muslim.uz

muslim.uz

Самарқандда ўтказилган Имом Бухорий меросини ўрганишга бағишланган халқаро анжуман иштирок этган Афғонистон Ислом Республикаси Иршод, ҳаж ва вақф ишлари вазири ва Тожикистон Ислом маркази раиси бошчилигидаги делегация аъзолари “Афросиёб” тезюрар поездида Бухорога етиб келишди.

Меҳмонларни Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Э.Мажидов, Бухоро вилояти бош имом-хатиби Ж.Элов ва бошқа мутасаддилар кутиб олишди.

Ташриф давомида меҳмонлар Бухоронинг диққатга сазовор жойлари, муборак қадамжоларида, жумладан, “Саййид Амир Кулол”, “Ҳазрати Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд”, буюк фиқҳшунос олим, Имом Бухорийнинг замондоши бўлган “Абу Ҳафс Кабир” зёратгоҳларида бўлдилар. Ушбу қадамжолардаги меъморий ансанбиллар, алломаларнинг ёзган асарлари билан яқиндан танишдилар.

Шундан сўнг меҳмонлар Ўрта Осиёда Сомонийлар даври меъморчилигининг нодир намуналаридан бири бўлган тарихий обида “Исмоил Сомоний” меъморий ансамбилини кўздан кечиришди. Кейин Мовароуннаҳрда қурилган илк масжид Масжиди Калон тарихий меъморий мажмуаси бўлишди.

Саёҳат давомида қардош халқлар уламолари Бухорои азимдаги алломалар бешиги бўлган “Мир Араб” ўрта махсус Ислом билим юрти фаолияти билан яқиндан танишдилар. Мир Араб мадрасаси Минораи Калон ва Масжиди Калон билан гўзал бир меъморий мажмуани ташкил этади. Ушбу билим даргоҳи шаҳардаги мадрасалардан икки улкан мовий гумбази билан ажралиб туради.

Шунинг билан Тожикистон ва Афғонистон уламоларининг Ислом тамаддунига улкан ҳисса қўшган, буюк маданий маънавий тарихга эга, осмон остидаги мадрасалар юрти бўлмиш Бухоро шахрига ташрифи якунига етди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилоят вакиллиги
матбуот хизмати

الثلاثاء, 16 آذار/مارس 2021 00:00

19.03.2021 й. Динимизда қўшничилик ҳақлари

بسم الله الرحمن الرحيم

الحَمْدُ للهِ رب العالمين وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمَ عَلَى سَيِّدِنَا ونبينا مُحَمَّدٍ الأمين ، وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ، أَمَّا بَعْد

ДИНИМИЗДА ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚЛАРИ

Муҳтарам жамоат! Инсон ҳаёти давомида жамиятдан ажралиб кун кечира олмайди. Атрофдагилар билан турли ижтимоий алоқалар ўрнатади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам оила, маҳалла ва жамият ичида бўлади. Табиийки, ҳаёти давомида унинг атрофдагиларга нисбатан ҳуқуқ ва бурчлари пайдо бўлади. Мана шундай ҳуқуқлардан бири қўшничилик ҳаққи бўлиб, унга динимизда алоҳида эътибор берилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўзига ибодат қилиш ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмасликка буюрганидан кейин, бир қанча тоифаларга яхшилик қилишга буюради. Ўша кишилар ичида қўшнилар ҳам зикр қилинган. Ояти каримада шундай дейилади:

  وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ مَنْ كَانَ مُخْتَالًا فَخُورًا  

яъни: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо сураси 36-оят).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

 ما زالَ يُوصِينِي جِبْرِيلُ بِالْجَارِ، حتَّى ظَنَنْتُ أنَّه سَيُوَرِّثُهُ

 (رواه الامام البخاري عن عائشة رضي الله عنها)

яъни: “Жаброил мени доим қўшни ҳақида яхшиликка буюрганидан, уни меросхўр қилиб қўярмикан, деб ўйладим” (Имом Бухорий ривоятлари).

Гоҳида қўшниларнинг ҳолидан ғафлатда қоламиз, уларни ҳолидан хабар олмаймиз, ваҳоланки, энг аввало улар учун бизнинг зиммамизда бир қанча ҳақлар бор: кўрганда салом бериш; маслаҳат сўраса, тўғрисини айтиш; акса урса, жавоб қайтариш; касал бўлса, зиёрат қилиш; вафот этса, жанозасига қатнашиш ва ҳоказолар.

