Ўзбекистон янгиликлари

Президент ҳаж сафарига юборган отахон билан дилдан суҳбат

Кеча, 24 август куни Макка шаҳридаги ўзбекистонлик зиёратчилар жойлашган “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида муҳтарам Президентимизнинг тавсияси билан бу йилги ҳаж сафарига келган Сирдарё вилояти Сайхунобод туманилик Бахтиёр ота Тоғаев Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан самимий суҳбат бўлиб ўтди.
Муфтий ҳазратлари муҳтарам Юртбошимиз томонларидан она-Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, ёшлар тарбияси ва адашган кишиларни тўғри йўлга бошлашда жонбозлик кўрсатган фуқароларимизни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ишлари доимо эътиборда эканини таъкидладилар. Жумладан, Сирдарё вилояти Сайхунобод туманилик Бахтиёр ота Тоғаев ва унинг турмуш ўртоғи мана шундай юксак эътиборга тушиб, барча мўмин-мусулмонлар орзу қиладиган ҳаж сафарига келиш бахтига муваффақ бўлганларини муфтий ҳазратлари алоҳида изоҳладилар. Бунинг учун Аллоҳ таборака ва талога шукроналар келтириш, давлатимиз Раҳбари ҳақларига кўп дуолар қилиш лозимлигини айтдилар.
Маълумки, шу йил 13 апрел куни Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида муҳтарам Президентимиз Бахтиёр ота Тоғаевга юзланиб: “Бир эзгу ният қилдингиз, “юртимизнинг тинчлиги, осойишталигага кўз тегмасин”, дедингиз. Барчамиз одамларимизнинг бағрига озгина бўлсада манфаат тегсин, озгина бўлсада тирикчилиги ўзгарсин, деган ниятда яшаймиз. Менинг бир ниятим, истагим бор. Биз сизни оилангиз билан ҳар бир мўмин-мусулмон ният қилган ҳаж сафарига, ўзимнинг ҳисобимдан жўнатамиз”, дея рағбатлантирган эдилар.
Мана шу рағбат амалга ошди, Президентимиз ўз сўзидан чиқди. Бахтиёр ота Тоғаев ва унинг турмуш ўртоғи бу йилги ҳаж сафарига имтиёзли равишда келиб, барча амалларни мукаммал адо этишди. Уларнинг мамнунлиги жуда ҳам улкан. Буни Бахтиёр ҳожи ота қуйидагича изҳор қилди:
– Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, муҳтарам Президентимизнинг тавсиялари билан бу йилги ҳаж сафарига келиш шарафига муяссар бўлдик. Ҳаж амалларини жуда ҳам чиройли шаклда адо этдик. Ҳарами шарифларда, табаррук манзилларида, меҳмонхоналарда, автобусларда, ошхонада ва тиббиёт марказларида кўрсатилган хизматларнинг савияси жуда ҳам юқори бўлди. Муфтий ҳазратлари ва имом-домлаларимизнинг ваъзу иршодлари мунтазам олиб борилди. Биз, қанийди мана шундай мавъизалар доимий бўлса, деган ниятларни қилдик. Буларнинг барчаси учун муҳтарам Президентимизга, муфтий ҳазратларига, ишчи гуруҳларига, шифокорларга ва барча-барча мутасаддиларга ўз ташаккуримизни билдираман ва доимо уларнинг ҳақларига хайрли дуоларда бўламиз. Она-Ватанимизга қайтгач, шахсий ҳаётда, ижтимоий фаолиятда бошқаларга намуна бўлишга, ёшларни фидойи ва ватанпарвар этиб тарбиялашга, адашган инсонларни тўғри йўлга бошлашдек савоб ишларда бор куч-ғайратимизни сарфлаймиз, иншоаллоҳ.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3630 times
Tagged under

Янгиликлар

Top