muslim.uz

muslim.uz

الجمعة, 31 آذار/مارس 2017 00:00

“Бола бўлиб қолсам қанийди”

Жала қўйиб ётувди. Машинада секин кетаётиб йўлда қўл кўтарган аёлга бир машина тўхтаб уни олмай кетганига кўзим тушди. Ёмғирда турмасин дея машинага чиқариб олдим. Йўлда давом этдик. Бир маҳал қаршимиздан ёмғир остида чопқилаб юрган болалар чиқиб қолди. Улардан бири машинанинг олдига чиқиб кетди. “Ҳа, шумтака!” деб қўйдим болакай гапимни эшитмаган бўлсам ҳам. “Қани эди, шундайгина бола бўлиб қолсам”, деб қолди йўловчи аёл. “Болалик беғуборлик-да!” деб қўйдим. “Тўғри-ку, биласизми, мен айнан шундай беғуборлик чоғимда Худони таниб олмаганимдан кўп афсусланаман”, деди у.

Ишонасизми, шу гапни эшитганимдан сўнг асло қарамаслигим керак бўлгани ҳолда беихтиёр унга ўгирилиб қарадим. Ёши эллик бешлар чамасидаги қатъиятли аёлнинг кўзлари аллақандай мунглидек кўринди. “Бизни замон ҳам чалғитди-да”, деб унга далда бўлдим. “Шундай деб айбни шўроларга, нобоп замонга ағдарамиз, Аммо бу билан қалбимиз қўрқувдан халос бўлмайди. Қолаверса, болаликнинг шукуҳи бошқача, барибир. Ҳа майли, шунисига ҳам шукр. Боши саждага бормай қанча одамлар юрибди, ўшаларнинг сафига қўшиб қўймагани шукр”, деди. Индамай қўйдим. Манзилга ҳам етгандик ўзи. Машинадан тушиб раҳмат айтиб метрога шўнғиб кетди.

Йўлда давом этарканман, унинг гапларини ўйлаб бораётиб туни билан ухламай имтиҳонга тайёрланиб чиққан ўғлим ёдимга тушиб қолди. “Тун яримдан оғди, ухламайсанми?” десам, “Эртага имтиҳоним бор, шунга тайёрланяпман”, дейди.

Бола устозининг олдида мулзам бўлиб турмаслик учун туни билан мижжа қоқмай имтиҳонга тайёрланди. Биз-чи, биз ҳисобимиз кўтариладиган кунга қандай тайёрланяпмиз!

Аллоҳ таоло ояти каримада: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар. Ҳар ким эрталик кун учун нима қилганига назар солсин. Аллоҳга тақво қилинглар. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир” (Ҳашр сурасининг 18-ояти), деб марҳамат қилган.

Бу оят мазмунидан келиб чиқиб ўзимизни талаба билан муқояса қилсак қуйидаги манзара ҳосил бўлади: талабадан устози олти ойда бир марта ҳисоб сўрайди. Талаба, ҳаттоки, дарс вақтида нима қилиб ўтирибди? Дарсдан кейин нима қилади? Қаерга боради? Кимлар билан учрашади? Бу ишларни қатъиян назорат қила олмайди. Агар устоз битта талабани миридан-сиригача таъқиб этмоқчи бўлса, ўзининг ҳаёти қолиб кетиб фақат унинг ортидан юрса бўлади.

Бизнинг  вазиятимиз эса бутунлай бошқача. Аллоҳ бир оятнинг ўзида бизни тақвога буюриш баробарида ҳар бир ишимизни кўриб-билиб турганини таъкидлаяпти. Эртанги кунимиз учун нима тадорук кўрганимизга эътибор қаратишимизни уқтиряпти. Шуни билиб туриб ҳам баъзиларимиз ҳалиги аёлнинг буткул тескарисидан келиб: “Ҳали ёшмиз-ку, пенсияга чиқиб олайлик-чи...” , деб ҳузурланиб эснаб қўямиз. Пенсияга...