Улуғ саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу айтадилар: “Бир пайтлар ўз динор ва дирҳамига мусулмон биродаридан кўра ҳақли эмас эдик. Ҳозир эса мусулмон биродаримиздан кўра динор ва дирҳамларимиз бизга севимли бўлиб қолди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан эшитганман:

كَمْ مِنْ جَارٍ مُتَعَلِّقٍ بِجَارِهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ ، يَقُولُ : يَا رَبِّ ، هَذَا أَغْلَقَ بَابَهُ دُونِي ، فَمَنَعَ مَعْرُوفَهُ 

 رواه الامام البخاري

яъни: “Қиёмат куни қанчадан-қанча қўшнилар борки, қўшнисига ёпишиб олиб: “Эй, Раббим! У мени юзимга эшигини ёпди, яхшилигидан маҳрум қилди”, дейди”, – деганлар” (Имом Бухорий ривоятлари).

Абу Шурайҳ ал-Хузоийдан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар:

مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيُحْسِنْ إِلَى جَارِهِ 

رواه الامام مسلم

 яъни: “Ким Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин!” (Имом Муслим ривоятлари).

Қўшнилар ўртасидаги яхшиликнинг бир кўриниши – ҳайитларда, қувончли кунлар ва муносиб вақтларда ўзаро ҳадя алмашишдир. Муҳими – қўшнининг ҳадяси нима бўлса ҳам, уни кам кўрмаслик керак бўлади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтадилар, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дедилар:

 يَا نِسَاءَ الْمُسْلِمَاتِ لَا تَحْقِرَنَّ جَارَةٌ لِجَارَتِهَا وَلَوْ فِرْسِنَ شَاةٍ 

رواه الامام مسلم

яъни: “Эй, муслима аёллар! Қўшни қўшнининг ҳадясини паст санамасин, агарчи қўйнинг туёғи бўлса ҳам” (Имом Муслим ривоятлари).

Оиша онамиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан сўрадилар: “Икки қўшнимнинг қайси бирига ҳадя берай?” У Зот алайҳиссалом: “Эшиги яқинига”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари). Бу билан ён қўшнининг ҳаққи ўзгаларникидан кўпроқ бўлишини эслатиб қўйдилар.

Ўзаро таом улашиш ҳам қўшнига яхшилик қилишдандир. Абу Зарр разияллоҳу анҳу айтадилар: “Суюкли Пайғамбарим менга буюрганлар:

 إذَا طَبَخْتَ مَرَقًا فأكْثِرْ مَاءَهُ، ثُمَّ انْظُرْ أَهْلَ بَيْتٍ مِن جِيرَانِكَ، فأصِبْهُمْ منها بمَعروفٍ

رواه الامام مسلم

яъни: “Шўрва қайнатсангиз, сувини кўпайтиринг, сўнгра қўшниларингиз аҳлига қараб, яхшилик-саховат билан ундан сузиб беринг” (Имом Муслим ривоятлари)

Ўзига тўқ қўшнилар ҳеч қачон қийналган қўшниларни эътиборсиз ташлаб қўймаслиги керак. Қўшнилар зарурий таом ва кийим кечак каби нарсаларга муҳтож бўлиб қолишса, албатта, уларга ёрдам қўлини чўзиш зарур. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

مَا آمَنَ بِي مَنْ بَاتَ شَبْعَانَ وَجَارُهُ جَائِعٌ إِلَى جَنْبِهِ وَهُوَ يَعْلَمُ بِهِ

رواه الامام الطبراني

яъни: “Ён қўшниси оч эканини билиб туриб, тўқ ҳолида тунни ўтказган киши менга имон келтирмабди” (Имом Табароний ривоятлари).

