Дин ишлари бўйича қўмита
матбуот хизмати
Абу Зарр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Ким бомдод намозидан сўнг бир гап гапиришидан олдин: “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду юҳйи ва юмийту ва ҳува ‘ала кулли шай`ин қодийр”, деб ўн марта айтса, у кишига ўнта яхшилик ёзилиб, ўнта ёмонлик ўчирилади ва ўнта даражага кўтарилади. Шу кунида ёмон кўрган нарсасидан сақланади. Шайтон унга яқинлаша олмайди. Ва шу куни бирорта ҳам гуноҳ қилишга йўлиқмайди. Фақат Аллоҳга ширк бундан мустасно, (Имом Термизий ривояти).
بسم الله الرحمن الرحيم
ИМОМ БУХОРИЙ БУЮК АЛЛОМА
Муҳтарам жамоат! Муҳаддислар султони, Расулуллоҳ с.а.в. ҳадисларининг саҳиҳларини ажратиб, Қуръони каримдан кейинги иккинчи ишончли манба саналмиш “Саҳиҳи Бухорий” номли ҳадислар тўпламини тузган улуғ аллома, имомуд-дунё, олимлар пешвосининг номи бутун дунёда машҳур ва маълум Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳнаф ибн Бардазбиҳ ал-Жўъфий ал-Бухорийдир.
Бу буюк зот Мовароуннаҳрнинг энг кўҳна ва гўзал шаҳарларидан бўлмиш Бухорои шарифда, ҳижрий 194 йил Рамазон ойининг 13-санада, жума куни таваллуд топдилар. Имом Бухорий бутун ҳаётларини, интилиш ва ҳаракатларини ҳадис илмига бахшида этган эдилар. Жуда оз ухлар, уйқудан ташқари пайтларда эса атрофдагилар у кишини ё устозлардан ҳадис эшитаётган ёхуд ёзиб олаётган, ё ўзлари шогирдларга ҳадис айтаётган, ё ёлғиз ўтириб, қўлда қалам билан жамлаган ҳадисларининг нодир жойларини қайд этиб ўтирган ҳолда кўрар эди. У кишининг ҳар бир куни илм олувчи, таълим берувчи ва китоб таълиф қилувчи мақомида ўтарди. Буларнинг гувоҳи бўлган шогирдлари Ибн Абу Ҳотим бундай дейди: “Бухорий билан сафарда бирга бўлиб, бир уйда тунашга тўғри келди. Ўшанда шунинг гувоҳи бўлдимки, у киши бир кечанинг ўзида ўн беш мартадан йигирма мартагача уйғониб, ҳар гал чақмоқ тошни ишлатиб чироғини ёқар, тўплаган ҳадисларининг саҳиҳларини ажратиб, белгилаб қўяр эди. Сўнг чироқни ўчириб, бошини ёстиққа қўяр эди”. Имом Бухорийнинг ҳадис ёдлаш қобилиятлари, зеҳнларининг ўткирлиги тилларда достон бўлиб кетган эди. У киши ўзларининг шоҳ асарлари бўлмиш “Жомеус-саҳиҳ” таълиф қилиш олдидан жами олти юз минг, шундан юз минг саҳиҳ ва икки юз минг саҳиҳ бўлмаган ҳадисни ёд олганларини зикр этган эдилар. У киши “Саҳиҳ”дага ҳар бир ҳадисни қўшиш олдидан ғусл қилиб, сўнг ҳадисни ёзар эдилар. Ҳадис илми равнақи йўлидаги буюк хизматлари учун “Имомуд-дунё” (Дунё имоми) мақомига мушарраф бўлган эдилар.