Бу гапни айтганимизда учта мўътабар манбадан бирида ҳам гапимизни тасдиқлашга оид ишора йўқлигини эслаб қўйиш ўзимиз учун фойдалидир: шариатимиз китобларида, миллатимиз анъаналарида, ҳукуматимиз қонунларида “Ибодатни қариялар, пенсионерлар қилсин”, деган жумла-банд йўқ.

Бундан аён бўладики, эринчоқлик қилиб ўзимизни ўзимиз алдаб юрибмиз. баъзан нобоп замонни баҳона қиламиз, баъзан шайтонни. Баъзида эса ёшликни – умримизнинг энг гуллаган даврини!..

Ҳали ундай қиламан, ҳали бундай қиламан, деган қуруқ гаплар билан, хаёлий режалар ила умримизни бой бериб қўйувчи бўлиб қолмайлик. Аллоҳ барчамизни ҳузурига қуруқ қўл билан боришимиздан асраб бизга ғайрат, завқу шавқ ато қилсин!

Дамин ЖУМАҚУЛ,

журналист

 

الجمعة, 31 آذار/مارس 2017 00:00

Бидъат

“Бидъат” сўзи араб тилидан таржима қилинганда “янгилик” деган маънони билдиради. Шариат истилоҳида “бидъат – динга киритилган янгиликдир”. Ҳадиси шарифда “Кимки бизнинг бу ишимизга, яъни динимизга янгилик киритмоқчи бўлса, у қайтарилгандир” дейилган.

Бинобарин, бидъат деганда, асосан шаръий  ҳукмларга оид бўлган ва шаърий манбаларда қайд этилмаган, кейин жорий этилган янги амаллар тушунилган. Бунда дунёвий ишлар назарда тутилмаган. Яъни илм-фан тараққиёти, техника ва технологиялар ютуқлари каби замон янгиликларидан фойдаланиш қайтарилган иш ҳисобланмайди. Баъзилар автоуловдан фойдаланиш, электр энергиясини ишлатиш кабиларни ҳам бидъат деб ҳисоблайди ва уларга “бидъати ҳасана” деб ном қўядилар. Яъни “яхши бидъат деб номлайдилар.

Шариатга янгилик киритиш бидъат бўлади. Масалан, намоз ракатларига, рўза ҳукмларига, ҳажнинг рукнларига ўзгартириш киритиш мумкин эмас. Чунки бу масалалар аниқ белгилаб қўйилган. Масалан, намознинг бир ракатида икки марта сажда қилинади. Кимки савобни кўпайтираман деб уч марта сажда қилса бидъатчи бўлади.

Бидъат амаллар тарқалишининг омиллари қуйидагилардир:

