли жавоблар олдилар.

“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси 

Умарходжаев Мурод

 

 

Янгиликлар

Top