Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон “Ҳаж – 2018” ишчи гуруҳи тақдирланди

16 август куни Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида бутун дунёдан келган давлатларнинг ҳожиларга хизмат кўрсатувчи тиббиёт гуруҳлари раҳбарлари иштирокида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Анжуманда ўтган 2017 йилги ҳаж сафари давомида амалга оширилган ташкилий ишлар, ўтказилган амалий тадбирлар ва зиёратчиларда кўп учраган касалликлар ҳақида сўз борди.
Шунингдек, жорий мавсумда Макка шаҳридаги Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида ташкил этилган тиббиёт марказлари ҳамда шифохоналар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.


2018 йилги ҳаж мавсуми давомида Саудия Арабистонининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари ўзбекистонлик зиёратчилар учун ташкил этилган Макка ва Мадина шаҳарларидаги тиббиёт марказлари ҳолати, шифокорлар фаолияти ва тиббий жиҳозларнинг яроқлилигини назоратдан ўтказиб, юқори баҳо беришди. Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, ўзбекистонлик зиёратчилар учун 35 та шифокор, 40 ўринли аёл-эркакка ажратилган стационар ва 4 та тез ёрдам машинаси хизмат қилмоқда.


Қувонарли жиҳати шуки, ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон “Ҳаж – 2018” мавсуми тиббиёт гуруҳи мақтов ёрлиғи билан тақдирланди. Саудия Арабистонининг Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари Ўзбекистон тиббиёт гуруҳи раҳбари, шифокор Алишер Саатовга ушбу ёрлиқ тантанали равишда топширилди.


Мана шундай тақдирланган саноқли давлатлар шифокорлари орасида Ўзбекистон вакилининг бўлиши, айниқса, МДҲ мамлакатлари орасида фақатгина бизнинг юртга тақдим этилгани барчамизга юксак ифтихор бағишлайди.

 

Мақтов ёрлиқларининг таржималари 

Саудия Арабистони Подшоҳлиги
Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ташаккурнома ва эътироф

Маккаи мукаррама минтақасидаги Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси Ўзбекистон Республикаси ҳожиларга хизмат кўрсатувчи ишчи гуруҳининг намунали меҳнатлари учун миннатдорчилигини изҳор қилишдан мамнунлигини билдиради.
Ҳижрий 1439 йилдаги (милодий 2018 йил) ҳаж амалларини муваффақиятли амалга оширишдаги Сизнинг юксак саъй-ҳаракатларингиз ва ташаббусларингизни эътироф этган ҳолда Аллоҳ таолодан Сизнинг келгусидаги ишларингизда улкан зафарларга эриштиришини сўраймиз.

Маккаи мукаррама минтақасидаги соғлиқни сақлаш бош бошқармаси мудири, доктор Воил ибн Ҳамза Мутир

 

Саудия Арабистони Подшоҳлиги
Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ташаккурнома ва эътироф

Макка минтақасидаги ҳаж ишлари муассасалари қўмитаси Маккаи мукаррамадаги соғлиқни сақлаш бош бошқармаси номидан 1439 йил Аллоҳнинг уйига ҳаж зиёратига келган ҳожиларга кўрсатган хизматларингиз учун Ўзбекистон Республикаси ҳаж ишчи гуруҳига чуқур миннатдорлигини изҳор қилишдан мамнун эканини билдиради.

Маккаи мукаррама ҳаж ишлари муассасалари қўмитаси раиси, доктор Талъат ибн Абдулазиз Мунший

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Макка шаҳридан

 
 
Read 3776 times

Янгиликлар

Top