Мусибат бўлган хонадон аҳлини қариндош ва қўшнилар таом билан йўқлаши ҳам – динимиздаги гўзал суннатлардандир. Жаъфар разияллоҳу анҳу вафот этганларида Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

اِصْنَعُوا لِآلِ جَعْفَرٍ طَعَامًا فَإِنَّهُ قَدْ أَتَاهُمْ أَمْرٌ شَغَلَهُمْ

 رواه الامام أبو داود عن عبد الله بن جعفر

яъни: “Жаъфарнинг оиласига таом тайёрланглар, уларнинг бошига машғул қилувчи оғир иш тушди” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Динимиз қўшниларга яхшиликка буюриш билан бирга, уларга озор беришдан қайтаради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:

مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللهِ وَاليَومِ الْآخِرِ،فَلاَ يُؤْذِ جَارَهُ 

رواه الامام مسلم عن أبى هريرة رضي الله عنه

яъни: Ким Аллоҳ ва Охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин!(Имом Муслим ривоятлари).

Аслида ўзгага ноҳақ азият бериш ҳаром амаллардан, лекин қўшнига азият беришнинг  гуноҳи унданда каттадир. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан сўрадим:

أيُّ الذَّنْبِ عِنْدَ اللَّهِ أكْبَرُ، قالَ: أنْ تَجْعَلَ لِلَّهِ نِدًّا وهو خَلَقَكَ قُلتُ: ثُمَّ أيٌّ؟ قالَ: ثُمَّ أنْ تَقْتُلَ ولَدَكَ خَشْيَةَ أنْ يَطْعَمَ معكَ قُلتُ: ثُمَّ أيٌّ؟ قالَ: أنْ تُزَانِيَ بحَلِيلَةِ جَارِكَ .... 

رواه الامام البخاري

Аллоҳнинг наздида энг ёмон гуноҳ қайси?”. “Сизни яратган ҳолида Аллоҳ таолога ўзгани шерик қилишингиз”, – дедилар. “Кейин қайси бири?” – дедим. У Зот алайҳиссалом: “Сиз билан бирга таомланишидан (яъни, камбағалликдан) қўрқиб фарзандингизни ўлдиришингиз”, – дедилар. “Кейин қайси?” – дедим. У Зот: “Қўшнингизни жуфти билан зино қилишингиз”, – дедилар” (Имом Бухорий ривоятлари).

Ҳадиси шарифда қўшнининг молини ўғирлаш бошқа ўн хонадондан ўғрилик қилишнинг гуноҳидан каттароқ экани айтилган. Бошқа ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Аллоҳ уч кишини яхши кўради, уч кишини ёмон кўради: ... Бир кишининг доим озор берадиган қўшниси бор, уларнинг ўртасини ўлим ёки кўчиш ажратгунича, унинг азиятларига сабр қилади (уни Аллоҳ яхши кўради)...” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Ҳозирда айрим қўшнилар орасида ер-жой ёки бошқа масалалардаги ўзаро талашишлар оқибатида юзага келаётган хунук оқибатлар динимиз таълимотларига мутлақо зиддир. Бундай хижолатли ишларга барҳам бериш учун қўшнилар ўзаро келишув, ҳурмат, олийжаноблик ва диёнат билан иш тутишлари керак. Шунда Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўладилар, ризқларига баракот киради, ҳаётлари маъноли ва мазмунли кечади. Ҳар куни уруш жанжал бўлган жойда барака, хотиржамлик ва кўнгилхушлиги бўлмайди.

Айниқса ўзганинг ерини зулм билан ўзлаштириб олишнинг жазоси қаттиқ бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

مَنْ اِقْتَطَعَ شِبْرًا مِنْ اَلْأَرْضِ ظُلْماً طَوَّقَهُ اَللَّهُ إِيَّاهُ يَوْمَ اَلْقِيَامَةِ مِنْ سَبْعِ أَرَضِينَ 

مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ روي عَنْ سَعِيدِ بْنِ زَيْدٍ

яъни: “Ким зулм билан бир қарич ерни эгаллаб олса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни ўша ерни етти қават ерни остигача бўйнига осиб қўяди”(Муттафақун алайҳ).

Ҳасанул Басрий айтадилар: “Яхши қўшничилик – фақат ёмонлик қилишдан тийилиш эмас, балки қўшнидан етган азиятга сабр қилишдир”.