Замондошларининг гувоҳлик беришларича, Имом Бухорий ҳазратлари жисман нозик, озғин, ўрта бўйли, нафсини бир маромда ушлаган, таомни жуда кам истеъмол қиладиган фазилатли, тамкинли инсонлардан эдилар. У кишининг зуҳди-қаноати ва тақвоси ҳаммага ибрат эди. Имом Бухорий нафс риёзати, тўғрилик ва ҳалоллик билан зийнатланган ва танилган эдилар. Ҳалоллик йўлида ҳар қандай машаққатни зиммага олардилар. Ҳаётларининг энг оғир дамларида ҳам бировдан бир нарса сўрамас, одамлар миннатидан юзларини сарғайтирмас эдилар. Очликнинг қийноқларига чидаб, кўкат ейиш ёки сув ичиш билан чора топардилар. Ваҳоланки, Абу Абдуллоҳ ҳаётда бой одам эдилар, оталаридан жуда катта мол-давлат мерос қолган эди. Аммо у киши охиратдаги ҳисоб-китобда масъул бўлмаслик учун дунё неъматларидан воз кечган эдилар. Бухорийнинг ўзлари айтишларича, ҳар ойда беш юз дирҳам фойда олганлар ва ҳаммасини илм йўлида сарфлаб юборганлар. “Чунки бу сарфиёт Аллоҳ йўлида бўлгани учун энг яхши ва боқий қолувчи сарфиётдир”, деганлар. Имом Бухорий гўзал хулқли, ҳамма ёқтирадиган одам бўлганлар. Муҳаммад ибн Абу Ҳотимнинг айтишича, Имом Бухорий бундай деганлар: “Ғийбатнинг ҳаромлигини билганимдан буён бирор кишини ғийбат қилмадим. Аллоҳга рўбарў бўлганимда бирор кишини ғийбат қилмаганим ҳақида мени ҳисоб-китоб қилмаслигидан умид қиламан”. Бир гал Абу Маъшар исмли бир ожиз кишининг беихтиёр қилган қилиғига қараб табассум қилиб қўйганлари учун бориб ундан кечирим сўраганлар. Бошқа бир пайт камон отишни машқ қилаётганларида отган ўқлари ўша жойдаги кўприкнинг қозиғига тегиб, уни синдириб қўйди. Шунда у киши шогирдларидан бирига пул бериб, кўприк эгасидан узр сўраш ва кўприкни тузатиш харажатига пулни олиш таклифи билан жўнатдилар. Кўприк эгаси Имомга бўлган ҳурматидан эваз олмай, уни ўзи тузатиб қўйишга ваъда берди. Шунда Имом азбаройи хурсанд бўлганларидан шу куни шогирдларга беш юз ҳадис ўқиб бердилар ва уч юз дирҳам садақа қилдилар. Имом Бухорийнинг Аллоҳ таолога бўлган имон-ишончлари ботину зоҳирларидан яққол кўриниб турар эди. Ибодатда бутун қалблари, ҳар бир аъзолари билан хушуъ-хузуъда, ихлос билан Аллоҳнинг Ўзига юзланар эдилар. Доимо Қуръони каримни тиловат қилардилар. Аллоҳ таолога дуолари ижобат эди. Имом Бухорий ҳазратлари ўзларидан улкан илмий мерос қолдирдилар. Ёш бўлатуриб, дунёга машҳур асарларни ёздилар. Хатиб Бағдодий Имом Бухорийнинг шундай деганларини ривоят қилган: “Ўн саккиз ёшга етганимда саҳоба ва тобеинларнинг масала ва қавлларини тасниф қила бошладим... Ўша пайтда “Китобут-тарих”ни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари ёнида ойдин кечаларда тасниф этганман”. Имом Бухорийнинг жами асарлари йигирмадан ошади. Улар орасида “Китобут-тарих”дан ташқари одобга оид бир минг уч юздан ортиқ ҳадисни жамлаган “Адабул-муфрад” алоҳида ўрин тутади. Булардан ташқари, “Китобус-сунан фил фиқҳ”, “Халқу афъолил-ибод”, “Зуафоус-сағир”, “Ал-асмоъ ва куно”, “Биррул волидайн”, “Жомеул-кабир”, “Муснадул-кабир”, “Тафсирул-кабир”, “Китобул-илал” каби йирик асарлар бор. Булар ичида “Жомеус-саҳиҳ” китоби бу асарларнинг гултожи, ҳадис китобларининг энг аълоси ва мукаммали, Имомнинг шоҳ асарларидир. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг вафотлари ҳижрий 256 (милодий 870) йил Рамазон ҳайити кечасида бўлди, ҳайит куни пешин намозидан сўнг дафн этилдилар. Фано дунёсида ўн уч куни кам олтмиш икки йил умр кечирдилар.
Муҳтарам жамоат! Мустақиллик йилларида миллий қадриятларимизга эътибор қаратилди, юртимиздан етишиб чиққан ўнлаб улуғ олимлар қаторида ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратларининг ҳаётлари ва бой илмий меросларини ўрганишга киришилди. У кишининг “Ал-жомеус-саҳиҳ”, “Ал-адаб ал-муфрад” каби асарлари ўзбек тилига ўгирилиб, катта нусхада нашр қилинди. Айниқса, 1998 йили Имом Бухорий таваллудининг 1225 йиллик тўйи кенг нишонланиши муносабати билан у зотга бўлган улкан эҳтиром сифатида Имом Бухорий дафн этилган гўшада муҳташам мажмуанинг барпо этилиши бўлди. Мажмуа таркибида Имом Бухорийнинг мақбаралари, катта жомеъ масжиди, музей ва бошқа иншоотлар барпо этилди. Бир вақтлар бировга кўрсатишга ҳам хижолат бўлинган хароба жойлар бугун бутун Ислом оламининг машҳур зиёратгоҳига айланди. Буларнинг ҳаммаси буюк аждодларимизга нисбатан раҳбариятимизнинг эҳтироми ва муҳаббати самарасидир.
