muslim.uz
Шавкат Мирзиёев Нукусдаги «Имом эшон Муҳаммад» жоме масжидига ташриф буюрди
Шавкат Мирзиёев жорий йил 20-21 январь кунлари Қорақалпоғистонга қилган сафари давомида Нукус шаҳридаги «Имом эшон Муҳаммад» жоме масжидида бўлиб, бу ерда имом-хатиблар малакасини ошириш ўқув маркази, ётоқхонаси ва кутубхона, масжид ҳудудини ободонлаштириш ва атрофига девор қуриш, нонвойхона ташкил қилиш, ҳовуз, фаввора ва бошқа қулайликларни барпо этиш бўйича кўрсатмалар берган эди, деб хабар берди ЎзА.
Бу ерда ўтган 11 ой давомида кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилди. Масжид маъмурий биносининг биринчи қаватида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қорақалпоғистондаги вакиллиги идораси жойлашган бўлиб, унинг барча хоналари қайта таъмирдан чиқарилди. Иккинчи қаватида ахборот-ресурс маркази, 2 та кутубхона ташкил этилди. Иссиқ пол қурилди, эшиклари янгисига алмаштирилди. Намоз ўқийдиган маскан реконструкция қилиниб, гумбаз қайта ишланди. Масжид ёнидан минора, ҳовуз, новвойхона, автомобиллар учун тўхташ жойи ва бошқа қулайликлар бунёд этилди. Манзарали дарахт ва гуллар экилди.
Шунингдек, масжид ёнида 128 ўринга мўлжалланган имом-хатиблар малакасини ошириш ўқув маркази ташкил этилиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланди.
Шавкат Мирзиёев нуронийлар ва имом хатиблар билан суҳбатлашди.
«Ўтмишда яшаб ўтган буюк аждодларимиз ҳаёти ва маънавий меросини чуқур ўрганиш учун барча шароитларни яратамиз. Аҳоли зиёрат қилиб, чинакам маънавий озуқа оладиган бундай маънавий-маърифий масканларни янада обод қилиб, келажак авлодлар учун сақлашимиз керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
Дунёдаги энг қадимий 14 масжид
“Масжидул Ҳаром”. Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида жойлашган энг мўътабар ва улкан ҳамда мусулмонлар ибодат қилишлари учун барпо этилган илк масжиддир. Абу Зарр розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Ер юзида қурилган илк масжид қайси?” деб сўрадим. “Масжидул Ҳаром”, дея жавоб бердилар. “Кейин қайси бири?” дедим. “Масжидул Ақсо”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Мазкур масжидда қон тўкиш ва бошқа гуноҳ ишлар ҳаром қилингани боис шундай ном билан аталган. Масжиднинг тўққизта минораси (ҳар бирининг баландлиги 95 метр), тўртта бош дарвозаси, қирқ битта эшиги бор. Ўн битта юрарзиналар орқали масжиднинг иккинчи ва учинчи қаватларига чиқилади.
“Масжидул Ақсо”. “Узоқдаги масжид” маъносини англатувчи мазкур жоме Қуддуси шарифда, Сулаймон алайҳиссалом томонларидан қурилган. Исломдан илгари араблар, кейин мусулмонлар унга қибла сифатида юзланиб ибодат қилишган. Ҳижратнинг иккинчи йилида Қуръони карим ҳукми билан мусулмонлар қибла сифатида Маккадаги Каъбага қараб намоз ўқий бошлашган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фақат ушбу уч масжид сари қасд қилиб йўлга чиқилади: Масжидул Ҳаром, менинг масжидим ва Масжидул Ақсо”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
“Қубо” масжиди. Ислом тарихида илк қурилган масжид.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қубо масжиди қибласи пойдеворига асос солганлар. Масжид қурилиб битказилгач, жамоат билан намоз ўқишни бошлаб берганлар. Қубо масжиди Мадинаи мунавваранинг жанубий-ғарбий қисмида, ҳарами набавийдан 3–5 км. узоқликда жойлашган.
Қубо масжиди ҳижрий 435 йилида Абу Яъло Ҳусайний, ҳижрий 555 йилида Жамолиддин Исфаҳоний томонидан янгилади. ҳижрий 877 йилида Қубо масжиди минораси қулаб тушди, ҳижрий 881 йилида Султон Қайтбой Масжиди Набавийни таъмирлаган пайтида, Қубо масжиди минорасини ҳам янгилади. Маълум қилинишича, Усмонийлар ҳукмдори Султон Маҳмудхон ҳижрий 1240 йилида Қубо масжидини қайтадан таъмирлади. Шунингдек, жомеда Усмонийлар ҳукмронлиги томонидан бир қанча таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимки уйида таҳорат олиб, Қубо масжидига борса ва унда икки ракат намоз ўқиса, умра қилганнинг ажрини олади”, деганлар.
