muslim.uz

muslim.uz

الإثنين, 27 تشرين2/نوفمبر 2017 00:00

Болага ота-онасини ҳурмат қилишни ўргатинг!

Болалар тарбиясига доир фойдали маслаҳатлар

Ислом дини одамларнинг доимо бир-бирларига яхшилик қилишга амр қилади. Жумладан, шу гўзал дунёга келишига сабабчи бўлган ота-онасига яхшлик қилиш лозимлигини тушунтирган. Ота-она ҳар бир инсон учун жуда мўътабар, эъзозли улуғ кишилардир. Ота-она ким бўлишидан қатъи назар, уларни ҳурмат-эҳтиром билан уларга яхшилик қилиш ҳар бир фарзанд учун зарур бўлган вазифалардандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ота онасига яхшилик қилишга амр қилиб бундай дейди: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик...” (Анкабут, 8).

Бошқа ояти каримада Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!” (Исро, 23).

Ушбу оятда “уларга ёқимли сўз” деганда ота-онани номи билан чақирмаслик, балки “отажон, онажон” каби сўзлар билан ёш гўдакларга хос муомала қилиш, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини қул ёки хизматкордек тутиш кабиларни тушиниш керак бўлади.

Фарзанд ота-онага доимо яхши муомалада бўлиши шарт. Айниқса, улар кексалик ёшига етиб, жисмлари заифлашиб, унинг хизматига муҳтож бўлганларида, масъулият яна ҳам ортади. Инсон кексайгач унинг кўнгли нозик бўлиб қолади. Ҳар қандай сўз ва муомала ёқавермайди. Ана шундай ҳолда фарзанд уларга “уф” деган сўз билан ҳам эътироз билдириши мумкин эмас. Чунки, ота-она ўз боласини тарбия қилиш ва парваришлаш вақтида ҳар қанча машаққат бўлса ҳам сабр қилган ва унга меҳр билан муомалада бўлганлар. Фарзанд гўдаклик пайтида ота-онага қанчалик муҳтож бўлса, улар ҳам болаларига шунчалик муҳтож бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: «Аллоҳнинг розилиги ота-онанинг розилиги ва Аллоҳнинг ғазабида ота-онанинг ғазабидадир» (Абу Довуд ривояти).

Шунингдек, кимки Аллоҳ таолони рози этаман деса, ота-онасини рози қилишга ҳаракат қилсин. Чунки ота-она фарзанди учун қилган дуолари мақбул бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладиларки: “Уч дуо дарҳол қабул бўлади. Уларда ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир. Мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва ота-онанинг фарзандларини койиб қилган дуоси”  (Бухорий ривояти).

Дарҳақиқат, ота-она боласи учун қандай дуо қилса, ҳеч шубҳасиз қабул бўладиган дуолардан экан. Шунинг учун, фарзанд доимо ота-онасини хайрли дуоларини олишга ҳаракат қилиши лозим. Аксинча, дуоибад бўлишидан эҳтиёт бўлиши зарур.

Имом Муслим (рҳ.) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зикр қилдилар: “Ота-онасининг бирини ёки иккаласини кексалик ҳолларида топиб, ўзига жаннатни вожиб қилолмаган кишининг бурни ерга ишқалсин (яъни, хор бўлсин)!” – деб бир неча бор такрорладилар.

Бола ота-онасига қанчалик яхшилик қилмасин, ҳеч вақт ўзи дунёга келишига сабаб бўлган зотларнинг мукофотини қайтара олмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагиларни айтадилар: “Бола отаси мукофотини қайтара олмайди, фақат отаси қуллик азобида юрган бўлса-ю фарзанд уни сотиб олиб озод қилсагина, мукофотини қайтарган бўлиши мумкин”.

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

الإثنين, 27 تشرين2/نوفمبر 2017 00:00

Олимлар мажлисига ошиқинг

Луқмони Ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган: “Ўғлим, агар Аллоҳни зикр қилаётган қавмни кўрсанг, улар билан бирга ўтир. Чунки олим бўлсанг, илмингга фойда беради, илмсиз бўлсанг, сенга илм ўргтадилар. Шоядки, сенга ҳам Аллоҳ таолонинг инъом этган раҳматидан етса. Аллоҳни зикр қилмайдиган қавмни кўрсанг, улар билан бирга ўтирма. Чунки олим бўлсанг, илмингни кўпайтирмайди, илмсиз бўлсанг йўл кўрсатмайди. Аллоҳ уларга ғазаб қилганида, сенга ҳам ғазабидан етиб қолмасин”.

Олимнинг олдига келиб, у билан бирга ўтирса, унинг илмини эгаллашга қодир бўлмаса ҳам , унга еттита яхшилик бордир:

Биринчидан, таълим олувчиларнинг фазилатига эришади.

Иккинчидан, олим билан бирга ўтиришда давом этса, гуноҳ ва хатолардан ҳоли бўлади.

 Учинчидан, уйидан чиқса, унга Аллоҳнинг раҳмати тушади.

Тўртинчидан, олимнинг олдига ўтирганларга раҳмат тушади, демак, у ҳам шу раҳматдан насибадор бўлади.

Бешинчидан, модомики, эшитиб турар экан, унга ҳам яхшилик ёзилади.

Олтинчидан, фаришталар олимлардан рози бўлиб, уларни қанотлари билан ўраб турадилар. Ушбу мажлисда ўтирган илмсиз киши ҳам бундан насиба олади.