  1. Илми мукаммал бўлмаган, лекин ўзини ўта илмли ҳисоблайдиган баъзи кимсаларнинг дин номидан гапириши, ўзи ўйлаб топган, кўзига чиройли кўринган ишларни суннат ва савоб билан боғлашга уриниши. Масалан, шиалар, хорижийлар, жабарийлар, қадарийлар асосчилари мусаффо эътиқод масалаларига бидъатлар киргизди ва кўплаб инсонларни тўғри йўлдан чалғитди. ХХ асрда пайдо бўлган “Ҳизбут-таҳрир” каби оқимлар ҳам Қуръон ва суннатда йўқ масалаларни динда бор деб эълон қилишга интилди.
  2. Дуохон, азайимхон кабиларнинг ўз олдига келувчиларга савоб бўлади дея “қон чиқариш”, “мозорга эҳсон қилиш”, “оқ қўчқор сўйиш” каби шариат буюрмаган амалларни тавсия қилишлари ва бу тавсияларнинг халқ орасида турли йўллар билан тарқалиши.
  3. Молу дунё тўплаш ёки обрў орттириш мақсадида савоб ва жаннатни ваъда қилувчи “Нурнома” ва “Мушкул-кушод” каби шаръий асосларга эга бўлмаган рисола ва китобларнинг ёзилиши ва тарқалиши. Кейинги вақтларда диний-маърифий китоблар расталаридан ўрин олишга уринган “Саодатга элитувчи билим” китобини ҳам ўшалар қаторига киритиш мумкин.
  4. Илмсиз кишилар ўртасида турли сабаблар билан хурофот ишларининг оммалашуви ва бунга ҳеч ким эътироз билдирмаслиги. Масалан, келин-куёв илк марта кўришганда пичоқ, ойна, тароқ ва Қуръонга қараш одати. Ёки чоршанба куни “тугун оши” қилиниши, Пайшанба куни “қўйнинг калласини” ният билан пиширилиши кабилар ҳам шариатга алоқаси бўлмаган, лекин баъзилар наздида савоб ҳисобланган хурофот ишлардир. Бинобарин, бидъат амаллар ижтимоий ҳаётни мураккаблаштирадиган, кўпинча, ортиқча ҳаракат ва харажатларга сабаб бўладиган жоҳилона одатлардир. Улардан сақланиш ҳар бир инсоннинг муҳим вазифасидир  

Наргиза ОДИЛОВА,

Хадичаи Кубро ўрта махсус ислом билим юрти мударрисаси

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакиллиги 29-30 март кунлари масжид имом-хатиблари учун “Турли ёт ғояларга қарши курашишда имом-хатибларнинг ўрни ва вазифалари” мавзуида ўқув-семинар ўтказди.

Унда вилоят ҳокимлиги вакили Д.Шодмонов, Адлия бошқармаси бўлими бошлиғи А.Исоқов, Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари, Қарши давлат университетидан профессор С.Чориев, Вилоят маънавият-тарғибот маркази раҳбари Л.Саодатова иштирок этдилар.

Ўқув-семинарга вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло Усмонов бошчилик қилди. Ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, ёшларни илм олишга тарғиб этиш, сабабсиз дарс қолдириб юрган ўқувчилар тарбияси билан жиддий шуғулланиш, ёшлар маънавиятини шакллантиришда ислом динининг роли, ёшларни турли мафкуравий хуружлар: оммавий маданият ва миссионерлар тузоғидан асраш, диний экстремизм, прозелитизмга қарши курашиш борасида имом-хатиблар олдида турган долзарб вазифалар ҳамда имом-хатиблик масъулиятини янада ошириш бўйича атрофлича маълумотлар берилиб, аниқ вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, ақидапараст оқимларга қарши курашишда имом-хатибларнинг ўрни муҳим эканини тушунтирилиб, тинчлик ва осойишталик улуғ неъмат экани, унинг қадрига етишни тарғиб қилиш лозимлиги таъкидланди.

Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари атрофлича жавоб бердилар. Ўқув-семинар қизиқарли маълумотларга бой тарзда ўтказилди.

 

 

 

            Бекмурод САҲРИЕВ,

                         Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

                         Қашқадарё вилояти вакиллиги масъул ходими

الجمعة, 31 آذار/مارس 2017 00:00

“Муаммо дангасада бўлади”

«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да имом-хатиблар ҳамкор идоралар мутасаддилари билан бирга жойларда халқ билан учрашиб, очиқ мулоқотлар ўтказмоқда.

Имом-хатибларимиз аҳоли билан мулоқот ўтказиш учун хонадонларга кириб борганларида хонадон эгалари: “Ташрифингиздан бошимиз кўкка етди” дея миннатдорчилик билдирмоқда. “Нима камчилик, биздан қандай ёрдам, ечимини топиш керак бўлган қандай муаммолар бор?” дейилганида бир отахон бундай жавоб берди: “Муаммо дангаса ва бекорчида бўлади. Худога шукр, уй-жой, кийим-кечак... асосийси танимиз соғ, хотиржаммиз. Қолган камчиликлар ҳаётимиз мазмуни”. Бу жавоб барчани мамнун қилди.