“Масжидун Набавий”. Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида жойлашган. Масжид ўрнини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн динорга сотиб олганлар ва масжид қурилишида саҳобаларга бош бўлиб, шахсан ўзлари иштирок этганлар. Масжид биноси хом ғиштдан, шифти хурмо шохи, устунлари эса хурмо ёғочидан бино қилинган. Ёмғир ёғса шифтдан сув ўтиб, сажда қилган одамнинг пешонаси лой бўлар эди. Жоме кейинчалик ҳазрат Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум ҳамда кейинги халифа, подшоҳлар томонидан бир неча бор таъмирланиб, кенгайтирилган.
Масжиднинг бир юз беш метрли иккита, етмиш беш метрли тўртта минораси, 400дан ортиқ устуни, 6800 та қандили, зиёратчиларни қуёшнинг жазирама нурларидан тўсиб турувчи очилиб-ёпиладиган катта соябонлари мажмуанинг кўркига кўрк қўшади. Кундузи қуёш нуридан мажмуа қум рангида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари жойлашган ҳужра гумбази эса яшил рангда товланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ушбу масжиддаги намоз ундан бошқалардаги мингта намоздан афзалдир. Масжидул Ҳаром бундан мустасно”, дедилар.
“Қиблатайн” масжиди. Ҳижратнинг иккинчи йили, ражаб ойининг ўрталари, душанба куни эди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Салама юртида пешин намозини жамоат билан Қуддусга қараб ўқиётган эдилар. Намоз ичида қибланинг ўзгаргани ҳақида ваҳий келди. Иккинчи ракат охирлаб қолган эди. Мусулмонларга Маккадан Масжиди Ҳарамга томон қараш амри тушди. Расули акрам ўша заҳотиёқ юзларини Қуддусдан Каъбага томон бурдилар. Жамоат ҳам саф бўлиб бирга бурилди.
Янги қибла томон бурилиб, учинчи ва тўртинчи ракатларни Масжиди Ҳарамга қараб ўқиб, намозни тугатдилар. Шу сабабдан Бани Салама масжиди икки қиблали масжид маъносида “Масжидул Қиблатайн” деган ном олди.
“Чираман жума” жоме масжиди (Ҳиндистон). Ҳижрий 629 йил Молик ибн Динор розияллоҳу анҳу томонларидан барпо этилган. Молик ибн Динор розияллоҳу анҳу Ҳиндистонга келган илк мусулмонлардан ҳисобланади.
“Хуайшэн” жоме масжиди (Хитой). Ҳижрий 630 йил Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу томонларидан бунёд этилган. 1695 йил қайта қурилган.
“Куфа” жоме масжиди (Ироқ). VII асрда қурилган. 2010 йил қайта таъмирланган.
“Уқба” жоме масжиди (Тунис). Шунингдек, “Қайруан” жоме масжиди номи билан ҳам машҳур. Таҳминан ҳижрий 670 йили Уқба ибн Нафий розияллоҳу анҳу томонларидан барпо этилган. Масжиднинг минораси бугунги кунгача етиб келган дунёдаги энг қадимий миноралардан ҳисобланади.
“Алеппо” жоме масжиди (Сурия). Умавийлар ҳукмронлиги даврида VIII асрда бунёд этилган. 2003 йил масжид ҳовлиси ва минораси таъмирланган.
“Умавийлар” жоме масжиди (Сурия). Ҳижрий 715 йил қурилган.
“Зайтуна” жоме масжиди (Тунис). Ҳижрий 731 йил барпо этилган. Мазкур жоме ҳузурида энг қадимий Ислом университетларидан бири ҳам жойлашган. Олийгоҳда дунёнинг турли бурчакларидан талабалар келиб таҳсил олишган.
“Сина” жоме масжиди (Хитой). Ҳижрий 742 йил қурилган. Масжид Хитой меъморчилиги асосида қад кўтарган. Бир неча марта қайта таъмирланган.
“Жума” жоме масжиди (Озарбойжон). Ҳижрий 743 Абу Муслим раҳматуллоҳи алайҳ томонидан бунёд этилган.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Муаммоларнинг ечими қаерда?
Аллоҳ таолога энг маҳбуб бўлган амаллардан бири мусулмонларга наф келтиришдир. Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Мунаббиҳот” (“Охират кунига тайёргарлик”) китобининг аввалида бундай дейилади: Айтиладики: “Икки хислат борки, улардан бирор нарса афзал эмас. Бири-Аллоҳга иймон келтириш; иккинчиси-мусулмонларга фойда келтириш. Яна икки хислат борки, улардан ёмонроқ нарса йўқдир: Бири-Аллоҳга ширк келтириш; иккинчиси-мусулмонларга зарар етказишдир”, дедилар.
Агар эътибор берадиган бўлсак, мусулмонларга фойда келтириш сифати бизни жаннатга киришимиз учун ягона восита бўлган Аллоҳ таолога иймон келтиришдек бахт билан, уларга зарар етказиш эса кечирилмайдиган ягона гуноҳ аталмиш ширк деган гуноҳи кабира билан ёнма-ён зикр қилинмоқда. Бундан хулоса шуки, уни бажаришлик ила катта савобларга эга бўлинадиган амалларнинг муқобилидаги ишларни қилган киши қаттиқ гуноҳкор бўлади.
