muslim.uz

muslim.uz

الجمعة, 26 أيار 2023 00:00

Тамагирлик – 23 қисм

Инсон нафсининг хасталикларидан бири – ҳирс ва тўймасликдир.

 

Муолажа услуби

Шуни унутмаслик керакки, тамагирлик дунёга муҳаббатни олиб келади, оқибатда, банда ибодатдан завқланиш неъматидан маҳрум бўлади. Аллоҳ таоло одамларни қулликдан озод қилиб яратди, тамагирлик эса инсонларни бир-бирига қул қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолодан хасислик ва қалб муҳрланиб қолишига олиб борувчи тамадан паноҳ сўрар эдилар. Албатта, тамаъ бандани дунёга ошиқ қилади, охиратни эсдан чиқартиради.

Ибн Аббос ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар одам боласининг бир водий тилласи бўлса, у киши икки водий тиллоси бўлишини яхши кўради. Унинг оғзини тупроқдан бошқа нарса тўлдира олмайди. Аллоҳ тавба қилувчиларнинг тавбасини қабул қилади”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. У зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар. Яна бердилар. Сўнгра яна сўрадилар. Яна бердилар. Ҳатто ҳеч нарсалари қолмади. Шунда у зот: Ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффат талаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган, дедилар (Бешовлари ривоят қилишган).

Ўтган солиҳлардан бири айтади: “Тамагирлик қашшоқликдан бошқа нарса эмас. Хасис бой ҳақиқий камбағалдир, қаноатли камбағал эса чинакам бой саналади.

Донишмандлардан бири очкўзликни бундай таърифлаган: “Ичимда очкўзлик пайдо бўлди, нафсимнинг қулига айландим. Агар қаноат қилганимда эди, хотиржам бўлардим”.

Ҳақиқий бойлик молу-дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигидадир. Абу Ҳозим раҳимаҳуллоҳ: Кимда уч нарса бўлса, ақли расо бўлур: ўзини билса, Аллоҳ таоло берган ризққа қаноат қилса ва тилини тийса, деган.

Баъзи уламолар айтадилар:

  • «Агар тамагирликка: Отанг ким? дейилса,
  • Қадарга шак келтириш, дейди.
  • Ҳунаринг нима? дейилса,
  • Хорликни касб қилиш, дейди.
  • Ғоянг нима? дейилса,
  • Маҳрумлик, дейди».

Тамагирлик азизни хор, тамасизлик хорни азиз қилади. Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: Билингки, тамаъ фақирликдир. Тамаъ қилмаслик бойликдир, деганлар.

Мавлоно Жалолиддин Румий очкўз одамга мурожаат қилиб айтадилар:

“Эй фоний дунёнинг ашаддий мухлиси! Фиръавн эга бўлган ёмон хислатлар сенда ҳам бор! Сен ҳам худди у каби кибрли, мағрур, худбин ва мол-дунё тўплашга ўчсан. Бироқ сенда Фиръавн эгалик қилган салтанат ва имкониятлар йўқ, шунинг учун ночор нафсинг ўз хоҳиш-истакларига эрк бера олмаяпти.

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Кимки нафсу ҳаво васвасасидан, ғазабдан ва тамагирликдан сақланса, омонда бўлибди, нажот топибди”.

Абу Абдураҳмон ас-Суламийнинг

“Нафс иллатлари ва уларнинг муолажаси” китобидан

Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси

 

Сингапур Президенти Ҳалима Яқуб хоним Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва бу ердаги музей фаолияти билан танишди.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган халқаро марказда заминимиздан етишиб чиққан буюк алломалар, муҳаддислар мероси тадқиқ этилаётгани, қисқа вақт ичида ўнлаб тарихий китоблар нашр этилгани ҳақида маълумот берилди.  

Музейдаги тарихий ашёлар, турли даврларга оид Қуръон ва бошқа муқаддас китоблар нусхалари, буюк муҳаддиснинг ҳаёти хронологик тартибда ишланган суратлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Сингапур Президенти Ҳадис мактабида ҳам бўлди ва бу ерда фаолият кўрсатаётган ўқитувчилар ҳамда тингловчилар билан суҳбатлашди.

Мактабда ҳадис илмини ўрганаётган ёшлар учун яратилган шарт-шароит ва имкониятларга юқори баҳо берилди.  

Ҳалима Яқуб хоним ҳадис мактаби тингловчилари билан бирга суратга тушди.  

Ғ. Хонназаров,  

Ғ. Ҳасанов,  

Н. Ҳайдаров (сурат), ЎзА

25 май куни “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолиятини янада такомиллаштириш, хайрия ишларини кенгайтириш ва истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш мақсадида, Фонд ходимларининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди. Унда йил бошидан бери фонд томонидан амалга оширилган ишлар, хайрия тадбирлари ва фойдали лойиҳалар кўриб чиқилди.

Шунингдек, кўмакка муҳтож, закотга ҳақдор фуқаролар, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчи ва талаба-ўқувчиларини моддий қўллаб-қувватлаш учун ҳомийларни жалб этиш, вақф мулклари сонини кўпайтириш ҳамда ходимлардан ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан, масъулият билан амалга ошириш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

“Вақф” хайрия жамоат фонди матбуот хизмати

Янгиликлар

Top