Хонадонларда муаммоларга ҳам дуч келинмоқда: аразлашиб қолган ёш оилалар, дарс қолдираётган ўқувчилар, ака-ука ва опа-сингиллар муросасизлиги... Улар билан юзма-юз гаплашиб, керакли насиҳатлар берилди. Қувонарлиси, уларнинг аксари шу жойнинг ўзидаёқ муросага келишди. Моддий ёрдамга муҳтож, эҳтиёжманд оилаларга ҳам мутасадди идоралар ва имом-хатиблар баҳоли қудрат ёрдам кўрсатишди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: “Кимда-ким бир мусулмон дўстининг эҳтиёжини таъминлашга ҳаракат қилса – уни эҳтиёждан чиқарган ё чиқаролмаганлигидан қатъи назар – Аллоҳ аввалги ё келгусида қилиши мумкин бўлган гуноҳларини афв этади. Бундан ташқари, унга икки бағот (мукофот ёрлиғи) беради. Бири уни жаҳаннам оташидан, бошқаси нифоқдан ҳимоя қилади”,  дея марҳамат қилдилар.

Муқаддас динимиз таълимотларига холисона ёндашган киши борки, бу дин ҳар бир жамиятда аъзоларининг манфаатини таъминлаш борасида энг самарали натижаларни йўлга қўйганига амин бўлади.

«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да динимиз таълимотларига содиқ қолган ҳолда ҳамкор ташкилотлар билан бирга ана шундай хайрли ишларимиз салмоғини ошириш ҳамда улар янада самарали бўлиши  учун ҳаракатда давом этмоқдамиз. 

 

Турсунали ЭРБЎТАЕВ,

Фарғона вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби

 

الجمعة, 31 آذار/مارس 2017 00:00

Абдул Босит Ҳошим Муҳаммад

Шайх Абдул Босит Ҳомид Муҳаммад Мутаваллий 1928 йили 1 Январда Мануфия вилоятининг “Шабинул кум” маркази Шибробос қишлоғида туғилган. У зот Абдул Босит Ҳошим Муҳаммад номи билан танилган. Чунки Ҳошим У зотни отаси вафот этганидан сўнг ўз кафиллигига олиб тарбия қилган эди.

Шайх Абдул Боситни отаси, У зот туғилишидан олдин вафот этган. Онаси, У зот туғилганидан сўнг 6 ой ўтгач вафот этади. У зотни кўзлари 5 ёшларида ожиз бўлиб қолади. Шайх Абдул Босит опаси ва унинг эри билан биргаликда Искандарийяга сафар қилади. У зотни ёшлари 7 га тўлганида, поччаси уларни (Шайх Абдул Босит ва опаси) икковларини ташлаб кетади. Шундан сўнг Қоҳирага сафар қиладилар. Уларни Ҳошим Муҳаммад ўз қарамоғига олиб, уларни тарбия қилади.

Шайх Абдул Босит Қуръони Каримни Ҳошим Муҳаммаддан таълим олиб 8 ёшида тўлиқ ёд олади.

Ҳошим Муҳаммад Шайх Абдул Боситни Қуръони Каримни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламгача бўлган санад билан Шайх Аҳмад Абдул Ғаний Абдур Раҳимдан ўтказиб олиши учун Усют шаҳрига юборади. Шайх Аҳмад Абдул Ғаний Абдур Раҳим 7 қироатдан ижоза берадиган қориларнинг бири эди. Шайх Абдул Босит У зотдан турли матнларни ўтказиб олиб, ижоза оладилар.