Хатиб Бағдодий ривоят қиладилар: “Имом Аъзам Абу Ҳанифанинг бир маҳсидўз қўшниси бор эди. Куни билан ишлар, кечки пайтлар олиб келган таомларини еб, май ичиб, сархуш бўлиб: “Улар мени қадримга етишмади, қандай ҳам йигитни бой бердилар...”, деган байтни ухлаб қолгунча такрорларди. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг одатлари кечалари билан намоз ўқиш эди. Қўшнининг овозини ҳар куни эшитардилар. Бир куни овози эшитилмай қолди. Сўраб суриштирсалар, уни қамаб қўйишибди. Бомдод намозини ўқигандан кейин, хачирларига миниб, амирнинг ҳузурига кирдилар. Амир ҳурмат билан кутиб олди ва ҳожатларини сўради. У зот: “Бир этикдўз қўшним бор эди, қамаб қўйишибди, шуни озод қилишса...”, – дедилар. Амир ўша кундан бери қамалганларнинг барчасини озод қилди. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ уловда, маҳсидўз пиёда бирга уйларига қайтишди. Етиб келишгач, Абу Ҳанифа унинг ёнига бориб: “Эй, йигит! Сизнинг қадрингизга етмадикми?!” – дедилар. У: “Йўқ, аксинча, ҳимоя қилдингиз, ғамхўрлик қилдингиз. Қўшничилик ҳурмати ва ҳаққа риоя қилганингиз учун Аллоҳ сизни яхшилик билан мукофотласин” – деди. Шундан кейин у киши тавба қилиб, ножўя ишларини тарк қилди” (“Тарихи Бағдод” китоби).

Халқимизда “Қўшнинг тинч, сен тинч” деган нақл бор. Яхши қўшничилик алоқаларини ўрнатиш – давлатимиз олиб бораётган хайрли ишлардан биридир. Айниқса, биз билан чегарадош халқлар билан қадимдан қуда-анда бўлиб келганмиз. Динимиз, тарихимиз, маданиятимиз ва урф одатларимиз – бир хил. Ҳозир ҳам ўзаро маданий-иқтисодий алоқалар кундан-кунга ривожланиб бормоқда. Бу ишлар ҳам – давлатимизда айни динимиздаги яхши қўшничилик алоқаларини ҳаётга татбиқ қилишдир.

Ҳурматли жамоат! Алҳамдулиллаҳ, қишдан чиқиб, экин-тикин мавсумига ҳам саломат етиб келдик. Албатта, деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланиш халқимизга мўл-кўл ризқ келтиради, ҳалол ризқ топиш мақсадида меҳнат қилганлар катта савобларга ҳам эришадилар.

Деҳқончилик башарият учун зарур бўлган касблардан. Усиз инсон ҳаётини тасаввур қилиб бўлмайди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “Ўлик (қўриқ) ер улар учун (қайта тирилишга) бир аломатдир, Биз уни (сув билан) тирилтирдик ва ундан (турли) донларни ундириб чиқардик. Бас, улар ундан емоқдалар. Яна Биз унда (ерда) хурмозор ва узумзор боғларни (пайдо) қилдик ва у ерда булоқларни оқизиб қўйдик. Токи (одамлар) мевасидан есинлар. Ҳолбуки, у (мевалар)ни ўз қўллари (билан) қилмаган эдилар. Ахир шукр қилмайдиларми?!(Ёсин сураси 33-35-оятлар).

Пайғамбаримиз алайҳиссалом деҳқончилик ва кўчат ўтқазишга жуда кўп тарғиб этганлар. Масалан, бир ҳадиси шарифларида: “Агар Қиёмат қойим бўлиб қолсаю, қайси бирингизнинг қўлингизда экаман деб турган кўчат ниҳоли бўлса, уни экишга улгурса, экиб қўйсин”, – деб марҳамат қилганлар (Имом Аҳмад ривоятлари).

Бошқа бир ҳадиси шарифларида эса: “Бирон-бир мусулмон кишиси бир дарахт ўтқазса ёки бир нарса экса, ундан қуш ёки инсон тановул этиб, манфаатланса, шу сабабдан у киши эҳсон қилганлик савобига эришади” (Муттафақун алайҳ).

Бу ҳадиси шарифлардан кўчат ёки экиндан фойда келиб турса, ўша инсон вафот этиб кетган бўлса ҳам, унга Қиёматгача савоб бориб туриши билдирилмоқда.