2017 йилда Имом Бухорий мажмуаси ёнида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази қурилиши бошланди. 6 гектар майдонни эгаллаган марказ биносида ҳадис, калом ва қироат илмини ўрганишга мўлжалланган хоналар, қўлёзмалар кутубхонаси, музей ташкил этилади. 2017 йилнинг 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлаб, жумладан шундай деди: “Марказий Осиё Уйғониш даврининг кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида қайд этмоқчиман. Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги энг мўтабар китоб ҳисобланган "Саҳиҳи Бухорий"нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган. Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида биз Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдик. Тошкентда ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳам шу мақсадга хизмат қилади”. Ўз навбатида муҳтарам юртбошимизнинг бу чиқишларини барча мусулмон аҳолиси диққат билан кузатди ва катта қизиқиш билдирди.
Муҳтарам азизлар! Қуйида Имом Бухорий р.а.нинг “Адабул муфрад” китобларида келтирилган ҳадислардан зикр қилиб ўтамиз.
عن أَنسٍ رضي الله عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: "مَنْ أَحبَّ أَنْ يُبْسَطَ لَهُ في رِزقِهِ ويُنْسأَ لَهُ في أَثرِهِ فَلْيصِلْ رحِمهُ".
яъни: Анас р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Ким ризқи кенг ва умри узоқ бўлишини истаса силаи раҳм қилсин (қариндошлик алоқасини боғласин)”.
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: "مِنَ الْكَبَائِرِ شَتْمُ الرَّجُلِ وَالِدَيْهِ" قَالُوا: "يَا رَسُولَ اللَّهِ وَهَلْ يَشْتِمُ الرَّجُلُ وَالِدَيْهِ ؟" قَالَ: "نَعَمْ يَسُبُّ أَبَا الرَّجُلِ فَيَسُبُّ أَبَاهُ وَيَسُبُّ أُمَّهُ فَيَسُبُّ أُمَّهُ".
яъни: Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ал-Ос р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Киши ўз ота-онасини сўкиши кабира гуноҳлардан саналади”. Саҳобалар: Ё Расулуллоҳ! Киши ўз ота-онасини ҳам сўкадими? – деб сўрашди. Расулуллоҳ с.а.в.: “Ҳа, у бошқа кишининг отасини сўкса у ҳам бунинг отасини сўкади. Унинг онасини сўкса, у ҳам бунинг онасини сўкади”, дедилар.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلَا يُؤْذِ جَارَهُ وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيُكْرِمْ ضَيْفَهُ وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوْ لِيَصْمُتْ".
яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса қўшнисига озор бермасин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса меҳмонини ҳурмат килсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса яхши гап гапирсин ёки жим турсин”.
عن أبي هريرة رضي الله تعالى عنه أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: "لَيسَ الشَّدِيدُ بِالصُّرَعةِ إِنَّمَا الشَّدِيدُ الَّذِي يَملِكُ نَفْسَهُ عِندَ الغَضَبِ".
яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Курашда енгган киши кучли эмас, ғазаби келганда ўзини тутган киши ҳақиқий кучлидир”.
Аллоҳ таоло у зотни раҳмати ва ризвони билан сарафроз қилиб, набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳларнинг ёнидан жой берсин! Бошланган янги йилимизни юртимиз ва халқимиз учун хайрлик ва баракотлик, тинчлик ва омонлик йили қилсин!
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги дин ишлари бўйича қўмита мазкур масалага ойдинлик киритди.
Қўмита ахборот хизмати берган хабарга кўра, ҳозирги кунда интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар ҳамда оммавий ахборот воситаларида Ҳаж мавсумининг нархи масаласида билдирилган маълумот фуқаролар орасида турли хил асоссиз муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикасида Ҳаж ва Умра мавсумларини намунали ташкил этиш ишлари “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши қарорлари асосида амалга оширилди.
Ҳаж мавсумига тайёргарлик ишлари Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва Умра ишлари вазири билан бўлиб ўтадиган учрашувдан сўнг бошланади. Ушбу учрашувда ҳаж мавсумини намунали, тартибли ва энг юқори даражада ўтказиш масалалари муҳокама қилинади.