Шайх Абдул Босит 11 ёшида 4.5 ойда “Матнуш Шотибийя” ни ёд олади. Сўнг Шайх Аҳмад Абдул Ғанийдан 5 йил мобайнида матнни ўтказиб олади. Шу аснода Шайх Абдул Босит У зотдан “Муватто” ва “Булуғул амнийя фи шарҳи итҳафил барийя” китобларидан ҳам дарс олади. Шайх Абдул Босит 7 қироатдан ижозани олганидан сўнг, Шайх Аҳмад Абдул Ғаний У зотни ўзларининг устози бўлмиш Маҳмуд Муҳаммад Хаббутнинг ҳузурларига юборадилар. Шайх Абдул Босит Бу зотдан “Дурраҳ” ва “Шотибийяҳ” йўналишларидан ижоза олади. Сўнг Шайх Аҳмад Абдул Ғанийнинг олдига қайтиб келади. Шайх Абдул Босит келганидан сўнг Шайх Аҳмад Абдул Ғаний улуғ шайхларни меҳмондорчиликка чақиради. Шайх Абдул Босит уларни ҳузурдарига киради. Уларни ҳар бири 15 тадан савол бериб, Шайх Абдул Боситни имтиҳон қиладилар. Имтиҳондан яхши ўтганидан сўнг Улар Шайх Абдул Боситга 10 қироат бўйича ижоза берадилар. Шундан сўнг Шайх Аҳмад Абдул Ғаний ўзлари ҳам ижоза берадилар. Мана шу вақтда Шайх Абдул Боситни ёшлари 17 да эди.

Шайх Абдул Босит кейинчалик Қоҳирага сафар қилади.  У ерда 2 йил қолади. Сўнг “Масжидул Қоноий” нинг имоми Шайх Мустафо Ҳасан Саъиднинг ҳузурига боради. У кишидан ҳеч қандай ҳақ олмасдан, Қуръони Каримдан таълим беришга келишиб олишади ва у кишига Шайх Абдул Босит 19 ёшида “Тоййиба” матнидан таълим беришни бошлайди. Шу билан у ерда 8 йил қолиб кетади. Шайх Абдул Босит “Анкабут” сурасини тиловат қилиб берганидан сўнг Шайх Мустафо Ҳасан вафот этади. Шайх Мустафо Ҳасан вафотидан олдин “Тоййиба” йўналиши бўйича Шайх Абдул Боситдан ижоза олган эди.

Кейинчалик Шайх Абдул Босит Қоҳирадаги “Қироатлар институти” га ҳужжат топширади. Буни эшитган Азҳарнинг шайхи Абдур Раҳмон Тож Шайх Абдул Боситни фиқҳ, тафсир, тавҳид, наҳв, сарф ва балоғат фанларидан имтиҳон қилади. Сўнг Шайх Абдул Боситни буюк иқтидор соҳиби ва илмий савияси жуда ҳам юқори эканини билгач, Шайх Абдул Боситга Азҳар университетига тафсир йўналиши бўйича Магистр ва Докторлик учун ҳужжат топширишни таклиф қилади. Шундан сўнг 1962 йили Шайх Абдул Босит Докторликни қўлга киритади. Ва Азҳар университетининг усулуддин факултетида дарс бера бошлайди. Узоқ вақт дарс беради.

Устозлари:

  1. Шайх Аҳмад Абдул Ғаний
  2. Шайх Маҳмуд Муҳаммад Хаббут
  3. Шайх Мустафо Ҳасан Саъид ва бошқалар.

Шогирдлари:

  1. Аҳмад Ҳомид Абдул Ҳаафиз оли Туъайма
  2. Маҳдий Муҳаммад Ҳарозий
  3. Холид Ҳасан Абул Жуд
  4. Аҳмад Толабаҳ
  5. Абдуллоҳ ибн Солиҳ
  6. Абдуллоҳ ибн Ножий ва бошқалар.

Тошкент ислом институти 4-курс талабаси

Абдус Сомад Абдул Босит

Янгиликлар

Top