Еттинчидан, ҳар бир босган қадами гуноҳлари учун каффорат бўлади, даражасини юксалтиради ва яхшиликларни зиёда этади.

Аллоҳ таоло олимлар билан ҳамсуҳбат бўлувчиларни олти нарса билан икром қилади:

  1. Олимлар мажлисида қатнашишни яхши кўриш неъмати билан мукаррам этади;
  2. Олимга эргашган ҳар бир кишининг савобидан камайтирилмасдан унга ҳам беради;
  3. Агар улардан бирортасининг гуноҳи кечирилса, у бошқаларга шафоатчи бўлади;
  4. Қалби фосиқлар мажлисидан совийди;
  5. Солиҳлар ва таълим олувчилар йўлига киради;
  6. Аллоҳ таолонинг амрини бажаради.

Ҳакимлардан бири айтади: “Аллоҳ таолонинг дунёда ҳам жаннати бордир. Ким шу жаннатга кирса, яшаш тарзи гўзал бўлади. Бу жаннат – зикр мажлисларидир.

ЎМИ  Халқаро алоқалар бўлими ходими

Абдуллоҳ   ПАРПИЕВ

الأحد, 26 تشرين2/نوفمبر 2017 00:00

Бир оят тафсири

“Лут ўз қавмига: “Албатта сизлар шундай бузуқлик қилмоқдасизларки, сизлардан илгари бутун оламлардан бирон кимса бундай қилмаган эди. Ҳақиқатан сизлар (хотинларингизни қўйиб)эркакларга борурмисизлар, йўлтўсар қароқчилик қилурмисизлар, мажлисларингизда ёлғон ишлар қилурмисизлар?” деганини эсланг. Бас, Лут қавмининг жавоби фақат “Агар сен ростгўй кишилардан бўлсанг, бизларга Аллоҳнинг азобини келтирчи” дейишлари бўлди” (Анкабут сураси, 28-29-оятлар).

   Ўтган умматлар қиссаларининг Қуръонда зикр қилиниши ҳикматларидан бири улардан ибрат олишимиз учундир. Юқоридаги оят тафсирида келадики: Жибрил (алайҳиссалом) Аллоҳнинг буйруғи билан Лут қавми яшайдиган қишлоқни баландга кўтардики, ҳатто осмондаги фаришталар итларнинг вовиллашини эшитдилар. Сўнг уларни ағдариб ўша баландликдан ташлаб юборди. Кейин Аллоҳ таоло улар устига ёмғир каби тошларни ёғдирди. Бу азобларнинг барчаси улар қилган гуноҳлари сабабли эди. Натижада улар қиёматгача ёмонлик билан зикр қилинадиган бўлдилар. 

Бу оят ҳақида имом Ажурий (роҳимаҳуллоҳ) шундай дедилар: “Аллоҳ таоло Лут қавмининг қилган ёмон фасод ишлари ҳақида сизларга хабар берди. Аллоҳ таоло уларнинг кўзларини кўр қилди. Сўнг Жибрил (алайҳиссалом) қанотлари билан қишлоқ аҳлини осмонга кўтарди ва тескари қилиб пастга ташлади. Сўнг устларига осмондан тошлар ёғилди ва барчалари ҳалок бўлдилар. Айтиладики, улар тўрт минг киши эдилар”. 

Бу каби маъсиятлардан узоқ бўлиш учун қуйидагиларга эътиборли бўлиш зарур: 

1.      Гуноҳларни осон қилиб ва зийнатлаб кўрсатувчи дўстлардан узоқ бўлиш. 

2.      Қараганда шаҳвоний нафсни қўзғатувчи нарсалардан кўз юмиш. 

3.      Нафсини поклаш учун тезроқ уйланишга ҳаракат қилиш. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: “Эй ёшлар жамоаси, сизлардан ким қодир бўлса уйлансин...” 

4.      Уйланишга қодир бўлмаса, шаҳватни кесувчи рўзани кўпроқ тутиш. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар: “Албатта, шайтон Одам боласининг қон томирида юради. Унинг йўлини очлик билан торайтиринглар”. 

5.      Бўш вақтларини инсон ўзи учун дунё ва охиратда фойда берувчи нарсалар билан ўтказиш. Бу борада ота-оналар эътиборни болалардан қочирмаслиги керак. 

Бу умматларнинг аҳволларидан ибратланиб, бундай гуноҳлардан узоқ бўлиш керак. Чунки ҳозирги кунимизда аввалги ота-боболаримизда бўлмаган ўта хатарли касалликларнинг пайдо бўлиши, бизлардан содир бўлаётган гуноҳларимиз сабаблидир. 

Эй Аллоҳим, бизларни доимо тўғри йўлингда собитқадам қилиб, фитналардан омонда сақлагин.

 

Жабборали НУРМАТОВ, 

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси. 

الأحد, 26 تشرين2/نوفمبر 2017 00:00

Муносабат: Қотиллик

Ўзбекистон мусулмонлар диний идораси, масжидлар бўлими мудири, “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби Раҳимберди Раҳмонов

Ушбу видеолавҳада Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг Пайғамбар алайҳиссаломнинг таваллудлари, ёшлик, йигитлик ва пайғамбарлик даврлари ҳақида мавъизалари ва мавлиди шариф муносабати билан мўмин-мусулмонларимизга йўллаган табриклари жой олган.

Янгиликлар

Top