Шундай экан, ҳаммамиз ўзимиз яшаб турган жойларга, маҳаллаларга турли дарахт кўчатларини экиб, обод қилсак, бундан нафақат инсонлар, балки ҳайвонлар ва қушлар манфаат топса ҳам, савоб ҳосил бўлаверади.

Аллоҳ таоло барчамизга чиройли қўшничилик алоқаларини ўрнатиш ва қўшнилар билан тинч-тотув, аҳил яшашни насиб айласин! Омин!

Келаси жума маърузаси “Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш одоби” ҳақида бўлади, иншааллоҳ.

Хабарингиз бор, эртага, 15 март куни Самарқанд вилоятида “Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари ва бугунги кундаги тарбиявий аҳамияти” мавзусида ўтказиладиган халқаро анжуманда қатнашадиган Тожикистон ва Афғонистон делегацияси вакиллари юртимизга ташриф буюришган.

Меҳмонлар бугун куннинг иккинчи ярмида Самарқанднинг диққатга сазовор тарихий обидалари ва замонавий иншоотларига саёҳатини давом эттирдилар. Жумладан, Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилишди, Қуръон тиловат қилиниб, буюк муҳаддис бобомиз ҳақига бағишланди.

Шундан сўнг меҳмонлар Ҳадис илми мактаби ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида талабалар ва илмий тадқиқотчи олимларга қилинган шароитлар ва илмий-тадқиқот ишлари билан танишди.

Дастлаб меҳмонлар Ҳадис илми мактабидаги шароитларни кўздан кечиришди. Мактабнинг ташкил этилиш мақсадлари ва келажакда кутилаётган натижалар, мактабда талабаларнинг ўқишга қабул қилиш тизими ва мутахассислик, ўқув режасидаги фанлар ва ўқув адабиётлари таркиби ҳамда уни ислом оламидаги нуфузли уламолар томонидан эътироф этилганлиги, ўқитишда қўлланиладиган замонавий методлар ҳақида маълумот берилди.

Ташриф давомида уламолар талаба-ёшлар билан суҳбат қуришди, уларга илмий савол беришди. Талабаларнинг мавзунинг моҳиятини яхши англаган ҳолда, аниқ, лўнда ва тезда берган жавобидан мамнун бўлишиб, уларнинг билим ва малакасига таҳсин айтишиб, албатта, ушбу олийгоҳдан келажакда яна Имом Бухорий, Имом Термизий каби уламолар етишиб чиқишига ишонч билдирдилар.

Шунингдек, қардош халқлар уламолари таълим сифатини янада ошириш учун ўз тажрибалари билан ўртоқлашди, қўшимча ўқув дарсликларини ўқиш бўйича тавсиялар бердилар.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлган меҳмонлар бу ерда илмий-тадқиқотчиларга қилинган шароит, амалга оширилган хайрли ишлар билан танишиш асносида марказнинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик ва илмий-тадқиқот йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотларга эга бўлишди.

Сафар жараёнлари ва халқаро анжуман ҳақидаги маълумотларни сайтимизда кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бугун, 14 март куни Ўзбекистон муслмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов, вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов, Диний идора иш бошқарувчиси Рустам Жамилов ва бошқа мутасаддилар Самарқандга ташриф буюрган Тожикистон Республикаси делегациясини “Жартепа” чегара масканида кутиб олдилар.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков Самарқанд вилоятида бўлиб ўтадиган анжуманга Афғонистон Ҳаж ва Вақф ишлари вазири бошчилигидаги уламоларни Сурхондарё вилоятида кутиб олди.

Бугун меҳмонлар Самарқанд вилоятидаги муборак қадамжоларни зиёрат қиладилар.

Эслатиб ўтамиз, эртага 15 март куни бўлиб ўтадиган халқаро анжуманда Ўзбекистон, Афғонистон ва Тожикистондаги диний соҳа раҳбарлари, етук уламолар, мутахассис ва мутасадди вакиллар иштирок этади.

Сафар жараёнлари ва анжуман ҳақидаги маълумотларни сайтимизда кузатиб боринг.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси  ва

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати

Янгиликлар

Top