2017 йилда Раҳбарият кўрсатмасига асосан зиёратчилар сони 7200 нафар этиб ва Иккинчи жахон уруши қатнашчиларини давлат томонидан имтиёзли равишда юбориш белгиланди ҳамда мамлакатимиздан жами 7350 нафар фуқаро Ҳаж зиёратини амалга ошириб қайтган эдилар.
Ҳозирги кунда Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ўзбекистон томонининг ҳаж ва умра ишларини ташкиллаштириши, зиёратчиларга қулай шароит яратиш ҳамда кўрсатилаётган хизматларини юқори баҳолаб, дунёнинг ривожланган мамлакатлари Туркия, Малайзия, Индонезия давлатлари қаторида эканлигини таъкидламоқда.
Ҳаж мавсумида ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатиш учун соҳа мутахассисларидан иборат 230 нафар малакали ишчи гуруҳи, гуруҳ раҳбарлари, тиббиёт гуруҳи, ошпазлар гуруҳи сафарбар этилади. Марзкур ишчи гуруҳи ҳаж мавсумида зиёратчиларнинг ибодатларини эмин-эркин ва тўла-тўкис амалга оширишларини таъминлайдилар.
Шунингдек, зиёратчиларимизга муқаддас шаҳарларда жойлашган энг замонавий ҳамда барча шароитларга эга бўлган меҳмонхоналар хизмат кўрсатади. Зиёратчилар нафақат меҳмонхоналарда балки, Мино-Муздалифа-Арафот водийларида ҳам уч маҳал иссиқ овқат, 24 соат иссиқ чой ва тиббий хизмат билан таъминланадилар. Бу хизматлар қўпгина бошқа давлатлар зиёратчиларига кўрсатилмайди.
Январь ойида “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши йиғилишида зиёратчилар томонидан тўланадиган маблағ муҳокама қилинади ва нархи белгиланади.
Шунингдек, 2018 йилги Ҳаж мавсуми зиёратчиларини саралашда унинг моддий ва жисмоний жиҳатдан “Ҳаж” сафарига тайёрлиги, аввал Ҳажга бормаганлиги, ислом дини ва Ҳаж ибодати ҳақидаги тушунчалари, маънавияти, маърифати ва одоб-аҳлоқи, маҳалладаги обрў-эътибори, оиласидаги муҳитнинг соғломлиги ва фарзандларининг ижобий тавсифланиши, маҳалладаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашга қўшаётган ҳиссаси, йўлдан адашганларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, уларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам беришига алоҳида эътибор қаратилади”.
Қўмита ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси фуқароларимиздан мазкур масалаларда мутасадди вазирлик ва идоралар берган маълумотларга эътибор қаратишларини, ҳар қандай нохолис маълумотларга ишониб кетавермасликларини тавсия этамиз.
Дин ишлари бўйича қўмита
матбуот хизмати
“Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ”
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Жаннат хазиналаридан бирини сенга айтайми?” дедилар. Мен: “Ҳа, Ё Расулуллоҳ”, дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” ни айт, у жаннат хазиналаридандир, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Бир аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Менга бир калом ўргатинг, айтиб юрай”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, Аллоҳу акбар кабийро валҳамдулиллаҳи касийро ва субҳаналлоҳи роббил аламин, ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳил азийзил ҳакийм”, деб айт, дедилар.
Даврон НУРМУҲАММАД
тўплади
Мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб этиш, тинчлик ва осойишталикни қадрлаш, Ислом дини таълимотларини тарқатиш ва турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, халқимиз, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни тўғри тарбия қилишда фаоллик кўрсатган ижодкорларни қўллаб-қувватлаш ва муносиб рағбатлантириш мақсадида «Сарҳисоб» танлови ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда.
Ушбу анъанага мувофиқ бугун, 30 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида танловнинг Республика босқичи бўлиб ўтди. Танлов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Тошкент ислом университети ҳамкорлигида ташкил этилди.
Бу йилги танлов ҳар йилгидан ўзгача тарзда ташкил этилди, яъни унинг ҳудудий босқичлари ҳам ўтказилди. 2017 йилнинг 1 январидан 2017 йилнинг
1 октябргача газета ва журналларда босилган, радио орқали эфирга узатилган, телевидениеда кўрсатилган ва Интернет тармоғида эълон қилинган материаллар танловда иштирок этди. Ҳудудий босқич ғолиблари республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Танловнинг республика босқичи «Жаҳолатга қарши – маърифат» шиори остида ўтказилди. Республика босқичи ғолиблари ҳудудий босқичда ғолиб чиққан иштирокчилар орасидан сараланди.