Хўш, энди нима учун баъзи кишилар шунчалик хатарли бўлган азиятлар, гуноҳ ва маъсиятларни, ўз хилқатларига бегона бўлган одатларни касб қилиб олмоқдалар. Буларнинг сабаби нима? Бу муаммоларнинг ечими қаерда?
Бу муаммоларнинг энг катта сабаби Аллоҳ таолони унутиш бўлса, улардан қутулишнинг энг тўғри ечими ҳам Аллоҳнинг зикрига қайтишдир. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг муборак Каломида бундай марҳамат қилади: «Сизлар Аллоҳни унутиб қўйганлар, бас, (шундан кейин Аллоҳ) уларга ўзларини ҳам унутдириб қўйган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ўшалар фосиқлар (кофирлар)дир» (Ҳашр сураси,19-оят).
Аллоҳ таоло Ўзини унутган бандаларини қилган гуноҳларининг жинсидан бўлган жазо билан жазолади. Яъни, уларнинг кимликларини, қандай махлуқот эканликларини, бу дунёга келишдан асл мақсадларини, кимнинг авлоди, миллати ва уммати эканликларини унуттириб қўйди.
Агар банда ҳар доим Аллоҳ таолонинг зикри билан юрса, Аллоҳ ҳам у бандани эслаб туради. Бу ҳақда Аллоҳ таолл айтади: «Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!» (Бақара сураси, 152-оят).
Шубҳасиз, Аллоҳ таоло эслаган банда ҳар қандай ҳолатда ҳам кимлигини унутмаган ҳолда умр кечиради.
Демак, ўзлигимизни англаш учун ҳам Аллоҳ таолони зикрида бардавом бўлишимиз лозим экан.
Ёрбек ИСЛОМОВ
Учкўприк туманидаги
“Шоҳ муқаддам” жоме масжиди ноиб имоми
“Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний” мадрасасида сийрат мусобақаси ўтказилди
Ўтган ҳафта Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний номидаги ўрта махсус ислом билим юртида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллуд топган ойлари муносабати билан сийрат ва ҳадис мусобақаси бўлиб ўтди.
Мусобақа Қуръон тиловати билан бошланди. Мусобақада мадрасанинг 2, 3, 4-курс талабалари ўзаро беллашдилар. Мусобақа қуйидаги шартлар асосида бўлиб ўтди.
1-шарт. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мактуб” деб номланиб, унда иштирокчи жамоалардан бир талаба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзининг дил изҳорларини мактуб орқали ўқиб эшиттирди.
2-шарт. “Ҳадис билимдони” деб номланиб, мазкур шартда «Шамоили Муҳаммадия» асаридан 10 та ҳадис ёддан айтиб берилди.
3-шарт. Сийратга оид саволлар бўлиб, унда «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт» китоби асосида тузилган 10 та саволга жавоб беришди.
4-шарт. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот”, деб номланиб, бу шартда иштирокчилар ёлғиз ёки жамоа бўлиб салавот айтишди.
Мусобақа натижасига кўра, 1-ўрин 3-курс талабаларига, 2-ўрин 4-курс талабаларига ва 3-ўрин 2-курс талабаларига насиб этди. Ғолиб жамоаларга мадраса раҳбариятининг қимматбаҳо совғалари топширилди.
ЎМИ матбуот хизмати
Отинойилар учун муҳим семинар ўтказилди
Жорий йилнинг 12 декабрь куни Учтепа тумани “Аёллар маслаҳат маркази”да Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган отинойиларнинг диний, маънавий-маърифий билим салоҳиятларини ошириш мақсадида “Буюк мазҳаббоши – Имоми Аъзам” мавзусида ўқув семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этилган ушубу сенминарда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг мусъул ходимлари иштирок этди.
Семинарда бугунги кунда дунё мусулмонларининг аксарияти Ҳанафий мазҳабига эргашиши, ушбу мазҳабнинг замон ва маконга мослашувчанлиги, шаръий қоидаларнинг ишончли ва пухталиги ҳақида маълумотлар берилди.
Шаҳар отинойилари томонидан Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг болаликлари, устозлари, шогирдлари ва асарлари ҳадислар ва маърузалар асосида ёритиб берилди.
Шунингдек, ўқув семинарида отинойилар доимо ўз устида ишлаб, билим салоҳиятини ошириб бориши, бунда ҳозирги кунда юртимиз уламолари томонидан чоп этилаётган китоблардан фойдаланиши ҳамда диний идора ташаббуси билан интернетда ақоид, тажвид, тафсир, ҳадис, фиқҳ фанларидан олиб борилаётган онлайн дарсларини кузатиб боришлари тавсия қилинди.
Тадбир давомида жамиятимиздаги айрим: мушкулкушод, бибисешанба каби бидъат-хурофотларнинг олдини олиш бўйича ҳам керакли тавсиялар берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
матбуот хизмати