Ғолибларни тақдирлаш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари нутқ сўзладилар. Муфтий ҳазратлари, бугунги кунда юртимиздаги шиддат билан амалга оширилаётган ислоҳотларни ва динимиз равнақи йўлида қилинаётган ишларни ижодкор ходимлар кечаю кундуз, тиним билмай кенг халқ оммасига намойиш этишда жонбозлик кўрсатаётганини алоҳида қайд этдилар. Мўмин-мусулмонлар манфаати, дин ғами ва Ватан тақдирини юрагидан ўтказиб ишлайдиган ижод аҳлининг даъваткор сўзи, ибратли фаолиятига таҳсинлар айтдилар. Ижод аҳли Аллоҳ таолонинг «(Эй Муҳаммад,) Раббингиз йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!..» (Наҳл, 125) деган хитобига амал қилган ҳолда ислом маърифатини тарқатишда янада собитқадам бўлиб, берилган имкониятлардан тўла фойдаланиш даври келганини алоҳида таъкидладилар. Танлов ғолибларига тақдим этилган совғалар рамзий экани, энг олий мукофот эса Яратган Парвардигорнинг ҳузурида бўлишини қайд этиб ўтдилар.
Шундан сўнг, телевидение, радио, матбуот ва Интернет йўналишларида энг яхши деб топилган ижодий ишларнинг муаллифлари ҳамда ушбу йўналишда алоҳида намуна кўрсатган тарғиботчилар қуйидаги йўналишлар бўйича махсус диплом ва қимматбаҳо мукофотлар билан тақдирландилар.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов сўзга чиқиб, ғолибларни қутлар экан, танловнинг бугунги кундаги аҳамияти, ижод аҳлининг самарали меҳнати ва уларни рағбатлантиришнинг фойдали жиҳатлари ҳақида гапирди. Шунингдек, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги директори Лазиз Тангриев сўзга чиқиб, ҳар бир мавзуни ўзининг профессонал мутахассислари ёритиши ҳақида гапириб, бу борада диний соҳа ходимлари, уламолар ва имом-хатиблар жуда фаол иштирок этаётганига алоҳида урғу берди. Шунингдек, у Президентимиз раислигида 29 декабрь куни миллий кино санъатини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили ва бу борада мавжуд муаммоларни ҳал этишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтганини билдириб, Президентимиз буюк боболаримиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Имом Насафий ҳаёти ҳақида ҳам фильмлар олиш кераклигини айтганига алоҳида тўхталди.
“Сарҳисоб – 2017” ғолиблари билан танишинг:
Матбуот йўналиши бўйича:
1-ўрин Одилхон Исмоилов (Тошкент шаҳар «Шайх Зайниддин» масжиди имом-хатиби);
2-ўрин Муҳтарама Улуғова (“Мовароуннаҳр” нашриёти муҳаррири);
3-ўрин Жаҳонгир Жўраев (Дин ишлари бўйича қўмита ходими).
Телевидение йўналиши бўйича:
1-ўрин Ҳайитов Шуҳрат (“Ўзбекистон” телеканали “Маданий-маърифий ва бадиий дам олиш дастурлар” бош муҳарририятининг бош муҳаррири);
2-ўрин Уйғун Ғофуров (Тошкент ислом институти ректори);
3-ўрин Илҳом Маърупов (“Мовароуннаҳр” нашриёти муҳаррири);
Интернет йўналиши бўйича:
1-ўрин Раҳматулла Сайфуддинов (Тошкент шаҳридаги “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби);
2-ўрин Олимхон Юсупов (Самарқанд вилояти “Махдуми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби);
3-ўрин Зоиржон Содиқов (Тошкент шаҳар вакиллиги ходими).
Радио йўналиши бўйича:
1-ўрин Шамсиддин Бауатдинов (Қорақалпоғистон Республикаси мусулмонлари қозиёти қозиси);
2-ўрин Хайрулло Турматов (Тошкент вилояти бош имом-хатиби);
3-ўрин Фарҳод Абдуллаев («Зиё» медиа маркази вакили).
Йилнинг энг фаол тарғиботчиси:
1-ўрин Раҳимберди Раҳмонов (диний идора Масжидлар бўлими мудири);
2-ўрин Нозима Ибрагимова (“Хадичаи Кубро” билим юрти мудираси);
3-ўрин Дамин Жумақулов (“Мовароуннаҳр” нашриёти муҳаррири).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати